Болалар насибасини ким “туя” қилмоқда

0 312

     Кейинги йилларда таълимнинг илк босқичи бўлган мактабгача таълим тизимида улкан ислоҳотлар амалга оширилиб, соҳадаги мавжуд муаммолар кескин бартараф этилмоқда. Шунга қарамай Каттақўрғон туман мактабгача таълим бўлими ва айрим мактабгача таълим муассасалари мутасаддилари томонидан ислоҳотлар жараёнига лоқайдлик билан қаралаётгани кишини таажжубга солади.

     Кўрилаётган тезкор тадбирлар ва амалга оширилаётган ислоҳотларга қарамай, тумандаги айрим мактабгача таълим муассасаларида ҳали ҳам кўплаб камчиликларга йўл қўйилиб, эскича қарашлардан воз кечиш қийин кечмоқда. Бу эса келажак авлод фарзандларимизнинг камолига зарар етказмоқда.  
        Бунга мисол сифатида мавжуд мактабгача таълим муассасаларидаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш бўйича ўтказилаётган ўрганишлар давомида кўплаб камчиликларга дуч келинаётгани фикримизнинг исботидир. 
   
       Яқинда Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти туман бўлими, молия бўлими, туман Санитария-эпедемология назорати маркази, “Каттақўрғон ҳақиқати” газетаси таҳририяти билан ҳамкорликда тумандаги 27-сонли мактабгача таълим муассасасида жамоатчилик асосида ўрганиш олиб боришди.

     Мазкур муассасада бугунги кунда жами 147 нафар тарбияланувчи рўйхатга олинган бўлиб, шундан ўрганиш ўтказилган куни боғчада 135 нафар бола борлиги аниқланди. 12 нафар тарбияланувчининг тақдири бирорта ҳам масъулни қизиқтирмаган.

Муассасада иш ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги боис ободонлаштириш ишларига эътибор берилмаган. Йиғилиб қолган чиқиндилар уюлиб ётибди. Ҳаттоки ошхонага кириш жойида бир неча кундан бери йиғилиб қолган чиқиндиларни четироққа олиш ҳеч кимни ташвишга солмаган.
     Ошхонада болажонлар учун тайёрланган овқатга солинган гўшт маҳсулотлари ўрганилганда, уларнинг асосий қисми суяклардан иборат эканини кўрасиз. Суякдан ажратиб олинган лаҳм гўштлар эса нима сабабдандир омборхонадаги музлатгич ичига яшириб қўйилган. 

         Шу кунги болалар учун белгиланган таомнома ҳам тўлиқ тузилмаган. Муассаса ҳамшираси томонидан 12 нафар боғчага келмаган болалар учун ҳам ортиқча маҳсулот сарфи қўшиб кўрсатилган ва номигагина тузилган таомнома муассаса раҳбари ва омбор мудири томонидан тасдиқланмаган. 
       Муассаса омборхонасида маҳсулотларни қайд қилиш дафтари деярли юритилмайди ва шу сабабли озиқ-овқат маҳсулотларининг кирим-чиқими ўз вақтида амалга оширилмаган. Омборхонадаги тартибсизлик туфайли маҳсулотлар бир-бири билан аралиб кетган ва санитар-гигиеник талаблар қўпол равишда бузилмоқда.
     Муассаса ошхонасида қўл ювиш учун совун ва сув йўқ. Мавжуд хоналар тегишли тартибда рақамланмаган. Болажонларга истеъмол учун олиб келинган нон маҳсулоти белгиланмаган жойда сақланмоқда. Ўрганиш давомида болажонлар истеъмоли учун боғчага қабул қилинган бир дона нон маҳсулоти тарозида ўлчаб кўрилганида, унинг вазни атиги 410 грамм эканлиги аниқланди. Лекин, бу нон маҳсулотининг ҳар бири муассасага 500 граммдан кирим қилинган. Шу йўл билан туман мактабгача таълим бўлими мутасаддилари ва муассаса раҳбарияти очиқчасига болажонларнинг насибасини “туя” қилинишига йўл очиб берган. Энг ачинарлиси, болажонларга бериш учун олиб келинган полиз маҳсулотлари лаборатория кўригидан ўтказилганлиги  тўғрисида асос йўқ. Муассасада аҳвол нега бу даражага келиб қолганлигини аниқлаш мақсадида таълим муассасаси раҳбари Гўзал Ражабовага мурожаат қилдик.
    - Тўғриси мен раҳбарлик қилаётган боғчада юзага келган вазиятдан ҳижолатдаман, - дейди муассаса мудираси Гўзал Ражабова. – Таъминот масаласидаги муаммолар юзасидан туман мактабгача таълим бўлими масъулларига бир неча бор мурожаат қилганман. Лекин бўлим томонидан муаммойимизни ечими юзасидан ҳозирча чора-тадбирлар кўрилган эмас. Ҳозирча бўлим томонидан белгилаб берилган таъминотчи корхоналардан берилаётган маҳсулотларни болажонларга беряпмиз. 

    Ушбу ҳолат юзасидан туман мактабгача таълим бўлими масъуллари ҳам “ер чизиш”дан нарига ўтолмади. Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади. Каттақўрғон туманида мактабгача таълим тизимида қачон ўнгланиш бўлади?! Туманнинг манаман деган намунали мактабгача таълим ташкилотига борсангиз ҳам муаммолар гирдобида қоласиз. Балким бу борада жиддий чора тадбирлар кўриш вақти келгандир. Айни пайтда вилоят, туман ҳокимликларининг ташаббуси билан таълим муассасаларидаги аҳволни яхшилаш бўйича Ишчи гуруҳи фаолият олиб бормоқда. Кўрамиз шундан кейин ҳам аҳвол қай даражада ўнгланади. Мавзуга яна қайтамиз.

Ж.Сафаров,
ўз мухбиримиз  




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ