Қиш эшик қоқмоқда, биз тайёрмизми?

0 409

Юртимизда куз фасли ҳам ўз поёнига етиб, қишнинг қор-қировли кунлари эшик қоқмоқда. Ҳар йили ижтимоий соҳа объект­лари, кўп қаватли аҳоли тураржойларини қишга тайёргарлиги бўйича зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилади ва қишга тайёр, деган мазмундаги узундан-узун ҳисоботлар тайёрланади. Аслида эса муаммоларнинг кети узилмайди.

Туманда 19 та кўп қаватли уйлар мавжуд бўлиб, уларга хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати хизмат кўрсатади. Мавсумга тайёргарлик жараёнида ширкат томонидан барча уй-жой фондларининг ҳозирги  ҳолати ўрганиб чиқилди ва ўрганиш натижалари асосида манзилли дастур ҳамда тармоқ жадваллари тузилди. Бундан кўзланган мақсад кўп қаватли уй-жой фондини мавсумга барқарор тайёрлаш, таъмирлаш ишларини сифатли бажариш, ширкат фаолиятини жонлантиришдир.

- Яқин-яқингача деярли барча кўп қаватли уйларнинг том қисми таъмирталаблиги сабабли хонадон эгалари ёғин-сочинли кунларда уйларидан томчи ўтишидан шикоят қилишарди, - дейди туман уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Дилшод Мўминов. - Ҳозирга келиб деярли барча уйларнинг том қисми тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Жорий йилнинг ўзида ширкат ҳудудидаги  кўп қаватли уй-жойларнинг ертўла қисми тозаланиб, кириш йўлакларига 14 та темир эшиклар ва  акфа ромлар ўрнатилди. Хонадонларда электр ва табиий газ таъминоти яхшиланди. 


- Оиламиз билан узоқ йилдан буён шу уйда яшаб келамиз, - дейди тумандаги Чароғон маҳалласи Кўктерак кўчаси 10-а уйнинг 6-хонадонида истиқомат қилувчи Мавлуда Аминова. - Кўп йиллар давомида биз яшаб келаётган уйнинг том қисмидан томчи ўтиб, уйимиз деворлари ювилиб кетарди. Тўғриси, қиш мавсумида уйга меҳмон келса аҳволимиздан уялар эдик. Мана шу йил ширкат томонидан уйимизнинг томи тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Йўлларимиз асфальт қилинди, пиёдалар йўлакчалари ва болалар майдончаси қурилди. Биз бундан хурсандмиз. 


Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати келгусида кўп қаватли уй-жойларга икки контурли буғқозонлар ўрнатиб, иссиқлик таъминотидаги носозликларни бутунлай бартараф этиш,  ёритиш тизимини билан таъминлаш, уй-жойлар атрофини гулзорга айлантириш каби хайирли ишлар устида иш олиб боришмоқда.

Ўз мухбиримиз.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ