Сохта ишлардан қачон халос бўламиз?

0 390

Каттақўрғон туман Адлия бўлими фуқаро Д.Ҳусаинова (исм ва фамилияси ўзгартирилган) манфаатида туғилганлик ҳолатини белгилаш бўйича мурожаат билан чиққан эди.

Ушбу мурожаат бўйича Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро суди ишни кўриб чиқди. Адлия бўлимининг даъво аризасида мурожаатчи 1968 йилда Каттақўрғон туманида туғилганлигини, ёшлигида бир йигит билан турмуш қуриб бирга эр-хотин муносабатда яшаганлигини, кейинчалик йигит ташлаб кетганлигини, у билан қонуний никоҳдан ўтмаганлигини, 1993 йилда уй шароитида қиз жинсли фарзанд кўрганлигини, ҳозирда қизи 25 ёшда бўлиб, шу кунга қадар туғилганлик ҳақида гувоҳнома олмаганлигини, ФҲДЁ бўлими томонидан унга рад жавоби берилганлигини, фарзанди уй шароитида туғилганини, етишмовчилик сабабли ўша вақтда туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ололмаганликларини, ҳозирги пайтда кизи мактабни ва коллежни ҳам тугатганлигини, фарзандига туғилганлик ҳақида гувоҳнома олишлиги зарурлиги сабабли у Каттақўрғон туман ФХДЁ булимига мурожаат килганлигини, бўлим мутасаддилари унга фуқаролик ишлари бўйича судга мурожат қилишлигини тушунтирилганлигини, шу сабабли Д.Ҳусаинованинг 1993 йил 7 март куни туғилган қиз фарзандни туғилганлигини белгилашни сўраган.

Даъво аризасига илова тариқасида Каттақўрғон тумани Зарафшон ҚВП мудираси Р.Нурмонова ва Каттақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси номидан А.Гаппаров ва Каттакўрпа МФЙ раиси ва гувоҳлар томонидан тузилган 22.05.2018 йилдаги 4-сонли далолатнома ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 27.02.2010 йилда 56-сон буйруғи билан тасдиқланган 103/у шаклдаги Каттақўрғон туман тиббиёт бирлашмасининг 29.05.2018 йилдаги 33-сонли тиббий маълумотномасида фуқаро Д.Ҳусаинова томонидан фарзанд¬лари уй шароитида 1993 йил 7 мартда иккинчи ҳомиладорлик, иккинчи туғруқ, иккинчи бола сифатида туғилганлиги қайд этилган.

Ишни аризачининг фарзанди ўқиган Каттақўрғон тумани 53-сонли мактабда сайёр суд мажлисида кўриш давомида Д.Ҳусаинованинг фарзанди Н.Ҳусаиновага (исм ва фамилияси ўзгартирилган) Каттақўрғон туман Халқ таълими бўлимига қарашли 53-сонли мактабдан 23.06.2009 йилда №3684583-сонли умумий ўрта таълим шаҳодатномаси берилганлиги аниқланган. Ушбу шаҳодатномада боланинг туғилган куни 10.03.1993 йил эканлиги ва туғилган жойи эса Туркманистон Республикаси, Асфанский вилоят, Чоржуй шаҳри эканлиги қайд этилган.

07.02.2019 йилда Каттақўрғон тумани Халқ таълими бўлимига қарашли 53-сонли мактаб маъмурияти томонидан тузилган далолатномада собиқ ўқувчи Н.Хусаиновага шаҳодатнома берилганлигини, ва унинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси бор бўлиб, Турк¬манистон Республикасида туғилганлик ҳақидаги маълумотларни Зарафшон аҳоли массивидаги  касб ҳунар коллежига топширилганлиги маълум қилинган. 

Мазкур ҳолатлардан сўнг Каттақўр¬ғон тумани Зарафшон ҚВП мудири ва туман тиббиёт бирлашмаси мутахассислари ўз кўрсатмаларини ўзгартириб, туман тиббиёт бирлашмаси томонидан тузилган 22.05.2018 йилдаги 4-сонли далолатнома ва 29.05.2018 йилдаги 33-сонли тиббий маълумотномаларни ушбу фуқарони уй шароитида 1993 йил 7 мартда туғилганлиги қайд этилган маълумотномалар тегишли гувоҳларнинг кўрсатмаларига асосан асоссиз тўлдирилганлигини, қилган ишидан пушаймонлигини ва ушбу маълумотларни суд томонидан ҳужжат сифатида қабул қилмасликни сўраган.

Суднинг ҳал қилув қарори билан Каттақўрғон туман Адлия бўлимининг фуқаро Д.Ҳусаинова манфаатида уй шароитида туғилган фактини белгилаш ҳақидаги даъво аризаси ўз исботини топмаганлигини ва фуқаронинг мурожаатлари асоссиз эканлиги сабабли даъво аризасини қаноатлантириш рад этилган. 

Шунингдек, суднинг хусусий ажрими билан Зарафшон ҚВП мудири, туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда Каттакўрпа МФЙ раисининг ҳатти-ҳаракатларига тегишлича баҳо бериб, ноқонуний тузилган 22.05.2018 йилдаги 4-сонли далолатнома ва 29.05.2018 йилдаги 33-сонли тиббий маълумотномаларга мансабдор шахс бўла туриб Д.Хусаинованинг манфаатларни кўзлаб, расмий ҳужжатларга била туриб, сохта маълумотлар ва ёзувлар киритиши, ҳужжатларни қалбакилаштириши ёки била туриб, сохта ҳужжатлар тузиши ва тақдим этиши оқибатида давлат манфаатларига жиддий зарар етказилиши, асоссиз ва ёлғон маълумотлар асосида расмийлаштирилганлик ҳолатларига қонуний баҳо бериш мақсадида хусусий ажрим чиқарилган.

Мазкур хусусий ажрим Каттақўрғон туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 20.04.2019 йилги қарорига асосан  маҳалла раиси, Зарафшон ҚВП мудираси, Марказий шифохона статист методисти, 22.05.2018 йилдаги 4-сонли далолатнома ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 27.02.2010 йилдаги 56-сон буйруғи билан тасдиқланган 103/у шаклдаги Каттақўрғон туман тиббиёт бирлашмасининг 29.05.2018 йилдаги 33-сонли тиббий маълумотномаларга Д.Ҳусаинованинг манфаатларини кўзлаб сохта маълумотлар киритганликлари ҳолатида уларнинг ҳатти-ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 209-моддасида назарда тутилган жиноят аломатлари ҳамда фуқаро Д.Ҳусаинованинг ҳатти-ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 237-моддасида назарда тутилган жиноят аломатлари бордек кўринсада, бироқ улар ўзаро жиноий тил бириктирмаганлигини, ғаразгўйлик ва бошқа манфаатларни кўзламаганликларини, бир-биридан моддий ва маънавий манфаатдорлик бўлмаганлиги сабабли жиноят иши қўзғатишдан рад этилган.

Камол НАМАЗОВ,
Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон
туманлараро суди раиси.





Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ