Санитар аҳвол қачон ўнгланади?

0 210

Ҳудудларда санитария-эпидемиологик ҳолатларни барқарор сақлаш ҳамиша долзарб масалалардан бири бўлиб келган. Айниқса, озиқ-овқат хавфсизлиги бу борада энг муҳим жиҳатлардан ҳисобланади. Шунингдек, умумиий овақтланиш масканларида таом  тайёрлаш жараёнларида санитария меъёрларига амал қилиш, кўчаларда чиқиндилар учун махсус жойлар бўлиши, бозорларда сотувчиларнинг ҳам мавжуд талабларга риоя қилиши санитария ҳолатини сақлашда асосий омиллардандир.

Бунинг учун ҳудудларда фаолият юритаётган давлат санитария-эпидемиология назорат марказлари етарлича назорат олиб бориши ва санитария ҳолатни барқарор сақлаш учун зарур чора-тадбирларни амалга ошириши лозим.
Хўш, бу борада Каттақўрғон туманида ҳолат қандай? Туман ДСЭНМ функционал вазифаларини бажараяптими? Умуман, тумандаги санитария ҳолати қониқарли аҳволдами?

Шу саволларга жавоб топиш мақсадида туман ҳудудидаги кўчалар, умумий овқатланиш масканлари ва бозорларни айландик.
Тўғриси, тумандаги антисанитар ҳолатларни кўриб, бу борада тегишли ташкилотлар томонидан умуман назорат йўқлиги, айниқса туман ДСНЭМ зарур чоар-тадбирларни олиб бормаётганлиги ва ўзининг функционал вазифаларини бажармаётганлигига гувоҳ бўлдик. Акс ҳолда туманда санитария ҳолати бу кабии аянчли ҳолатга келиб қолмасди.

Хусусан, бозор ва унинг атрофидаги умумий овақатланиш масканларини олайлик. Турли таомлар тайёрланадиган ва хўрандалар учун ажратилган жойлар умуман санитария талабларига жавоб бермайди.

Бозорларда сотилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан ҳам шундай салбий ҳолатни кузатиш мумкин. Шундоққин ерга қўйилиб савдо қилинаётган маҳсулотларнинг бирортасида лаборатория текширув хулосаси йўқ. Аслида бу маҳсулотлар танлаб олинган ҳолда махсус текширувдан ўтгандан кейин савдога қўйилиши керак. Афсуски, туманда бу каби тартиб ва меъёрларга ҳеч ким амал қилмаяпти. Масъул ташкилотлар мутасаддилари эса уйқуда.

Маълумки, ушбу маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги давлат бошқарувини соғлиқни сақлаш, давлат санитария-эпидемиология назорат марказлари, ветеринария, ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги томонидан амалга оширилади.
Айни пишиқчилик палласида бу масалага янада жиддий эътибор бериш талаб этилади. Сабаби, бу даврда мевалар, полиз экинлари пишиб етилади ва бозорларда бу маҳсулотларнинг савдоси янада авжига чиқади. Қовун-тарвуз савдосини ёз кунларида бозорлардан ташқари, ҳар қадамда учратишимиз мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 532-сонли қарорига мувофиқ,бозорлар, савдо ташкилотлари ва бошқа савдо объектларида полиз маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотларини қабул қилиш, сақлаш ҳамда реализация қилиш учун ветеринария участкалари ва бозорлар ветеринария-санитария экспертиза лабораториялари томонидан ветеринария-санитария экспертизаси ва лаборатория таҳлилларидан ўтказилиб, хулоса берилади.
Шунга кўра, ҳозирда деҳқон бозорлари ҳудудида сотилаётган полиз маҳсулотлари хавфсизлик кўрсатгичларига текшириш ва реализация қилишга рухсат берувчи маълумотнома ёзиб бериш ваколати фақат Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси тасарруфидаги деҳқон бозорлари қошида жойлашган ветеринария-санитария экспертиза лабораториялари (ВСЭЛ) томонидан амалга оширилмоқда. Ушбу лабораторияларда таҳлиллар ўтказилмаса ёки таҳлил натижалари меъёрларга жавоб бермаса, қишлоқ хўжалиги, жумладан, полиз маҳсулотларини бозорлар, савдо шохобчаларига олиб кириш ва сотиш қатъий  тақиқланади.

Бозорлардан ташқари жойларда полиз маҳсулотларини сотиш фақат  маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланган дислокация бўйича ажратилган жойларда амалга оширилиши ҳамда ҳудудий ВСЭЛ маълумотномаси билан сотилиши лозим.

Шундай экан, туман ветеринария бўлими мутасаддилари нега бу борада тегишли чораларни олиб бормаяпти?

- Бўлимимиз ходимларига туманнинг барча ҳудудлари бўйича бириктирилган, - дейди туман Ветеринария бўлими бошлиғи Абдимўмин Пайзиев. – Улар ҳудудларда сотилаётган гўшт маҳсулотлари, полиз маҳсулотлари ва сабзавотларни истеъмолга яроқлилиги бўйича лаборатория кўригидан ўтказиб, сотишга рухсат беришлари керак. Афсуски, ҳақиқатдан ҳам ҳамма жойда тартиб ўрнатилган, дея олмаймиз. Гоҳида сотувчилар томонидан, гоҳида ветеринар ходимларимиз томонидан масъулиятсизликларга йўл қўйилиб, текширувдан ўтказилмаган маҳсулотлар сотилмоқда. Бу борада имкон қадар йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни бартараф этишга ҳаракат қиляпмиз.  

 Пайшанба шаҳарчасидаги бир қатор қовун-тарвуз савдоси билан шуғулланаётган “тадбиркор”ларни бирортаси ўзлари сотаётган маҳсулоти сифати тўғрисида маълумотга эга эмас. Ўзини Матлуба опа деб таништирган сотувчи қовун-тарвузлар ветеринар лабаротория кўригидан ўтганми, деган саволимизга ҳайратона нигоҳ ташлади. Унинг айтишича бирор киши текширувдан ўтказиш тўғрисида огоҳлантирмаган ҳам.
Яна тумандаги умумий антисанитария ҳолатига масаласига қайтадиган бўлсак, бу борада масъул бўлган туман давлат санитария-эпидемиология маркази ўзи нима иш билан шуғулланмоқда деган савол туғилади.

Ушбу саволга жавоб топиш мақсадида туман ДСЭНМ бош врачи Убайдилло Сағдуллаев билан суҳбатлашдик ва мутасаддига тегишли саволлар билан мурожаат қилдик. Бозорлар ва умумий овқатланиш масканларидаги антисанитар ҳолатлар юзасидан саволлар бердик. Тўғриси, берилган жавоб бизни янада ажаблантирди.

«Президентимиз икки йил тадбиркорлар фаолиятига аралашманглар   деган. Бозорлар ва умумий овқатланиш масканларида охирги икки йилда умуман текшириш олиб борганимиз йўқ», – дейди масъул раҳбар.

Қойиле, жавобни ва савияни қаранг. Ахир, Президентимиз икки йил тадбиркорлик фаолиятига аралашманглар деган бўлса, иқтисодий ҳолат, аудит ва тадбиркорлик фаолиятига тўсиқ бўлаётган ортиқча бошқа сунъий текширувларни назарда тутган. Буткул ботқоққа ботиб, антисанитар ҳолатда аҳолига хизмат кўрсатса ҳам жим томошабин бўлиб тур, демаганку!
ДСЭНМ бош врачининг кулгули важини минг афсуски, у бизга берган маълумотлар ҳам тасдиқлаб турарди. Туманда бозорлар ва умумий овқталаниш масканларида 2018 йил ва жорий йилнинг шу даврига қадар умуман санитария назорати ва текшируви олиб борилмаган.

Хўш, унда бу ташкилот нима иш билан шуғулланади? Туман ДСНЭМ бош врачи Убайдилло  Сағдуллаевни таъкидлашича, эмлаш жараёнларини ташкил қилар экан ва қурилишларга хулосалар берар экан.


Туман ДСЭНМ бош врачи туманда санитар аҳволни яхшилаш ўрнига бизга турли важларни қалаштириш, атрофи антисанитар аҳволга келиб қолган идорасини эски бинода жойлашганлиги, олиб борилаётган таъмирлаш ишлари ҳақида соатлаб гапиришдан кўра, тумандаги мавжуд антисанитария ҳолатини бартараф этиш, ўзларининг функционал вазифасини англаб олсалар мақсадга мувофиқ бўларди!!! 


Ўрганиш давомида маълум бўлдики, туманда сантиар аҳвол қониқарли даражада эмас. Масъул ташкилотлар бу борада ўзларига белгиланган вазифаларни умуман бажармаяпти.


Бу эса турли юқумли ксалликлар билан боғлиқ оғир ҳолатларни келтириб чиқариш хавфини орттиради. Зеро, «Кўза кунда эмас, кунида синади». Буни туман Санитария ва эпидемиология назорат марказидаги масъул мутасаддилар унутган кўринади.

Ғолиб АБДУСАЛОМОВ,
журналист
.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ