Тараққиётнинг нурли пиллапоялари

0 273

Тарихий Миёнқол ороли тексликларида қўним топган Каттақўрғон тумани уста деҳқонларию қўли гул ҳунармандлари, довруғи дунёга кетган ҳолвапазларю пазанда нонвойлари билан донг таратган. Бир томони Нурободнинг кенг адирликлари, бир томони Қўшработнинг оқ тоғ тизмалари билан туташиб кетган туманда кейинги икки йил ичида барча соҳаларда улкан ислоҳотлар жараёни бошланган. Яқин ўтмишда самарасиз, дея қаровсиз аҳволга ташлаб қўйилган майдонларда бугун энергия тежамкор кичик корхоналар, замонавий иссиқхоналар бунёд этилмоқда.


Давлатимиз раҳбари сўнгги бор Самарқанд вилоятига ташрифлари чоғида вилоятда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг  бориши билан яқиндан танишиш асносида галдаги вазифалар юзасидан берган кўрсатмаларида Каттақўрғон туманининг салоҳияти ҳақида ҳам тўхталиб, мавжуд барча имкониятлардан самарали фойдаланиш орқали аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш лозимлигини эътироф этган эдилар.

Хўш, бу борада ўтган давр мобайнида туманда қай даражада эътиборга молик ишлар амалга оширилди.

Йўл қурган аслида етар муродга 

Бундан икки йил илгари Тошкент-Бухоро (М 37) халқаро магистрал йўлидан туман маркази Пайшанба шаҳарчаси томон бориладиган йўлдан ўтган бўлсангиз яхши биласиз. Ўйдим-чуқур ва тунлари зим-зиё бўлган кўчалар ҳар қандай киши кўнглини ранжитар аҳволда эди. Ўтган йили туманда олиб борилаётган  қурилиш-бунёдкорлик ишлари ана шу йўлни равон йўлга айлантиришдан бошланди. 11 километрлик ушбу асосий серқатнов йўл мукаммал таъмирланиб, тунги ёритгичлар ўрнатилди. Йўл атрофи ободонлаштирилиб, ўзгача қиё­фага келтирилди. Қуёш ботиб, атрофни қоронғулик чулғаганда  қишлоқ йўлида эмас, шаҳарнинг ёп-ёруғ марказий кўчаларидан бирида кетаётгандек сезасиз ўзингизни. 
Туманда сўнгги бир йил ичида ички йўлларни тартибга келтириш, таъмирлаш борасида ҳам катта ишлар бажарилди. Биргина "Обод қишлоқ" Давлат дастури бўйича Мундиён , Валижон, Муллакўрпа қишлоқларида 20 километр йўлни тўлиқ таъмирдан чиқариш кўзда тутилган. Қисқа фурсатда 3 километрдан зиёд йўл таъмирдан чиқарилиб, 4,6 километр узунликда пиёдалар юришига мўлжалланган йўлаклар қурилди. 100 га яқин тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. 2018 йилда эса  жами  38,8 километр йўлга асфальт ётқизилиб, 39,5 километр ички йўл таъмирланган. Бунинг учун 13 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди. 

Йиллар давомида йўл қурилиш ишлари хўжасизларча эътибордан четда қолганлиги боис, муаммоларнинг тўпланиб қолганлиги ҳеч кимга сир эмас. Шундай бўлсада туманда йўл қурилиш соҳасида босқичма-босқич олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари муаммолар салмоғини кескин камайтирмоқда.

-Туманнинг 60 йиллик тарихини яхши биламан, - дейди  меҳнат фахрийси, таниқли пахтакор Ғайбулло Рўзиев. - Лекин кейинги 30 йил ичида ҳозиргидек йўлларни таъмирлашга, тартибга келтиришга бу қадар катта эътибор қаратилганини эслай олмайман. Қишлоқлардаги нотекис, ноқулай йўллар текисланиб, тартибга келтирилмоқда. Тош тўкилиб, асфальтланмоқда. Албатта, барча йўлларни биратўла таъмирлашнинг ўзи бўлмайди. Бугун туманимиз раҳбарлари ўз қишлоғи, маҳалласи ободлиги йўлида қайғураётган инсонларга албатта ўз ёрдам қўлларини чўзмоқда. Бир аччиқ ҳақиқатни айтиш керак, яқин икки йил олдин туман маркази Пайшанба шаҳарчаси чанг тўзон ичида қолганини бир кўз олдингизга келтиринг. Тунги ёритиш масаласини гапирмасак ҳам бўлади. Бугунчи, бугунги равон йўллардан одамларнинг розилиги чексиз.

Бир келиб кетинг, қишлоғимизга...

Ўтган йили туманда иккита қишлоқ "Обод қишлоқ" дастури асосида қайта таъмирланиб, ободонлаштирилди. Бу йил эса Мундиён, Валижон ва Муллакўрпа қишлоқларида кенг кўламда қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Учта қишлоқда  жами 7 минг 400 га яқин аҳоли дастур шарофатидан баҳраманд бўлишади. Ушбу қишлоқларда электр, газ ва ичимлик суви таъминотини яхшилаш, мактаблар ва боғчалар, шифохоналар, якка тартибдаги уй-жойларни мукаммал таъмирлаш, автобус қатновини йўлга қўйиш, ирригация-мелиорация объектларини қуриш ва тартибга келтириш ишлари жадал олиб борилмоқда. Дастурда белгиланган ишларни амалга оширишда юзлаб юртдошларимиз фаол қатнашмоқда. Муҳими шундаки, бу ишларни бажаришга маҳаллий аҳоли, фермерлар ва тадбиркорлар ҳам ўз ҳиссаларини қўшиш­япти. 
- Бизнинг узоқ тарихга эга Мундиён қишлоғимиз ҳам "Обод қишлоқ" дастурига киритилганидан қишлоқ аҳли беҳад хурсанд бўлди, - дейди меҳнат фахрийси  Баҳром Рўзиев. - Нуронийлар ташаббуси билан ҳашарлар уюштирилиб, хайрли ишга ўз ҳиссамизни қўшаяпмиз. Тарғибот-ташвиқот ишлари кучайтирилгани боис, дастур ижроси давомида ёшлар бандлигини таъминлаш, томорқа майдонларидан унумли фойдаланиш, иссиқхоналар барпо этиш, чиқиндиларни ташиб чиқариш, ҳовлилар, жамоат жойларини ободонлаштириш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, янги-янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш шахобчалари қурилиши масалалари ҳам ижобий ҳал этиляпти.
Ҳа, бир сўз билан айтганда туманда обод манзиллар сони тобора орт­моқда.


"Кумуш тола" дунёга юз тутмоқда

Туманда пиллачиликни ривожлантириш имкониятлари катта бўлсада, етарли эътибор берилмагани, соҳага фан ютуқлари олиб кирилмагани, айниқса, пиллакорларнинг меҳнати муносиб рағбатлантирилмаганлиги боис, ипакчилик соҳаси камдаромад соҳалар қаторига тушиб қолган эди. Кейинги икки йилда соҳа ривожига бўлган алоҳида эътибор катта ривожланишлар палласини бошлаб берди. 
Биргина жорий йилда 5 380 қути ипак қурти парваришланиб, 295,8 тоннадан зиёд ипак хомашёси етиштирилди. Мавсум давомида 4 200 дан ортиқ оилавий звенолар ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшдилар.
"Кумуш тола" хусусий корхонаси ташаббуси билан бу йил туманда  18 та   алоҳида пиллахона тайёрланиб, уларда 10-20 қути уруғ марказлашган ҳолда парваришланди. Бу усул ўзини тўла оқлади. Масалан, шу усулда 23 қути ипак қуртини парвариш қилган "Миришкор омад даласи" фермер хўжалиги ишчиси Алижон Мавлонов оиласи ва яқинлари билан мавсумнинг ўзида 32 миллион сўм  даромад олишга эришди. 
- Кейинги йилларда пилла боқишдан даромад ололмаганимиз учун ундан совиб кетгандик, - дейди "Зарқўрғон" маҳалласида яшовчи М. Турсунова. - Бу йил келинларим билан уйимизда ипак қурти боқиб, 3,5 миллион сўмдан зиёд даромад олдик. Олдинлари йил бўйи далада ишлаб ҳам бунча даромад қилмаганмиз. Энди пиллачилик билан доимий шуғуланамиз.    

Пиллачилик ривожи йўлида туманда 68 гектар янги тутзорлар барпо этиш билан бирга, дала четлари, йўл бўйлари, ташландиқ жойларга эрта баҳорда 1 миллион 523 минг туп тут кўчатлари экилган. "Кумуш тола" хусусий корхонаси тўлиқ техник ва технологик модернизация қилинди. Натижада пиллани қайта ишлаш, ипак толасини йигириш, ипакли матолар ишлаб чиқариш, пиллачилик қолдиқларини қайта ишлаб ипак момиғи, тайёр кийим-кечаклар, истеъмол буюмлари, ипак гилам ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Корхонада жорий йилда 40 тоннадан зиёд ипак маҳсулот ишлаб чиқариш ва хорижга сотишдан 2 миллион АҚШ доллари миқдорида даромад олиш режалаштирилган. Бу ўтган йилдагига нисбатан 1,25 баравар кўпдир. Муҳими, иш кўлами ва ҳажми ошгани, янги қувватлар ишга туширилгани боис бу ерда меҳнат қилувчилар сони 120 кишига етди. Уларнинг аксариятини ёшлар ташкил қилади.


Деҳқоннинг косаси оқарадиган бўлди

Туманда илк бор бу йил фермер хўжаликларида кластер усулида пахта етиштиришга киришилди. Яъни қишлоқ хўжалиги соҳасида катта бурилиш ясалмоқда. Замонавий пахтачлик-тўқимачилик кластерини ташкил этиш мақсадида "KAT­TA­KURGAN CLUS­TER" масъулияти чекланган жамияти шаклидаги корхона фаолияти йўлга қўйилди. Унга 11 044 гектар ер майдони ажратиб берилди. Ушбу ҳудудларни қамраб олган агромажмуада 640 та янги иш ўринлари  яратилади.
- Ташкил этилган кластер тизими пахта хом ашёси етиштиришдан уни тайёр маҳсулотга айлантиришгача бўлган жараённи қамраб олади, - дейди ушбу корхона раҳбари Отабек Мансуров. - Шу мақсадда хўжаликлар моддий-техник базасини яхшилаш, пахтачиликдаги илғор усулларни жорий қилиш орқали йил якунида ажратилган майдонлардан 29 минг тоннадан кўпроқ пахта ҳосили йиғиб олиш кўзда тутилган. Ушбу ҳосилни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотга айлантириш мақсадида туманда ип йигирув фабрикаси қурилиши режалаштирилган.  Фабрика 2020 йилнинг тўртинчи чорагида ишга туширилса, 2022 йилда эса матони бўяш ва унга гул босиш линияси ҳам фойдаланишга топширилиши кўзда тутилмоқда. 
Корхонада меҳнат унумдорлигининг юқори бўлиши, сарф-харажатларнинг камайиши, маҳсулотнинг харидоргир бўлиши ва бошқа афзалликлар туфайли ҳар бир ишчи-ходимларнинг моддий манфаатдорлиги ҳозиргидан анча юқори бўлади. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, Каттақўрғон туманида амалга оширилаётган бу улкан лойиҳа туман иқтисодиётини юқори даражага кўтариш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, ҳудуднинг қиёфаси, қишлоқларнинг жамоли обод ва кўркам бўлишига замин ҳозирлайди.
    

Инвестициявий муҳит жилоланмоқда

Туманда раҳбарлар тез-тез алмашгани учунми ёки туманни тақдирига масъул бўлган мутасаддиларнинг эътиборсизлиги туфайлими кўп йиллар давомида хорижий инвестицияни олиб кириш, қўшма корхоналар бунёд этишга етарли эътибор қаратилмаган. 2017 йилда туманга бир доллар ҳам хорижий инвестиция жалб этилмаган. Бу борада ўтган йили туб бурилиш ясалди. Туманни комлекс ижтимоий-иқтисодий риавожлантириш дастурига асосан 2018 йилда 3 та йўналишда (саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш) қиймати 51,9 млрд. сўмлик, жами 158 та лойиҳа, дастур лойиҳасидан ташқари умумий қиймати 25,2 млрд. сўмлик 31 та лойиҳа амалга оширилди ва 930 та янги иш ўринлари яратилди. 368,5 минг АҚШ долларига тенг инвестиция жалб этилди. Тумандаги 11 та лойиҳага Халқаро молия ташкилотлари томонидан жами 3 млн. 109 минг долларлик имтиёзли шартлар асосида кредитлар ажратилди. 
- Жорий йилда шу борадаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари Бекмирза Эшмурзаев. - 2019-2020 йилларда туманга жами 220,7 миллион  АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилиниши режалаштирилган. Жумладан, Хитой инвестицияси иштирокида йилига 2,4 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга завод қурилиши бошлаб юборилди. Унинг йилига 1,2 миллион тонна цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган биринчи босқичи  2020 йилда ишга туширилади. Бунинг учун 220 млн. АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри инвестиция жалб этилмоқда. Иккинчи босқич 2020-2023 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган бў­либ, унга 200 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилади. Ушбу йирик лойиҳа туфайли туманда 1000 га яқин  янги иш ўринлари яратилади.
Бундан ташқари "Stoun hol­ding group" МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон-АҚШ қўшма корхонаси ташкил этилди. Натижада 1 миллион 120 минг АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция ўзлаштирилиб, мармар плиталар ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш имконияти яратилди. Ушбу йўналишда 2019 йилда 14 та лойиҳа шакллантирилган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 13 млн. 470 минг АҚШ долларни ташкил этади. Шундан 10 млн. 720 минг доллари Халқаро молия ташкилотларининг кредитлари ҳисобланади. Туман тарихида биринчи марта умумий майдони 8 гектар бўлган 4 та замонавий иссиқхона, 700 бош зотли қорамолни парваришлашга мўлжалланган 3 та чорвачилик комплекси, умумий сиғими 10,5 минг тонна бўлган 4 та музлатгичли омборхона, 80 гектар майдонда интенсив боғ ташкил этиш каби истиқболли лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда.   
Туман ҳокимининг қарорига кўра Пайшанба шаҳарчасининг А.Навоий маҳалласи Оромгоҳ кўчасида заҳирадаги 1,65 гектар майдонда "Кичик саноат зонаси" ташкил этилмоқда. Ушбу ҳудудда ҳозир умумий қиймати 15 млрд. 740 миллион сўм бўлган 9 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Улар орасида "Батон, булка  маҳсулотлари" МЧЖ га қарашли нон ва нон маҳсулотлари цехи, "Озод голд нон" МЧЖ  таркибидаги мих ишлаб чиқарадиган цех, автомобилларга бутловчи ва эҳтиёт қисм­лар, йилига 5 минг дона аккумулятор ишлаб чиқарадиган "Кобальт бизнес" корхоналари фаолияти йўлга қўйилиб, туманнинг саноат салоҳиятини юксалтириш йўлида залворли ишлар олиб борилмоқда.

Чирой очаётган янги Пайшанба

Пайшанба шаҳарчаси ҳам ўз ўтмиши, ўз тарихийлигига эга маскан. Асрлар давомида пайшанбалик ҳунармандлар, айниқса, ошпазлар, нонвойлар, ҳолвагарлар, уста-дурадгорларнинг довруғи   элда танилиб келган. Бу ерда тайёрланган мазали нон, патир, майиз, кабоб, сомса ва ҳоказо таомлар мезбону-меҳмонларга, каттаю-кичикка манзур. Юксак хизмат маданияти, меҳмондўстлиги, озодаликни хуш кўриши ҳам ҳурматга лойиқ. Аммо бу мўъ­жаз масканнинг таш­қи қиёфаси, яшовчиларга яратилган қулайликлар, кўча ва майдонларнинг аҳволи, савдо ва хизмат шахобчаларининг тарқоқлиги, торлиги, бетартиб қурилишлар шаҳарча кўркини бугунги кун талабларига мос келмаслигини тақазо этди.
Шу сабаб 2019 йилнинг 25 февралида туман ҳокими Аъзамхон Бахрамов "Каттақўрғон тумани Пайшанба шаҳарчаси Алишер Навоий ва Амир Темур кўчалари ҳамда Кадан маҳалласи чорраҳасидаги мавжуд турар ва нотурар жой бино-иншоотларини қайта қуриш ва реконструкция қилиш тўғрисида" қарор қабул қилди. 
- Туман ҳокими томонидан   юқоридаги қарорнинг қабул қилиниши бежиз эмас, - дейди туман архитектура ва қурилиш бўлими бошлиғи Суҳроб Тўхтамуродов. - Шаҳарча ва унинг атрофида қурилган бино ва иншоотлар бундан анча йиллар олдин қурилган ва тартибсиз жойлашиб қолган. Ташқи кўриниши бугунги замонавий меъморчилик ва шаҳарсозлик талабларига мутлақо жавоб бермайди. Шу сабабли жорий  йилнинг 22 февраль куни туман ҳокимлиги, тегишли идора ва муассасалар, ташкилотлар ҳамда бир гуруҳ тадбиркорлар иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда ушбу масала атрофлича муҳокама қилинди. Пайшанба шаҳарчаси А.Навоий ва А.Темур кўчалари ҳамда Кадан маҳалласи марказидаги мавжуд турар ва нотурар жойлар бино-иншоотлари архитектуравий ечимга эга бўлмасдан тартибсиз қурилгани, биноларнинг олд кўриниш қисмлари шаҳарсозлик талабларига жавоб бермаслиги, бинолар олдида автомобиллар тўхташ жойлари ташкил этилмаганлиги оқибатида асосий кўчаларда тирбандликлар юзага келаётгани, аксарият бинолар қурилишида ёнғин хавфсизлиги ҳамда санитария талаблари   ҳисобга олинмагани сабабли ушбу ҳудуддаги бино ва иншоотларни замонавий архитектура талаблари асосида капитал реконструкция қилиниши ва қайта қурилиши зарурлиги ҳақидаги таклиф йиғилиш қатнашчилари томонидан якдиллик билан маъқулланди.
Айни пайтда замонавий ло­йиҳалар асосида қурилиш, бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.

Орзулар рўёби

Кундалик турмуш ташвишлари, ишдан ҳориган ҳар қандай киши оиласи, фарзандлари билан ҳордиқ чиқаришни ҳоҳлайди. Номигагина фаолият кўрсатиб келган Истироҳат боғи ўтган йили реконструкция қилиниб замонавий дам олиш масканига айлантирилди. 
- Марказий истироҳат боғи кўп йиллар давомида эътибордан ­четда қолиб кетган эди, - дейди "Маҳалла" хайрия жамоат фонди туман бўлими раиси Муҳид­дин Тешаев. - Боғда сув таъминоти бўлмагани сабаб, унинг ҳудуди қақраб ётар эди. Ўтган йили ­туманимиз ҳокими Аъзамхон ­Бахрамовнинг ташаббуслари билан ушбу масканда улкан бун­ёдкорлик ишлари олиб борилди. Ҳозирда ушбу маскан туманимиз аҳолисининг севимли ҳордиқ ­чиқариш масканига айланган. Ўйноқи мусиқий фавворалар, ­болажонлар учун ўрнатилган ­аттракционлар, ям-яшил ўт-ўланлар ва анвоий гуллар ҳар қандай киши кайфиятига кўтаринкилик улашади. 
Ҳа, бир пайтлар бирор кишини учратиш мушкул бўлган боғда бугун деярли ҳар куни турли учрашувлар ва кўнгилочар тадбирлар ташкил этилмоқда. Жўш­қин мусиқа садоларига монанд кўкка сапчиётган фаввора атрофи одамлар, айниқса болажонлар билан гавжум. Асосийси, туман аҳли замонавий қулайликларга эга масканда ҳордиқ чиқаришаётганидан беҳад мамнун.


Шинам уйлар турмушимиз кўрки

Туман марказидаги М.Улуғбек маҳалласи ҳудудида жойлашган кўп қаватли уй-жойларда яшаётган аҳоли кейинги йилларда ўзларига бошқа жойдан бошпана қидириб қолишгани айни ҳақиқат. Чунки ушбу кўп қаватли уй-жойларда яшаш учун умуман шароит йўқ эди.
- Ўтган йили туман ҳокими бошчилигидаги Ишчи гуруҳи ушбу уй-жойлардаги шарт-шароитларни ўрганиб, қатъий чора-тадбирларни белгилаб олишди, - дейди туман уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бошлиғи Дилшод Мўминов. - Ишлаб чиқилган "Йўл харитаси" га кўра уйларнинг том қисмларини металл профилли тўшамалар билан қопланиши, уйларда иссиқлик тизими, ичимлик суви ва канализация тармоқларининг ишга туширилиши, маҳаллий аҳоли томонидан ноқонуний ва ўзбошимчалик билан қуриб олинган қурилишларнинг ўрнида болалар майдончалари, асфальт йўллар, гулзорлар, пиёдалар йўлакчалари барпо этилгани ушбу уйларда истиқомат қилиб келаётган кўплаб юртдошларимизнинг азалий орзулари ушалишига сабаб бўлди. 
Бу қилинган ишларга ҳамоҳанг равишда ҳудудда яқин икки йил ичида яна бир нечта кўп қаватли уйлар бунёд этилди. Кўп йиллардан буён уй-жойга муҳтож бўлган оилалар янги уйларга кўчиб ўтишди. Эътиборлиси, улар орасида кам таъминланган, иқтисодий имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган фуқароларимиз ҳам бор. Ҳозирда ҳам кўп қаватли янги турар-жойлар қурилиши давом этмоқда. Атрофни тўлиқ ободонлаштириш, керакли инфраструктура объектларини қуриш ишлари якунига етказилмоқда.

Ташаббусда акс этар ҳаёт

Давлатимиз раҳбарининг шу йил март ойида илгари сурган бешта ташаббуси ижросини таъминлаш юзасидан туманда олиб борилаётган ишлар кўлами ҳар қандай киши қалбига ўзгача ғурур ва ифтихор бахш этади. 
- Туманимиз раҳбарининг ташаббуслари билан барча мактабларга китоблар совға қилиш, ёшлар ўртасида китоб мутолааси маданиятини юксалтириш, иқтидорли ўқувчиларни кашф этиш ва уларнинг истеъдодини  ўстириш, ўғил-қизларни санъатга, спортга, театр ва бадиий ижодга кенг жалб қилиш чора-тадбирлари кўриляпти, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари Собир Мингбоев. - Бугун туманимизда қай бир фуқаро билан суҳбатда бўлманг, яратувчанлик, бунёдкорлик ишқи билан яшаётганига гувоҳ бўласиз. Замонавий спорт-соғломлаштириш масканлари, ўқув-тарбия муассасалари, болалар боғчалари барчаси халқимизнинг орзу интилишлари йўлида хизмат қилмоқда.  
Ҳа, Каттақўрғон тумани чин маънода тараққиётнинг нурли пиллапоялари орқали дадил илдамламоқда. Бугун қай бир фуқаро билан суҳбатлашманг уларнинг юз-кўзларида туманда амалга оширилаётган ислоҳотлардан розилик аломатини англайсиз. Асосийси, улар қалбида амалга оширилаётган ишларга ҳамо­ҳанглик ва дахлдорлик туйғулари мужассам.

Шухрат Қаршиев,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ