Андишанинг юзи тўсилса...

0 172

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг яқинда Каттақўрғон шаҳридаги сайёр қабулида шу пайтгача кузатилмаган даражада кўп мурожаат бўлди - 472 та!

Албатта, вилоят ҳокими шунча одамни эшитди, демоқчи эмасман, у кишининг ёнида вилоят прокурори, ДХХ бошлиғи, ички ишлар бош­қармаси бошлиғи, Каттақўрғон шаҳри ва тумани ҳокимлари ҳам одамларнинг мурожаатларини тинг­лашди. Бундан ташқари бу ерда ҳозир бўлган вилоят судлари раислари, МИБ раҳбари, солиқ, соғ­лиқни сақлаш, коммунал хизматлар, сувоқова, электр, газ, сув ва бошқа идоралар раҳбарлари ҳам ўз соҳаларига тегишли бўлган мурожаатларни "ҳокимга етказмай" ҳал қилишга ҳаракат қилишди. Аммо, шунча билан ҳам вилоят ҳокими 100 дан ортиқ одамни шахсан ўзи эшитиб, жуда кўп муаммоларни ё жойида ҳал қилди ёки ечимини кўрсатиб, тегишли мутасаддиларга муаммони ҳал қилиш борасида аниқ топшириқлар берди. Айрим қишлоқларни ичимлик суви билан таъминлаш, ички йўлларни асфальтлаш каби бир қанча талабларни шахсан ўзи ҳал қилиш учун қабул қилди.

Мен эса бунақа сайёр қабулларда одамларни ўрганаман, қизиқ характерларни кашф қиламан, одамлардаги кейинги ойларда рўй бераётган ўзгаришларни кузатаман, хулосалар қиламан. Каттақўрғонда ҳам мени ажаблантирган ҳолатлар бўлди...

Биринчи ҳолат. Ўша аёл яна келди! Онаси билан. Бошқа тумандан. Менимча, энди бу аёл вилоят ҳокими сайёр қабулни Шимолий Кореяда ўтказса ҳам боради. Яна ўша гап: бер, бер, бер!   Вилоят ҳокими дастлабки қабулларда унинг бечораҳоллигига ачиниб, бир-икки идора раҳбарларига "Ёрдам беринглар, қийналиб қолибди", деган бир оғиз гапи билан туман ҳокими ўн миллион сўм ёрдам берди. Аёл яна келди. Уйини таъмирлаб беришди. Аёл яна келди. Хотин-қизлар раҳбари "тўлиб-тошиб" борди. Аёл яна келди. Бир оилага бериш мумкин бўлган ҳамма нарсани беришди. Йўқ, аёл келаверади, бер дейверади...

Иккинчи ҳолат. Яна бир аёл келган. У ҳам бошқа тумандан. У ҳам бер, дейди. Вилоят ҳокими ўша туман хотин-қизларининг каттасини чақирди. У ҳам борини айтиб қўя қолди. 
- Ҳоким бобо, ўлай агар, қизимга шунча сеп қилмайман, бу кишига олиб бориб берган нарсам бир КамАЗга сиғмайди! Иш сўрайди, аммо ишлашни истамайди, эллик ерга ишга қўйдим, биттасига ҳам кўнгил қўймайди, ўз ўрнимни берайми?
- Эрингиз борми? - сўради вилоят ҳокими.
- Эрим бўлса, шундай юрармидим, қайси туманга борсангиз, орқангиздан чопиб? - деди аёл.
- Ҳа, бу аёлдаги муаммоларнинг ечими бошқа жойда экан, - деди ҳоким. - Бунинг муаммоларини биз адо қилолмаймиз...

Учинчи ҳолат. Бир ёш аёл малака оширишга борибди. Пуллик экан. Бир миллион сўм. Шуни тўлаб беринг, дейди. Эри бор, ота-онаси бор, ака-укаси бор. Одамлар майдалашаяпти. Олдин 50-60 миллион сўрашарди, энди бир миллионни ҳам ҳокимдан ундирмоқчи бўлишаяпти.
- Менинг ҳам бола-чақам бор, - деди ҳоким. - Сизларнинг миллионларингизни тўлаб бераверсам, рўзғоримни қандай боқаман?

Тўртинчи ҳолат. Бир йигит уйини таъмирлаб беришларини сўради. Соппа-соғ. Ҳаёли ҳам жойида. Оёқ-қўли бутун. Тавба, нимага унинг уйини бошқалар таъмирлаб бериши керак экан? Ортидан эргашиб, ўзига шу саволни бердим.
- Уйим ана, - қўли билан нарироқдаги уйни кўрсатди йигит. - Қарасам, ҳамма йиғилиб ётибди. Нима гап экан, деб чиқиб келсам, ҳамма ҳокимдан бир нима ундириш пайида экан. Навбатга турдим. Нав­батим келгунча оғзимга келгани шу бўлди, уйимни таъмирлаб беришларини сўрадим. Шунчаки, қизиқчиликка сўрадим, аммо ёрдам берамиз, дейишди. Ҳар нима, унгани-да, ошна!

Бешинчи ҳолат. Бир ўқитувчи келди. Каттақўрғоннинг Жизмонсойидан. Асабий. Гаплашганида биров билан урушаётгандай, лаблари учиб гапиради. Аввал ҳам кўрганман. Ҳар келганида аниқ кимнидир ишдан олишларини талаб қилиб келади. Бугун ҳам Жизмонсой тарафлардаги мактаблардаги битта ҳам ўқитувчи талабга жавоб бермаслигини, ҳаммасининг билими пастлигини, директорлар қариндошларини ишга олганини, мактаблар таъмирланмаган, ҳаммасини ўт босиб ётганини айтиб, вилоят ҳокими ишдан олиши шарт бўлган директорлар рўйхатини тутди. 
- Охири Жизмонсойдаги ҳамма мактабда сизнинг бир ўзингизни қолдирамиз, шекилли? - деди вилоят ҳокими аммо барибир шикоятни ўрганишни туман ҳокимига шахсан юклади.

Олтинчи ҳолат. Энг умумий ҳолат. Вилоят ҳокими аввалбошдан "Эринг боринг, азамат ўғилларинг, ака-укаларинг боринг уй сўраб келма, текин уй йўқ", деб эълон қилишига қарамасдан худди ана шунақа аёллар текин уй сўраб, кўплаб мурожаат қилмоқда. "Арзон уйлардан берамиз, дастлабки тўловини тўлайсиз", дейилса, "Дастлабки тўловини тўлашга ҳам қурбим етмайди", дейишади. "Майли, дастлабки тўловини ўзимиз тўлаб берамиз, қолганини тўлайсиз", дейилса, "Қолганини қандай тўлайман?" дейишади. Тавба, тавба, теппа-текин уй шунчалик кўпми? Қаерда ўша теппа-текин уй, мен ҳам битта олай?!
Текин уй сўраётганларнинг кўпчилиги эридан нолийди. Эрининг ишёқмаслигидан, ношудлигидан нолийди. Бугун ҳам биттаси эри олти ойдирки, Россияда экани, пул юбормаётганини айтди. Мана шунақа аёлларни кузатиб, кўнглимдан бир ўй ўтади. "Ҳар бир буюк эркакнинг ортида буюк бир аёл туради", дейди донишмандларимиз. Мен сайёр қабулларни кузатиб, бошқа бир фикрни айтгим келади: 
- Қўлини чўзиб келган ҳар бир аёлнинг ортида номард бир эркак туради!

Еттинчи ҳолат. Ягона ҳолат. Биргина аёл ҳеч қандай шикояти йўқлигини айтиб, кейинги бир йил ичида бўлаётган улкан ўзгаришлар, яхшиликлар, раҳбарлар уйма-уй юриб, одамларнинг муаммоларини ўрганаётгани, кўп муаммолар жойида ҳал қилинаётгани учун вилоят ҳокимига ташаккур изҳор қилди. Ва дарҳол кетди!

Саккизинчи ҳолат. Бекорга ташаккур изҳор қилган аёл дарҳол кетди, демадим. Бир қанча одамлар вилоят ҳокими билан учрашгандан кейин ҳам кетмади. Шу атрофда юрди. Майли-да, бу бир истироҳат боғи экан, юради-да, Каттақўрғонда сайёр қабул ҳар куни бўлиб ётибдими, ёр-дўстларини кўради, бегонаю гонани кўради, дедим. Аммо улар сайил қилишмади, ҳокимга айтган дардларини атрофда бўлган бошқа раҳбарларга ҳам бирма-бир айтиб чиқишди. Буни мен ўзимча баҳоладим. Фанда қувватхўрлик деган тушунча бор. Бир  тоифа одамлар ўз дардини бошқаларга айтиш билан бошқаларнинг қувватини сўриб олади. Ўзлари эса, қанча кўп одамга дардини айтгани сари шунча енгиллашиб бораверади. Хусусан, "бер-бер" деб тўймаган она-бола аёллар камида 30 кишига, ҳатто бегона одамларга, ўзлари каби мурожаат билан келган ғирт бошқа туманлардан келган аёлларга ҳам кўрган-кечирганларини бошидан охиригача айтиб беришганига гувоҳ бўлдим.

Хулоса. Вилоят ҳокимининг сайёр қабуллари нега қилинаяпти? Ҳоким халқимиз бугун кечагидан, эртага бугунгидан кўра яхшироқ яшасин, деяпти. Халқимнинг дардига малҳам бўлай, уларни яқиндан билай, имконим етгунча улар бахтлироқ яшашлари учун ёрдам берай, деяпти. Аммо буни суистеъмол қилиш яхши эмас. Сайёр қабулларга бир нима ундириб қолай, деган ниятда бориш яхши эмас. Мен "Ҳоким бобо, менга имкон беринг, иш ўрни яратаман, хал­қимга хизмат қиламан", деган, "Имкон беринг, қишлоғимда бир нима қураман", "Халқим учун бир қулайлик яратаман, мана, лойиҳам бор, шунга ёрдам беринг", деган мард йигитларни кўрмаяпман. 

Энг ачинарлиси, ҳар бир қабул ногиронлик аравачасидаги инсонларнинг мурожаати билан бошланмоқда. Кўзи ожиз, биринчи гуруҳ ногрионларининг мурожаати билан бошланмоқда. Бир неча ёш, эмизикли болаларини кўтариб олган аёлларнинг мурожаати билан бошланмоқда. 


Менимча, сайёр қабулга эртага бориши аниқ бўлган инсонлар уйда, оила даврасида яна бир марта "Шу ишимиз тўғрими?" деб маслаҳат қилиб оладиган пайт келди.


Булар менинг ўта шахсий фикр­ларим, мен хато фикрлаётган бўлишим ҳам мумкин. Гапим ёқмаганлардан узр сўрайман. Аммо халқимиздан ориятни йўқотмасликни, икки қўлни чўзиб олиб, "бер-бер", деявермасдан, бу қўлларни озгина ишлатишларини ҳам сўраган бўлардим. 

К. Тўрамуродов,
журналист.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ