Замонавий боғдорчилик истиқболи

0 179


Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида боғдорчилик муҳим тармоқлардан бири. Кейинги йилларда соҳага кириб келаётган инновация, жумладан, интенсив боғлар ташкил этилаётгани экспортбоп мева маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кенгайтирмоқда. Бу борада тумандаги "Умидли яшил боғи" фермер хўжалиги томонидан ҳам эътиборга молик ишларга қўл урилган.

"Умидли яшил боғи" фермер хўжалиги Пахтакор аҳоли массиви ҳудудидаги 10 гектар майдонда замонавий усулда парвариш қилишга мослашган олма, шафтоли, нок меваларидан иборат интенсив боғ ташкил этганига ҳали унча кўп вақт бўлгани йўқ. Боғ майдонини тайёрлаш, унга сер¬ҳосил, пакана ва ярим пакана мевали дарахт ниҳоллари экиб, тўлиқ кўкартириб олиш ҳамда кўчатларни парвариш қилиш учун хўжалик аъзолари туну кун самарали меҳнат қилишди. Боғ атрофи темир тўсинлар ёрдамида сим тўрлар билан ўралди. Замонавий усуллардан фойдаланган ҳолда суғоришнинг янги, тежамкор тизими яратилди. Ниҳоллар оралиғига техникалар ёрдамида ишлов берилиб, дарахтлар зараркунандаларга қарши дориланди. 


- Бу кўриб турган боғингизни барпо қилишнинг ўзи бўлгани йўқ, - дейди биз билан суҳбатда фермер хўжалиги раиси Баҳодир Бозоров. - Бунинг ортида машаққатли меҳнат, сабр-тоқат ва анчагина моддий маблағ турибди. Бу борада Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши қошидаги "Ёшлар - келажагимиз" жамғармасининг 450 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредит маблағини ҳам жалб қилганмиз. Насиб бўлса, ниҳолларимиз яқин йилларда ҳосилга киради. Етиштириладиган маҳсулотларнинг асосий қисмини четга экспорт қилишни режалаштирганмиз. 

Фермер хўжалиги аъзолари дарахт ниҳоллари орасидаги ер майдонидан ҳам унумли фойдаланиб келмоқдалар. Бу майдонларга полиз ва бошқа сабзавотлар экиб, халқимиз дастурхони тўкинчилигига ўз ҳиссаларини қўшишга астойдил бел боғлаган. Шу билан бирга хўжаликда 40 та асалари оиласи ҳам парваришланмоқда.

Ҳа, қалбида ёшлик шижоати жўшиб турган бу ҳамюртимиз нафақат ўз оиласи, юртимиз фаровонлигига ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Ж.Сафаров,

ўз мухбиримиз.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ