kathaq@mail.ru

Ёнғин хавфсизлигини ким таъминлайди?

Бугунги кунда мамлакатимизда ёнғинларнинг олдини олиш ва уларни
бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Соҳада янги йўналишлар ташкил этилиб, замонавий ахборот-коммуникация
технологиялари жорий этилмоқда. Қуйи тизим ходимларининг жавобгарлиги
оширилиб, ёнғинларнинг олдини олиш бўйича профилактик ишлар кучайтирилмоқда.

Хўш, бу борада соҳа мутасаддилари жамоатчилик розилигига эриша оляптими?

Айтиш керакки, кейинги пайтларда турли даражадаги ёнғинлар келиб чиқиши бирмунча камайган бўлсада, лекин ушбу нохуш ҳодисалар барибир содир бўлмоқда. Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олишга нималар тўсқинлик қилмоқда? Биз бу саволга мутахассис нуқтаи назаридан эмас, ўзимизнинг қарашларимиз орқали жавоб топишга уриндик. Танишишимиз давомида  турли йўналишдаги ташкилот ва муассаларда ёнғинга қарши курашиш воситаларининг ҳозирги кундаги ҳақиқий аҳволи, ёнғинни келиб чиқишини олдини олишга бевосита жавобгар бўлган ташкилот ва муассаса раҳбарларининг бу ишга масъулияти билан қизиқдик.

Ўзимиз танлаган ҳудуд бўйлаб ҳаракатланар эканмиз, дастлаб тумандаги 32-умумтаълим мактабида бўлдик. Мактаб биносини ёнғинга қарши кураш воситалари билан таъминланиш даражаси ачинарли аҳволда. Ўт ўчиришга мўлжалланган кўпик пуркагичларнинг бирортаси ишламайди. Бино ичкарисида эса бундай воситалар умуман йўқ. Ўт ўчиришда ишлатиладиган воситалар сақланадиган қалқон ичига эса 2-3 та ўт ўчириш воситалари номигагина қўйиб қўйилган. 

Қорадарё маҳалла фуқаролар йиғини биносида эса ёнғинга қарши кураш бўйича умуман ҳеч нарсани учратмайсиз. Кўринишидан маҳалла раҳбарлари бу ҳақда ўйлаб ҳам кўришмаган. Йўқса, бутун бошли маҳалла фуқаролар йиғини биноси учун лоақал ўт ўчириш воситалари сақланадиган қалқон ўрнатган бўлишармиди?!

Маҳалла идорасининг шундоққина ёнгинасида туман архив иши бўлими фаолият олиб боради. Маълумки, бу муассасада туманимизнинг деярли бир асрга тенг тарихий ҳужжатлари ва фуқароларга тегишли зарур маълумотлар сақланади. Шу сабабли бу бинода ёнғин хавфсизлигини таъминлаш энг долзарб масала бўлиши керак. Аммо шундай муҳим объектда ёнғин хавфсизлигига оид зарур чора-тадбирлар қониқарли даражада кўрилмаганига нима дейсиз?!
 - Буни биз, архив ходимлари жуда яхши биламиз, - дейди туман Архив иши бўлими мудири Шаҳобидин Қодиров. - Шунинг учун ҳам ёнғинга қарши кураш воситаларини созлигига алоҳида эътибор қаратамиз.
 Бу жавобдан бинода бу борада ҳамма ишлар жойида, деган хулосага келишингиз мумкин. Лекин, аслида бино олдига ранги ўчиб кетган, ичига номигагина у-бу нарса қўйиб қўйилган, бир аҳволда турган ўт ўчириш воситалари сақланадиган қалқонни кўрсангиз, туппа-тузук раҳбарнинг тўқиган "эртакларига" тасаннолар айтасиз.
 Тумандаги 27-сонли мактабгача таълим муассасасида бўлганимизда ёнғинга қарши кураш воситалари сақланишининг мутлақо янги усулига гувоҳ бўлдик. Қарангки, боғчада ёнғинга қарши кураш воситаси сифатида ягона мавжуд бўлган ўт ўчириш воситалари сақланадиган қалқон (агар уни шундай деб аташ мумкин бўлса!) боғча биносининг ичига яшириб, қулфлаб қўйилибди. Қалқон ичидаги хўжакўрсинга қўйиб қўйилган кўпик пуркагич мосламалари (огнетущителлар) мутлоқо ишламайди. Нима сабабдандир қалқон ичига қўйилган мавжуд биргина белкурак дастасининг ҳам ярми кесиб ташланган. Кўринишидан боғча опалар қалқонни катталаштиргандан кўра белкуракнинг дастасини қисқартириш мақсадга мувофиқ деб ўйлаган, кўринади. Қумни ҳам бир халтага солиб қўя қолишибди. Бунисига нима дейсиз?
Иска қишлоғи ҳудудидаги қурилиш материаллари савдоси бозорида қурилиш материаллари тадбиркорлар томонидан шунчалик тартибсиз жойлаштирилганки, агар бирор жойда ёнғин чиқадиган бўлса, ўт ўчириш автомашиналари у жойга етиб боришолмайди. Содир бўладиган ёнғинни эса ўчириб бўлмайди. 
Олов тилсиз ёв эканлигини туманлараро 4-сонли газ таъминоти участкаси Каттақўрғон туман ҳудуди ишчилари бошқалардан кўра кўпроқ билишади. Иш фаолияти давомида улар ёнғин билан боғлиқ кўплаб салбий оқибатларни гувоҳи бўлишган. Лекин, шундай бўлсада мазкур участка ҳудуди маъмурий биносида ёнғинга қарши кураш бўйича амалга оширилган ишлар мутлақо талабга жавоб бермайди. Ўт ўчириш воситалари сақланадиган қалқоннинг ичи деярли бўм-бўш. Унинг ичидаги мавжуд бўлиши керак бўлган жиҳозларнинг бор-йўқлигига ҳеч ким эътибор бермаган. 
ИИБ ЙҲХБга қарашли 1-туманлараро расмийлаштириш ва имтиҳон олиш бўлимида ҳам ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида деярли ҳеч иш қилинмаган. Ўт ўчириш воситалари сақланадиган қалқон эса нимагадир одамлар кўзига яққол кўринадиган жойга эмас, бинонининг орқа томонига жойлаштирилган. Унинг ичида эса ёнғинни бартарф қилиш учун ишлатиладиган ҳеч нарса йўқ. Буни қарангки, маъмурий бинодаги аҳвол унинг атрофида ва бир неча ўнлаб автомобиллар турадиган майдонларда ҳам деярли бир хил. Бўлим раҳбарияти хавфсизлик чораларини кўришни ҳаёлига ҳам келтирмаяпти. 

Қорадарё қишлоқ врачлик пунктида ҳам мавжуд аҳвол бошқаларникидан унча фарқ қилмайди. Назаримизда бинога илиб қўйилган фавқулодда вазиятларда (шу жумладан ёнғин келиб чиққанда) бино ичидаги одамлар ва керакли буюмларни эвакуация қилиш чизмаси бошқа ташкилот учун тайёрланган. Умуман ҳеч ким томонидан тасдиқланмаган ва мавжуд бинонинг қурилиш ҳолатига мутлақо тўғри келмайдиган чизма борми-бор қабилида иш тутилаётганига ҳайрон қоласан киши.

Бу бизнинг ёнғин хавсизлигини таъминлаш бўйича юқорида санаб ўтган ташкилот ва муассасалардаги бир қарашда илғаган камчиликларимиз бўлди. Бундан ташқари, бу камчиликларга кузатув камералари, ёнғин хавфини аниқлаш сигнали мосламаси, сув ҳовузлари, электр жиҳозларининг  хавфсизлиги ҳолати, табиий газ таъминоти ускуналаридаги камчиликларни ҳам қўшадиган бўлсак, мазкур корхона ва ташкилотларда ёнғин хавфсизлиги масаласи эътибордан четда қолганлигига амин бўласиз.
Бу муаммоли масалага ойдинлик киритиш, ёнғин хавфсизлиги масаласи нега эътиборсиз қолаётганини очиқлантириш мақсадида Каттақўрғон туман фавқулодда вазиятлар бўлими 6-сон ёнғин-қутқарув қисми бошлиғи Илҳом Амоновга мурожаат қилдик.  
- Бизнинг ходимларимиз санаб ўтилган ташкилот ва муассасаларнинг деярли барчасида бўлишиб, уларга ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли кўрсатма ва огоҳлантиришлар берган, - дейди Каттақўрғон туман фавқулодда вазиятлар бўлими 6-сон ёнғин-қутқарув қисми бошлиғи Илҳом Амонов. - Ҳаттоки, уларнинг баъзиларига тегишли тартибда жарималар ҳам қўлланилган. Лекин, бу тадбирларимиз ушбу ташкилот ва муассаса раҳбарларига етарли бўлмаяпти.  Қонунда белгиланишича, аслида ташкилотлар ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиши, ёнғиндан сақлаш хизмати мансабдор шахсларининг қонуний талабларини бажариши, ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирларини ишлаб чиқиши ва амалга ошириши, шунингдек уларнинг бажарилиши устидан доимий назоратни таъминлаши, ёнғинга қарши тарғибот ўтказиши ва ўз ходимларига ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирларини қўллашни ўргатиши, ўзига қарашли ёнғинга қарши ҳимоя тизими ва воситаларини, ёнғинга қарши сув таъминоти манбаларини, шу жумладан ёнғинни ўчиришнинг бирламчи воситаларини ишга яроқли ҳолда сақлаши, улардан белгиланганидан бошқа мақсадда фойдаланилишига йўл қўймаслиги, ёнғиндан сақлаш хизмати бўлинмаларига ёнғинларни ўчиришда, шунингдек ёнғин назорати органларига ёнғинларнинг келиб чиқиш ва кучайиш (тарқалиш) сабаблари ҳамда шароитларини аниқлашда, ёнғин хавфсизлиги талабларининг бузилишида ва ёнғинлар келиб чиқишида айбдор шахсларни топишда белгиланган тартибда кўмаклашиши, ўз ҳудудидаги ёнғинларни ўчириш чоғида зарур кучлар ва воситаларни белгиланган тартибда бериши, ёнғиндан сақлаш хизматининг мансабдор шахслари ўз хизмат вазифаларини бажараётганда уларнинг ўз ҳудудига, бинолар, иншоотларга ва бошқа объектларга эркин киришини таъминлаши, ўзига қарашли объектларнинг ёнғин хавфсизлиги ҳолати тўғрисидаги, шу жумладан ўзи ишлаб чиқараётган маҳсулотнинг ёнғин хавфлилиги ҳақидаги, шунингдек ўз ҳудудида содир бўлган ёнғинлар ва уларнинг оқибатлари тўғрисидаги маълумотларни ҳамда ҳужжатларни ёнғин назорати органлари мансабдор шахсларининг талабига кўра тақдим этиши, келиб чиққан ёнғинлар, мавжуд ёнғинга қарши ҳимоя тизимлари ва воситаларидаги носозликлар тўғрисида, йўллар ва тор кўчаларнинг ҳолати ўзгарганлиги ҳақида ёнғиндан сақлаш хизматига дарҳол хабар қилиши, кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизматининг фаолиятига белгиланган тартибда кўмаклашиши шарт.

Таҳлилларга қараганда, туманимиз ҳудудида ёнғинлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан камайган. Албатта, ушбу ижобий натижага эришишда тарғибот-ташвиқот ишларининг аҳамияти катта. Аммо, ёнғинлар натижасида инсонларнинг тан жароҳат олиши ва ҳалок бўлиш ҳолатлари ҳамон қайд этилаётганлиги ташвишланарли ҳолат ҳисобланади. Бундай нохуш ҳолатларнинг аксариятига фуқароларнинг ўзлари айбдор бўлаётганлиги ҳам ачинарлидир. Оддий ёнғин хавфсизлиги қоидаларини билмаслик ёки билиб туриб эътиборсиз бўлиш аянч­ли оқибатларга сабаб бўлмоқда. Энг ачинарлиси, ёнғинлар натижасида инсонлар қурбон бўлмоқда. Шу сабабли, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масаласи қўл силтаб қўядиган масала эмаслигини унутмайлик.

Ўйлаймизки, тумандаги барча ташкилот, корхона ва муассаса раҳбарлари ҳамда   туман ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ходимлари одамлар ҳаёти ва соғлиғи, юридик ҳамда жисмоний шахслар мол-мулкини "тилсиз ёв"дан ҳимоя қилишда профилактик тадбирларга алоҳида эътибор қаратишлари лозим. Ёнғин хавфсизлигига масъул мутасаддилар корхона ва ташкилот мутасаддиларига жарима солиши ёки огоҳлантириши билан масалага ечим топилмайди. Бу борада давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, чиройли ва шинам кабинетдан чиқиб одамлар орасига кириб ишлайдиган вақт келди.
Ғафур Қаршиев,
Жаҳонгир Сафаров,
ўз мухбирларимиз.
 
Хато топдингизми?

Сичқонча ёрдамида хато қисмини танланг ва CTRL+ENTER тугмачаларини босинг.

Кўрсатилган ойнада муаммони тавсифланг ва маъмуриятга хабарнома юборинг.

Бошқа хабарлар

Самарқанддан экспорт қилинаётган пиёз
Iqtisodiyot

Самарқанддан экспорт қилинаётган пиёз ..

Пиёзнинг шифобахш хусусиятлари жуда кўп. Илмий тиббиётда пиёз ўсимлигининг доривор...

1 ноябрдан нималар ўзгаради?
Долзарб мавзу / Siyosat

1 ноябрдан нималар ўзгаради? ..

Ҳар йили ноябрда “Кексалар учун туризм ойлиги” ўтказилади Ҳукумат қарорига кўра, ноябрь...

Изоҳ қолдириш

image

Календарь

«    Октябрь 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 
image

Сайтимизнинг янги кўриниши сизга ёқдими?