Ҳоким олис қишлоқ одамлари ҳузурига борди

0 458

    Мамлакатимизда “Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири” деган эзгу тамойил устувор вазифа этиб белгиланган. Хусусан, бу борада аҳоли муаммоларига ижобий ечим топиш барча даражадаги раҳбарлар учун дастуриламал бўлмоқда. Каттақўрғон туман ҳокими Аъзамхон Бахрамовнинг Жизмонсой маҳалласида ўтказган сайёр қабули давомида ҳам кўплаб фуқароларнинг муаммоларига ечим топилди. 

    Белгиланган жадвал асосида ўтказилган навбатдаги сайёр қабул туманнинг энг олис Жизмонсой маҳалласидаги 74-умумий ўрта таълим мактабида бўлиб ўтди. Қабул давомида жизмонсойликлар ва шу ҳудудга яқин аҳоли массивларида истиқомат қилувчи аҳоли томонидан йўл таъмири, электр энергияси, уй-жой, тиббий хизмат ва моддий ёрдам каби 40 дан зиёд мурожаат келиб тушди.

    Сайёр қабул аввалида туман ҳокими Аъзамхон Бахрамов йиғилганларга кейинги пайтларда аҳолини турмуш фаровонлигини яхшилаш, одамларни ҳаётдан рози бўлиб яшашлари учун туманда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар кўлами ҳақида ахборот берди. 
    Қабулда фуқаро Вали Каримов ҳудудда мобиль телефон алоқаси йўқлиги юзасидан мурожаат қилди. Унинг мурожаати юзасидан тегишли ташкилотларга топшириқлар берилди. Яқин орада ҳудуд аҳолисига учта мобиль телефонлар учун  тўлқин узатиш мосламалари ўрнатилдиган бўлди.

    Тумандаги Ёви маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Дилсора Мамадиёровага уйда бетоб ётган қайнонаси учун туман ҳокимлиги томонидан шу ернинг ўзида ногиронлик аравачаси берилган бўлса, фуқаро Ойсара Рахмонованинг ногиронлиги бўлган қизига уй шароитида тикувчилик билан шуғулланиш учун Ёшлар иттифоқи туман кенгаши томонидан тикув машинаси билан таъминланадиган бўлди.

    - Саломатлигим ёмонлиги, ишлолмаганлигим туфайли кўп йиллардан буён яшаб турган уйим таъмирга муҳтож эди, - дейди Жизмонсой маҳалласида яшовчи фуқаро Ойбек Хўшоқов. -  Бугунги сайёр қабулда туманимиз ҳокимидан ёрдам сўрадим. У кишига минг раҳмат оилавий шароитимизни тушиниб, биздан ўз кўмагини аямади. Уйимизни том қисмини таъмирлаш учун 150 дона шифер берадиган бўлди. Бунинг учун оддий одамларни дардини тинглаб, уларни муаммоларига бефарқ бўлмаётган Президентимиздан, туманимиз раҳбарларидан беҳад миннатдормиз.
    Туман ҳокими, Халқ қабулхонаси мудири ва сектор раҳбарлари томонидан мурожаатларнинг ярмидан кўпи шу жойнинг ўзида ҳал этилди. Айрим масалалар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора вакиллари томонидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. 

    Сайёр қабул сўнгида туман ҳокимлиги ва ҳомий ташкилотлар томонидан ҳудудда истиқомат қилаётган кам таъминланган оилаларга 50 халта ун ва 50 та газ балонлари бепул тарқатилди.


    Эътирофли томони Умарқул Пўлкан бахши юрти бўлган Жизмонсойда ўтган қабул байрамона кайфиятга уланиб кетди. Қабул ниҳоясида шу қишлоқда яшаб ижод қилаётган республикага машҳур шоирлар Ҳасан Алматов ва Дўстмуҳаммад Дўстлар туман раҳбарларига маҳаллий аҳолининг миннатдорчилигини ўзлари ёзган шеърлари орқали ифода этиб беришди. Учрашув иштирокчилари Ҳ.Алматовнинг “Уйғонди Каттақўрғон” шеърини зўр қизиқиш ва мамнуният билан тингладилар.


                                                                                                      Ўз мухбиримиз




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ