Инсон шаъни дахлсиз ўйламасдан гапирманг

0 159

Маълумки, инсоннинг озодлиги, шаъни ҳамда қадр-қиммати бебаҳо ва дахлсиз қадрият сифатида улуғланади. Шунга кўра, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни қонунан муҳофаза қилинган. 
 

Конституциямизнинг 25-моддасида "Ҳар кимнинг эркинлик ва шахсий дахл­сизлиги", 27-моддасида "Шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ҳуқуқи" кафолатланган. Шунингдек, ушбу йўналишда Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 12 декабрдаги "Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида"ги Қонуннинг 13-моддасига мувофиқ жисмоний шахс­нинг розилигисиз унинг шахсий ҳаётига таълуқли ахборотни, худди шунинг­дек шахсий ҳаётига таълуқли сирини, ёзишмалар, телефондаги сўзлашувлар, почта, телеграф ва бошқа мулоқот сирларини бузувчи ахборотни тўплашга, сақлашга, қайта ишлашга, тарқатишга ва ундан фойдаланишга йўл қўйилмайди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги қонунини 6-моддасида эса "Оммавий ахборот воситалари орқали фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини таҳқирлаш, шахсий ҳаётига аралашиш тақиқланади" каби нормалар мавжуд. 

Афсуски, ҳозирги кунда фуқаролар томонидан ушбу тартиб-қоидаларга риоя қилмаслик натижасида ижтимоий тармоқларда инсонларнинг шахсий ҳаётига дахлдор маълумотлар, хабарлар ва шунинг асосида хулосалар тар­қатиш учрамоқда. Ушбу ҳолатлар эса, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига асосан, шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз, қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тар­қатиш, энг кам иш ҳақининг қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Бу қилмиш маъмурий жазо қўлланилгандан кейин яна содир этилган ҳолларда, Жиноят кодексининг 1411-моддасига асосан, энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланади. Борди-ю, ўша ҳаракатлар оғир оқибатларга олиб келса, ғаразли ниятларда амалга оширилса, хавфли рецидивист томонидан содир этилса, айбдор энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жаримага тортилади ёки унга нисбатан уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилишга сабаб бўлади. 

Шундай экан, фуқароларимизнинг юқоридаги салбий ҳолатларга тушмасликлари учун ўзгалар шаъни ҳақида гапириш ёки маълумот тарқатишдан олдин қонунчилик нормалари ҳақида ҳам ўйлаб кўришлари лозим.

Р.Нурматов,
туман адлия бўлими 
етакчи маслаҳачиси.  




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ