Имкониятлар ишга солинмоқда

0 73

Бугунги кунда экологик вазиятнинг мураккаблашуви ёшларнинг, хусусан, мактабгача таълим ёшидаги болажонларнинг соғлиғи, жисмоний, ақлий ва руҳий ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Бунинг олдини олишда умумривожланиш ва профилактик чора-тадбирларни йўлга қўйиш ор­қали уларни соғломлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим.


Мактабгача таълим муассасаларида тарбияланаётган болажонларни соғломлаштиришда ёзги мавсум тадбирлари муҳим аҳамият касб этади. Бунда тарбияланувчилар кўп юриши, чопиши ва сакраши, турли қум, лой ўйинлари ўйнаши, чўмилиши ва қуёш нурларида тобланиши самаралироқ. Шунинг учун ҳам ёзги соғломлаштириш мавсуми давомида болажонлар саломатлигини муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлаш, болаларнинг шикастланиши ва касалланишини олдини олиш, табиат қўйнида ўтказиладиган  ҳиссий ва когнитив ривожланишини таъминлаш, болаларнинг билим, кўникма ва малакаларини мустаҳкамлашга йўналтирилган таълимий-тарбиявий жараённинг самарали йўлга қўйилиши фойдали.


Бунинг учун эса ҳаво, қуёш, сув каби табиий омиллардан кенг фойдаланиш ҳисобига болаларни соғломлаштириш ва жисмоний ривожлантиришга қаратилган тадбирлар тизимини амалга ошириш, болаларнинг соғ­лом турмуш тарзи ва билимга бўлган қизиқишни ривожлантириш, хавфсиз ҳатти-ҳаракат кўникмаларини такомиллаштириш, табиат қўйнида меҳнатни ташкил этиш, билиш фаолияти, ота-оналар ўртасида тарбия ва соғломлаштириш масалалари бўйича педагогик ва санитария-тарғибот ишларини амалга ошириш, ёзги даврда уларни болалар билан биргаликдаги тадбирларга жалб қилиш орқали эришиш мумкин.   


Тумандаги мактабгача таълим муассасаларида айнан, ёз фаслида болаларнинг очиқ ҳавода кўпроқ сайр қилишлари, танасини чиниқтириши, ҳаракатда бўлиши ва саломатлигини мустаҳкамлаши учун қулай ва зарурий шарт-шароитлар яратилганми? Шунингдек, жойларда ёзда мактабгача ёшдаги болалар билан қандай тадбирлар ўтказилмоқда? 


 Бугунги кунда туманда 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болажонлар 21 095 нафарни ташкил қилиб, шундан 57 та давлат мактабгача таълим муассасаларида 6 889 нафар тарбияланувчилар, яъни, 33% болалар қамраб олинган.  2019 йил март ойида 50 ўринли давлат-хусусий шерикчилик асосидаги ҳамда 81та оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг ишга тушиши натижасида, қўшимча 1900 нафар болажонлар мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинди. Тумандаги барча мактабгача тарбия ­муассасаларига ўтказила­ёт­ган тадбирларни енгил­лаш­тириш, қизиқарли ва ёр­қин ўтишини таъминлаш, чарчоқ­ёзди машқлар, турли кўнгилочар тадбирларни мунтазам уюштириш, кичик сайрларни ташкиллаштириш, ижодий ва амалий ишларни бажартириш, сув муолажаларини ўринли қўл­лаш ва алоҳида белгиланган кун тартибига қатъий амал қилиш каби тегишли тав­сия­ларни берганмиз. 


Шунингдек, туманимиздаги оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг аксариятида ёзги соғ­ломлаштириш мавсуми тўғри ташкиллаштирилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 12 июнь куни Мулла­кўрпа маҳалласида жойлашган "Мавлонова Гўзал" номидаги муассасада ёзги соғ­ломлаштириш мавсумига бағишланган намунавий тадбир ўтказилди.


Туманда фаолият олиб бораётган Жавлон, Нисбат, Ёви, Ойжон маҳаллалари ҳудудида фаолият олиб бораётган оилавий мактабгача таълим муассасалари фаолияти билан яқиндан танишиш натижалари шуни кўрсатадики, жойларда, айниқса, қишлоқ жойларида бу каби тарбия масканларига бўлган талаб юқори. Тўғри, бу тарбия муассасаларидаги шарт-шароитни давлат тасарруфидаги болалар боғчаларига тенглаштириб бўлмасада, лекин, ҳеч бўлмаса шу йўл орқали болажонларимизни мактабгача таълимга қамраб олиш учун қўшимча имконият яратилади. 


- Ҳозирча 13 та болани тарбиямизга олганмиз, - дейди Нисбат маҳалласида ташкил этилган оилавий боғча мудираси Шапоҳат Рўзмуродова. - Лекин бизга деярли ҳар куни кўплаб ота-оналар фарзандларини жойлаштириш бўйича мурожаат қи­лишмоқда. Аммо, ички имкониятларимиз камлиги туфайли уларга рад жавоби беришга тўғри келяпти. Менимча, оилавий боғчалар ташкил этилишида тегишли ташкилотлар яқиндан ёрдам қўлини чўзсалар, бундай тарбия масканлари туманда янада кўпайиши мумкин. 


Тўғри, оилавий мактабгача таълим муассасалари ташкил топганига ҳали унча кўп вақт бўлгани йўқ. Туманимизда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, моддий техника таъминоти даражасини ошириш, энг асосийси, уларга бўлган ишонч­ни йўқотмаган ҳолда, ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш орқали мактабгача таълимнинг бу йўналишини кенг ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки, яқин йилларда мактабгача ёшдаги болажонларни тизимга тўлиқ қамраб олишда барча имкониятлар ишга солинмоқда. 


Шерали Бобоев,

туман мактабгача таълим бўлими давлат ва нодавлат мактабгача таълим 

муассасалари ҳамда ўқитишнинг муқобил шаклларини ташкил этиш шўъбаси мудири.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ