Кўча боласи кимники?

0 322

Ёшлар масаласи бугуннинг кун тартибида турган энг муҳим вазифа. Уларни нотўғри йўлларга кириб кетмаслиги, билиб-билмасдан  жиноят содир этиб қўйишини олдини олиш, бўш вақтларидан унумли фойдаланишни ташкил этиш каби масалалар ота-она, маҳалла ва таълим муассасаларининг доимий диққат марказида бўлиши лозим.

Бугун оилаларда камолга етаётган, таълим муассасаларида пухта билим олаётган, маҳалла аҳли кўз ўнгида улғаяётган ёшларимиз юртимизнинг эртанги тараққиёти учун масъул ҳисобланади. Шу мақсадда оила, маҳалла ва таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳар бир ёш авлод баркамол, комил шахс бўлиб вояга етишиши лозим. Шу боис ҳозирги кунда ёш авлод тарбиясида оиладан ташқари таълим муассасалари, маҳаллалар уларнинг турли хил оқимлар ва ғоялар таъсирига тушиб қолмасликлари учун биргаликда фаолият олиб бормоқдалар.


Бу борада туманда бир қатор эътиборга молик ишлар олиб борилаяпти дейишимиз мумкин, аммо бу ҳаммаси қониқарли даражада дегани эмас. Тўғри, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда "Бозор боласи", "Ўқувчи" ва "Тунги рейд" каби назорат тадбирларини олиб бормоқда, лекин натижадан кўнгил тўлиши қийин. 


Яқинда туман хотин-қизлар қўмитаси, ички ишлар бўлими, вояга етмаганлар ишлари бўйича туман идоралараро комиссия вакиллари, халқ таълими бўлими мутасаддилари, туман "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ходимлари, Давлат солиқ инспекцияси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ўқувчи-ёшлар фаолиятига доир назорат тадбирлари ўтказилди.
- "Ўқувчи" назорат тадбири давомида тумандаги 11-умумий ўрта таълим мактабида ўқитувчи навбатчилиги ташкил этилмаганлиги, 11-синф ўқувчиларининг аксарияти мактаб формасида эмаслиги, соч-соқоллари ўсганлиги, рус тили ўқитувчи М.Норқулованинг конспект дафтари йўқлиги, дарсда ўқувчилар давомати олинмаганлиги интизомнинг қай даражада эканлигидан далолат беради,- дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши масъул ходими Муҳайё Абдуллаева. - Шунингдек, 12-умумий ўрта таълим мактабида ўтказилган кузатувлар жараёнида ўқитувчилар нав­батчилиги  ташкил этилган, лекин дафтар юритилмаганлиги, 11-А синфда 20 нафар ўқувчидан 16 нафарининг дарсда йўқлиги, ўқувчилар машғулотлар жараёнига ўзлари билан уяли алоқа   воситалари олиб кирганлиги, соч-соқоллари ўсган, кийим бошлар таълим даргоҳи талабларига мос келмаслиги кишини ўйга толдиради. 96, 77-умумий ўрта таълим мактабларидаги аҳвол ҳам аввалгиларидан қолишмайди. 


Ҳамкор ташкилотлар иштирокида аниқланган камчиликлар юзасидан таълим муассасалари раҳбарларига қатъий топшириқлар берилиб, қисқа муддатларда зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқиши тушунтирилган.
Бундан ташқари Мойбулоқ деҳқон бозорида ўтказилган "Бозор боласи" назорат тадбири давомида 63-умумий ўрта таълим мактабининг ўқувчилари бозорда савдо билан шуғулланаётганлиги аниқланди. Пайшанба шаҳарчасидаги "Компьютер" ўйинлари хоналарида 1, 98-умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари дарсга қатнашмасдан, компьютер ўйинлари билан машғул бўлаётганлиги кузатилди. Уларнинг ота-онадалари ва мактаблар раҳбариятига хабар берилиб, дарсга қайтариш чоралари кўрилди ва тушунтириш ишлари олиб борилди.
"Пайшанба" деҳқон бозорида дарс вақтида Пайшанба маиший хизмат касб-ҳунар коллежининг 206-гуруҳ ўқувчилари, 8-умумий ўрта таълим мактабининг 5, 6-синфларида таълим оладиган 2 нафар ўқувчилар дарс вақтида бозорда юрганлиги аниқланди. Мазкур ҳолатлар юзасидан ҳам ишчи гуруҳ томонидан тегишли чоралар кўрилди.


Комил шахс даражасида тарбияланаётган фарзанд Ватани, маҳалласи ва оиласи учун хизмат қиладиган муносиб фарзанд бўлиб етишади. Агар ёшлар назоратсиз қолса улар турли хил иллатлар домига тушиши, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, қимор ўйинлари ва диний оқимлар таъсирига берилиб қолиши, турли хил жиноятлар содир қилиши мумкин.


Шунинг учун ҳам ёш авлод тарбиясида эътиборли бўлиш керак. Уларни назоратсиз қолдирмасдан бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, спорт билан шуғулланишлари учун тўгаракларга жалб қилиш лозим. Бунга эришиш учун оила, маҳалла ва таълим муассасаси ҳамкорлигидаги  ишлар тўғри йўлга қўйилиши, бола тарбияси билан жиддий шуғулланишдек ўта долзарб масалани ҳеч қачон эътибордан четда қолмаслик зарур.

Ш.Қаршиев.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ