Файзикентликлар ҳокимдан рози бўлишди

0 142

Фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказиш ва жойлардаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида Каттақўрғон туман ҳокими Аъзамхон Бахрамов  Файзикент маҳалласида сайёр қабул ўтказди. 

Файзикент маҳалласи туманнинг олис ҳудудларидан бири бўлиб,  1600 га яқин аҳоли истиқомат қилади. Шуни айтиш керакки, туманннинг бошқа массивларига нисбатан ушбу ҳудуд анчагина ривожланишдан орқада қолаётгандек. Шу сабадан ушбу ҳудуддаги айрим фуқароларда боқимандалик кайфияти барқарор бўлиб қолмоқда. Маҳалла фуқароларининг йиғилиб қолган муаммоларни жойида бартараф этиш мақсадида ташкил этилган қабул давомида мавжуд муаммо ва камчиликларни ижобий ечимини топиш йўллари маслаҳатлашиб олинди. Бу борада ҳар бир ташкилот ва муассаса ҳамда маҳаллий аҳоли олдида турган асосий вазифалар белгилаб берилди. 

Туман ҳокими Аъзамхон Бахрамов аҳоли билан очиқ мулоқотга киришар экан, ободлик, аввало кўнгилдан, остонадан бошланишини яна бир бор таъкидлаб, туман ҳокимлиги томонидан амалга оширилаётган барча сайъи-ҳаракатлар халқимизга енгиллик яратиш, уларни ҳаётдан рози бўлиб яшашлари учун қилинаётганини айтиб ўтди. Шунингдек, амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида аҳолининг фаоллигини ошириш, керак бўлса уларни том маънода уйғотиш кераклигини уқтирди. 

Шунингдек, қабулда аҳолининг асосий даромад манбаи ҳисобланган томорқалардан фойдаланишнинг аҳволи ҳам ҳавас қиларли даражада эмаслиги танқид қилиниб ўтилди. Мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, ҳудудда иссиқхоналар ташкил қилиш, чорвачиликни ривожлантириш, айниқса наслли чорва зотларини кўпайтиришга алоҳида эътибор бериш кераклиги уқтирилди. Маҳаллада осойишталикни сақлаш, турли кўринишдаги салбий ҳолатларни бартараф этиш, айниқса, ичкиликбозликка қарши курашиш, оилавий жанжалларни бартараф этиш, ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш каби тадбирлар ҳам маҳалланинг фаровон бўлишида алоҳида ўрин тутиши эътироф этилди. 

Сайёр қабул давомида маҳалла ҳудудидаги муаммоларни жойида бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, маҳаллада жойлашган 29-умумтаълим мактаби биноси жуда эскириб қолган эди. Шу сабабли ушбу мактаб ўқувчилари янги ўқув йилидан бошлаб фаолияти тугатилаётган Қўштепа агросервис касб-ҳунар коллежи биносида ўқишни давом эттириши белгиланди. Мактаб биносидан самарали фойдаланиш мақсадида 100 ўринлик давлат мактабгача таълим муассасаси фаолияти йўлга қўйиладиган бўлди. 

Маҳалла аҳолисини табиий газ билан таъминлаш имконияти жуда кам. Шу сабабли бу ҳудуддаги 4 та хонадонга яқин кунларда  тажриба тариқасида гўнг ва чиқиндилардан биогаз олиш мосламаси олиб келиб ўрнатилиб, синовдан ўтказиш бўйича тавсия берилди. Агар ушбу ғоя ўз самарасини берса, аҳолининг табиий газга бўлган эхтиёжи ўз ечимини топади.


- Ёшим 84 да, шу ёшга кириб инсон қадрини бу қадар эъзозланганини кўрмадим, - дейди кекса отахон Рахматилла ҳожи Отақулов.  - Мана қисқа икки йилда туманда кўп йиллар давомида ўз ечимини кутаётган муаммолар бартараф этилмоқда. Мана бугун ҳам ҳокимимиз қабул давомида қийин шароитда таълим олаётган фарзандларимизга қулайлик яратиш мақсадида тугатилаётган муҳташам коллеж биносини мактабга берилишини айтиб, нафақат ёшларни ота-оналарни ҳам хурсанд қилди. Мактабга олиб борувчи йўлнинг иккала томонидан махсус пиёдалар йўлаклари қуриш лозимлиги ҳақидаги таклифим ҳокимга маъқул келди ва масъулларга топшириқ берди. Насиб бўлса ушбу муаммойимиз ҳам тез кунларда ўз ечимини топади.
                                                                             

         Ўз мухбиримиз.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ