Собиқ бош прокурор Отабек Муродовга нисбатан жиноий иш очилган

0 242

Ўзбекистон собиқ бош прокурори Отабек Муродовга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатидаги чиқиши давомида Президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди. «Газета.уз» мухбирининг хабар беришича, Президент собиқ бош прокурорни порахўрликда айблаган.

Отабек Муродов бош прокурор лавозимидан озод қилингани куни кеча, 20 июнь куни маълум бўлган эди. У 2018 йил январида Бош прокуратура раҳбари этиб тайинланган эди.

Собиқ бош прокурорга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида гапирар экан, Шавкат Мирзиёев раҳбарлардан «100 минг, 50 минг доллар» миқдорида пуллар олинганини айтиб ўтди.

«Фалон вазир мана бунча пул оларкан, деган гапларни эшитиш менга маъқул эмас. Биз бу касалликдан қутулишимиз керак», — дея қайд этиб ўтган Президент.

«Биз фарзандларимиз, невараларимиз ҳақида ўйлашимиз керак. 3 гектар етарли бўлса, 40 гектарнинг нима кераги бор? Барибир фақат иккита хона — ётоқхона ва ошхонасида яшайдиган бўлсангиз, 20 хонали уйнинг нима кераги бор? Лавозим бераман, сенга ишонаман деб айтаман, сен бўлса эртага бориб, пора оласан», — дея норозилик билдирди Президент.

Президент, шунингдек, нефть-газ соҳаси ҳам коррупциялашгани ҳақида гапирди: «20 йилдан бери нефть-газ соҳасидаги лойиҳаларнинг 50 фоизи пора билан эди. Сурғил нефть-газ лойиҳаси (Сурғил конидаги Устюрт газ-кимё мажмуаси — таҳр.) бир амалдор 80 миллион доллар олган! 80 миллион-а! Халқни ким ўйлайди?».

Шавкат Мирзиёев «тизим қонини янгилаш» зарурлигини айтди. Президентнинг маълум қилишича, собиқ бош прокурор Рашиджон Қодиров ва ДХХ собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев ишлари бўйича қарорлар яқин вақт ичида маълум бўлади. «Улар узоқ муддат олади, яқинда эшитасиз. Улар қилган иши учун жавоб бериши керак», — дея қайд этиб ўтди Президент.

Аввалроқ Бош прокуратура Отабек Муродовдан аввал Бош прокуратурага раҳбарлик қилган, Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ)нинг собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаевга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган эди. Жиноят ишига 10 га яқин шахс жалб этилган. Улар мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ва порахўрлик билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда гумон қилинмоқда.

Давлат раҳбарининг фикрича, куни кеча бош прокурор этиб тайинланган Ниғматилла Йўлдошев янги лавозимда «прокуратура органларининг коррупциялашган тизими»ни синдириши керак. Президент бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев олти ой ичида натижаларни тақдим этиши кераклигини айтди. «Эҳтимол, прокуратурани қисқартириш керакдир. Балки айрим ваколатлар, хорижий мамлакатларда бўлгани сингари, Адлия вазирлигига ўтказилар», — деди Президент.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ