"Тасмачи" бозоридаги тартибсизликлар унга қачон барҳам берилади?

0 203

Элли ер - бозор, элсиз ер - мозор. Элнинг бозорига, мозорига тегинма, деган мақолларни аждодларимиз бекорга айтишмаган. Халқимиз азалдан бозорларни юрт маъмурчилигининг кўзгуси сифатида билиб келган. Яъни бозор расталари тўкин-сочин, маҳсулотлар арзон, озода бўлса, демак бу элнинг турмуши фаровон, дастурхони эса обод дегани. Дарҳақиқат, бугун қайси бозорга кирманг, тўкин-сочинликни кўрасиз.

Аммо бозорларда харидорларга сифатли хизмат кўрсатиш учун белгиланган тартиб ва меъёрларга амал қилиниши лозим.

Хўш, бу борада туманимиздаги бозорларда аҳвол қай даражада?

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Каттақўрғон туман бўлими "Тасмачи" деҳқон бозори масъулияти чекланган жамиятидаги ҳолат юзасидан атрофлича ўрганиш олиб борди.
Маълум бўлишича, бозордаги муаммолар унинг кириш қисмидан бошланади ва харидорлар учун етарлича шароит яратилмаган. Бозор маъмуриятининг эътибосизлиги туфайли мажмуа атрофида автомобиллар тартибсизлиги юзага келган ва бозор ичига ҳам автоуловлар тартибсиз равишда жойлашиб олишган. Бу ҳам харидорлар учун кўп ноқулайликларни туғдирмоқда. Қолаверса, бозорнинг кириш ҳудудида сотувчилар расталарсиз маҳсулотларини ерга қўйиб тартибсизларча савдо қилмоқда. Ичкарида сотувчилар учун мўлжаллаб қилинган расталар тартибсиз ўрнатилганлиги боис, харидор ва сотувчиларнинг талабига жавоб бермайди.

- Аҳолига гўшт маҳсулотлари сотадиган дўконлардаги  сотувчиларнинг аксарияти тадбиркорлик рўйхатидан ўтмасдан, гўшт маҳсулотини ветеринария кўригидан ўтказмасдан харидорларга сотмоқда, - дейди Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти туман бўлими раиси Журъат Жумаев. - Чорва моллари аслида биринчи навбатда қушхоналарда сўйилиб, тахланиб, тегишли муҳр тасдиқланганидан сўнг бозор ветеринария врачи томонидан кўрикдан ўтказилиши керак. Тасдиқловчи ҳужжат олгандан кейин аҳолига гўшт маҳсулоти сотилиши лозим. Аммо бу масала на бозор маъмурияти на бу масалага бевосита масъул, керак бўлса жавобгар бўлган ветеринария врачи томонидан назоратга олиниб тартиб ўрнатилмаган.

Жумладан, гўшт маҳсулотлари савдоси билан машғул бўлган А.Ҳайдаров ва Ш.Файзуллаевлар тадбиркорлик рўйхатидан ўтмасдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси учун рухсатнома олганлиги, сотувчи Д.Шодиева томонидан ҳеч қандай ҳужжатсиз, ветеринария кўригидан ўтказилмаган товуқ гўшти сотилаётганлиги аниқланди. 

 Бундан ташқари, бир нечта сотувчилар мол гўшти калла-почаларини ноқонуний равишда, белгиланган меъёрларга амал қилмасдан ўта хавфли антисанитар(!) ҳолатда сотишмоқда.
Бозор ҳудудида озиқ-овқат ва ноозиқовқат маҳсулотлари савдоси йўлга қўйилган бўлса-да, лекин айрим сотувчилар руйхатдан ўтмаган. Ўтганларининг айримларини гувоҳномаси фаолият тури умуман тўғри келмайди. Мисол учун, сотувчи А.Раҳимов рўйхатдан ўтмасдан ўсимлик ёғи савдосини амалга оширмоқда. С.Каримова, Д.Мейлиев, Р.Явқочов, С.Актамова, Н.Раҳматова ва С.Қурбонова каби сотувчилар ҳеч қандай ҳужжатларсиз савдо фаолиятини амалга ошираётганлиги кишини таажжубга солади.
 Бозор ҳудуди ва савдо расталари, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермайди. Чорва моллари савдоси учун мўлжалланган ҳудуд авария ҳолатига келиб қолганлиги боис, мутлақо талабга жавоб бермайди. 

Умумий овқатланиш жойларидаги санитар аҳвол ҳам ачинарли тус олган. Бозор ҳудудида фаолият олиб бораётган 22 нафар умумий овқатланиш шаҳобчалари ҳеч қаердан рўйхатдан ўтмаган, антисанитар аҳволда хўрандаларга хизмат кўрсатиб келмоқда. Энг ёмон томони, қонунчиликка хилоф равишда  ноқонуний алкоголь маҳсулотлари сотилмоқда.  

- Оилавий зарурат, рўзғорга ул-бул нарса харид қилиш учун ушбу бозорга чиқиб турамиз, - дейди Умида Рустамова. - Ҳақиқатданам балки қишлоқ бозори бўлганлиги боисдир бозор жуда тартибсиз бўлиб ётади. Сотувчилар қаерда ўтириб савдо қилишни ҳоҳласа ўша ерда ўтиришади. Билмадим бозор раҳбарларига чекини тўласа бўлди шекилли ҳеч ким тартиб ўрнатиш ҳақида жон койитаётганини кўрмаганмиз.

Мамлакатимизда бозорлар фаолиятини янада такомиллаштириш, сотувчи ва харидорларга қулай шарт-шароитлар яратиш борасида самарали ишлар олиб борилаётган бир пайтда "Тасмачи" бозорида вазият нега бундай аянчли тус олмоқда. Масалага ойдинлик киритиш мақсадида бозор раҳбарияти билан боғланганимизда қониқарли жавоб ололмадик.

Ҳозирги кунда юртимизда аҳоли турмуш фаровонлигини акс эттирувчи ўзига хос ижтимоий-иқтисодий марказ ҳисобланмиш бозорлар фаолиятини яхшилаш, уларда нарх-навонинг асоссиз оширилишини олдини олиш, сифатли маҳсулотлар билан савдо қилинишини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Замонавий услубда қурилган бозорларда сотувчию харидорлар учун барча шарт-шароитлар яратилиб, улар нафақат аҳолига хизмат кўрсатиши, балки озодалиги ва кўркамлиги билан ҳам кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлаётган бир вақтда "Тасмачи" бозори ачинарли аҳволда қолмоқда. Бу ҳолат бўйича тегишли ташкилотлар ва мутасаддилар жиддий бош қотирмас экан, юзага келган вазиятдан сотувчию харидорлар азият чекаверади. Ўйлаймизки, бу борада бозорлар фаолиятини назорат қилувчи масъуллар, туман Давлат санитария ва эпидемиология назорат маркази, ветеринария бўлими мутасаддилари бу борада жиддий чора-тадбирларни амалга оширади. 

Ғ.АБДУСАЛОМОВ,
журналист.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ