Дарёдан пул топаётганлар - уларга ҳам қонуний баҳо бериш вақти келди

0 208

Яратганнинг инояти билан она табиат инсониятга бебаҳо бойликларни туҳфа этган. Улардан оқилона, мақсадли йўлларда тежаб фойдаланиш ҳар биримиз учун масъулиятли бурч. Биргина туманимиз бўйлаб оқиб ўтаётган  Зарафшон дарёсининг икки ирмоғи - Оқдарё ва Қорадарё нафақат ҳудудлардаги экологик мувозанатни мўътадиллаштириш, қолаверса қишлоқ хўжалиги ривожида ҳам муҳим ўрин тутади. Хўш, бугун ушбу дарёлар ўзанига аҳолининг муносабати қандай?  Экологик мўътадиллик таъминланяптими?

Айтиш керак ушбу дарёлар бўйлаб экологик ҳимоя қилинадиган ҳудудлар жойлашган бўлиб, бу ҳудудлардаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёси қонун билан ҳимоя қилинади. Шу сабабли ушбу ҳудудларда тегишли ташкилотлар томонидан бериладиган рухсатномаларсиз, белгиланган махсус карьерлардан ташқари бошқа жойлардан қум ва шағал  қазиб олиш мумкин эмас.  

Лекин афсуски, кейинги пайтларда туман ҳудудидан оқиб ўтувчи ушбу дарёлар ўзанидан ўзбошимчалик билан қум ва шағал қазиб олиш ишлари авжига чиқмоқда. Ёз-куз мавсумида қурилиш ишларининг кўпайиши, аҳолининг қурилиш хомашиёси қум ва шағалга бўлган эҳтиёжнинг ортиши айрим қўштирноқ ичидаги ноқонуний фаолият билан шуғулланаётган тадбиркорларнинг тегирмонига сув қуймоқда. Бундай ноқонуний фаолият билан мўммай пул топишни афзал билаётган "шаввозлар" сони тобора ортаётгани ташвишли ҳол албатта. Чунки улар   шахсий техникалари билан ҳеч қандай рухсатсиз, ўзлари ҳоҳлаган жойдан қум ва шағал қазиб дарёлар ўзанига жиддий зарар етказмоқда, ўсимлик дунёси топтамоқда. Ушбу ноқонуний ҳаракатлар оқибатида дарёлар ўзанидан чиқиб, аҳоли яшаш массивлари ва дар­ёга туташ майдонлардаги қишлоқ хўжалик экинларига жиддий хавф солмоқда. 
Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Хўш, дар­ёнинг муҳофаза ҳудуди ва ўзанига жиддий зарар етаётган экан, бу борада экология ва атроф муҳит муҳофазаси билан шуғулланадиган ташкилотлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари, кенг жамоатчилик вакиллари нега бу муаммога лоқайдлик билан қарамоқда?!

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида  Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат инспекцияси туман бўлими мутасаддиларига мурожаат қилдик.


- Инспекциямиз томонидан бу каби ўзбошимчаликларга чек қўйиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда, - дейди Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат инспекцияси масъул ходими Отабек Худойбердиев. - Жумладан, жорий йилнинг 7 ойи давомида ушбу йўналишда 20 га яқин қонун бузилишлари аниқланди. Шундан, 14 та ҳолат бўйича тегишли далолатномалар тузилиб, айб­дорлар жаримага тортилган. Сўнги ўрганишларимиз шуни кўрсатмоқдаки, дарё ёқаларидаги 10 дан зиёд ҳудудларда ноқонуний йўл билан қум ва шағал, тош қазиб олиш ишлари олиб борилаётгани аниқланган. Бу ҳудудларда ходимларимиз томонидан алоҳида назорат тадбирлари олиб борилмоқда. Лекин, тан олиш керакки, бундай "уддабурон тадбиркорлар"ни  ҳамма жойда ҳам йўлини тўсиш, уларнинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйиш анча оғир кечмоқда.


Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат инспекцияси   мулозимининг гапларига қараганда айбдорларга қанча чора кўрилгани билан аҳвол яхши томонга ўнгланаётгани йўқ. Унда нима қилиш керак, деган ҳақли савол туғилади. Балки ўша ноқонуний фаолият билан шуғулланиб келаётган фуқароларни расмий тартибда давлат рўйхатидан ўтказиб, белгиланган тартиб қоидаларга мос равишда қум, шағал қазиш ишларини йўлга қўйиш керакдир!


Ушбу ҳолатларни кўриб ташвишга тушган туман ҳокими Аъзамхон Бахрамов фаоллар билан бўлиб ўтган йиғилишда жамоатчилик вакилларидан кўмак сўраб, бундай ноқонуний ҳаракатларга чек қўйиш вақти келганлиги тўғрисидаги ташаббусни илгари сурди. Аҳолининг қум ва шағалга бўлган эхтиёжи юқори бўлаётган экан, тумандаги бир қатор корхона ва ташкилот масъуллари олдига ноқонуний фаолият билан шуғулланаётган сохта тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиб, белгиланган тартиб бўйича иш олиб боришларини таъминлаш лозимлигини таъкидлаган эди.   


Туман раҳбари томонидан илгари сурилган масалани ўрганиш мақсадида яқинда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти туман бўлими масъуллари туман ҳудудидан оқиб ўтувчи Оқдарё ва Қорадарё соҳилларида қум ва шағал қазиб олинишини ўрганиш бўйича иш олиб боришди. Аниқланишича, барча кўрилаётган сайъи-ҳаракатларга қарамасдан биргина жорий йилнинг 31 июль -1 август кунлари айнан қум ва шағал тош қазиб олиш билан боғлиқ бир нечта қонунбузилишларга дуч келинди. Жумладан, фуқаро Содиқ Сатторов Жонкел маҳалласи Маллиқ қишлоғидан оқиб ўтувчи Қорадарё ўзанидан Учқун Мусурмоновга тегишли бўлган "Самсунг 504Са30" русумли экскватор билан қум қазиб олиб, юк автомашиналарига юклаётган пайтда тўхтатилди. Шуниси қизиқки, бу фуқаронинг ёнидан мавжуд техника воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи бирорта ҳужжат топилмади. Ҳатто ноқонуний иш билан машғул бўлган ҳайдовчида техника воситасига тегишли бўлган ҳужжатларнинг ҳам йўқлиги ушбу масала ҳақиқатдан ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйилганлигини кўрсатади.


 Шунингдек, тумандаги Оқдарёнинг Тарнов маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида фуқаро Дилшод Ражабов ўзига тегишли бўлган "Самсунг" русумли экскватори билан, гўёки фермер хўжалиги даласида ариқ қазиш баҳонасида, буғдойдан бўшаган ер майдонининг ўртасидан ўтиб, дарё ўзанидан шағал тош қазиб олган ва юк автомашиналарига юклаб берган. Қарангки, маҳаллий аҳолининг эътироф этишича, одамлар кўз ўнгида бу ҳолат ҳеч кимни ташвишга солмаган.


Қўшҳовуз МФЙ ҳудудида эса ўзининг исмини яширишга уринган фуқаро томонидан "Самсунг" русумли экскватор ёрдамида  бемалол шағал тош қазилиб, машиналарга юкланмоқда. Ўрганишлар жараёнида ушбу фуқаро техника воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳеч қандай ҳужжат тақдим қила олмаган. Аниқланишича, экскватор туман йўл идораси раҳбари Яздон Рустамовга тегишли бўлиб, у ноқонуний равишда шахсий манфаати йўлида ишлатилмоқда. Чунки, экскватор ҳайдовчисида уни ишга жўнатиш бўйича йўл варақаси ёзилмаган, техниканинг бирорта ҳам ҳужжатлари йўқ.  


Бундай ноқонуний ишларни олдини олишда ташаббус кўрсатиши лозим бўлган айрим давлат корхонаси масъулларининг ҳам "эгри йўлдан" бораётгани кишини ташвишга солади. Тумандаги Э.Қурбонов аҳоли массиви ҳудудидан оқиб ўтувчи Қорадарё қирғоғида туман ирригация тизимига тегишли бўлган экскватор ҳайдовчиси шағал тош қазиб, ҳеч қандай ҳужжатларга эга бўлмаган бир нечта юк автомашиналарига юклаётганига нима дейсиз?!  Бу борада на маҳалла фуқаролар йиғинлари, на ушбу ноқонуний фаолиятни назорат қилувчи идоралар томонидан жиддий чора тадбирлар олиб борилаётганини кўриш қийин. 


Ўтказилган ўрганиш натижалари, жойлардаги вазиятдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, дарёлар минтақаларида ноқонуний қум ва шағал қазиб олиш ва ташиш билан шуғулланувчи шахсларни аниқлаш ва уларга қонуний чоралар кўришда маҳалла, ички ишлар, солиқ идораси ходимлари ва кенг жамоатчилик вакиллари ҳамжиҳатликда жон койитмас экан, ҳали бери бу масалага ечим топилмайди. Ҳудуди бир неча ўн километрларга чўзилиб кетган ҳар иккала дарё минтақаларидаги ушбу муаммоларни бартараф этишга биргина Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат инспекцияси ходимларининг имкони етмайди.


Шуҳрат Қаршиев,
журналист.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ