Эзгу амалларга “тош” отманг дўстлар

0 266

Аслида кимнингдир тўй-маъракасини омма олдида муҳокама қилиш унчалик ҳам одоб доирасига тўғри келмайди. Биз ҳам бундай қилишдан йироқмиз. Аммо Каттақўрғон туманининг бир гуруҳ фаоллари таҳририятга йўллаган мурожаати шу мазмунда бўлганлиги боис, бу борада имкон қадар ўрганиш олиб бордик. Мақсадимиз кимнидир оқлаш ёки қоралаш эмас. Фақат мурожаат асосида масалага ойдинлик киритиш бўлди.

Яқинда айрим интернет сайтлар ва ижтимоий тармоқларда Каттақўрғон туманида йўл таъмирланиши ва бу туман ҳокими ўғлининг тўйи учун амалга оширилганлиги ҳақида хабар тарқалди.

«Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидан ёзмоқдаман. Ҳокимнинг тўйи баҳонасида қирқ йиллик расво йўллар кўз очиб юмгунча асфальтланди. «Кичик кўрпа» деган кўчадаги ресторанда туман ҳокимининг ўғиллари тўйи бўлди. Бутун тўйхона атрофини йўл нозирлари ўраб олди. Казо-казо зотлар, ҳокиму арбоблар меҳмон бўлиб келди. Меҳмонлар орасида муфтий Усмонхон Алимовни ҳам кўрдик. Ҳокимлар тўй қилиб турсин экан! Қирқ йилдан бери асфальт кўрмаган расво йўллар кўз очиб юмгунча асфальтланди. Оддий халқ «йўлни таъмирланглар», деса асфальт йўқ! Ҳокимлар учун исталган пайт топилади...», – дейилади интернетда тарқалган видеолавҳада.

Ушбу иддао ижтимоий тармоқлар ўқувчилари, айниқса, Каттақўрғон тумани жамоатчилиги томонидан катта муҳокамага сабаб бўлди. Бу борада туманнинг бир гуруҳ фаоллари таҳририятга ҳам мурожаат қилиб, ҳақиқатни юзага чиқаришда ёрдам сўради.

Бу борада ижтимоий тармоқларда тарқалган масала юзасидан мурожаатчиларнинг фикрлари, эътирозларини тингладик.
Муҳокамага сабаб бўлган таъмирланган йўл «Навбаҳор» маҳалласи ҳудудида жойлашган. Маҳалладаги «Азизбек» тўйхонасида туман ҳокими ўғли уйланиши муносабати билан жорий йил 6 июнь куни эрталаб «Шукрона оши» берилган.

- Туманда кейинги икки йилдан буён ободонлаштириш ишларига катта эътибор берилмоқда. Шу асосида тумандаги асосий ва ички йўллар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Буни туман аҳолиси ҳам кўриб турибди. Энди ижтимой тармоқларда тарқалган иддаоларга келсак, эмишки тумандаги Навбаҳор маҳалласида қирқ йилдан буён таъмирланмаган йўл ҳокимнинг ўғли тўйи муносабати билан таъмирланганмиш. Бу нотўғри. Аслида нима бўлганда ҳам йўл таъмирланди-ку. Бундан қандайдир мақсадларни кўзлаб фитна тарқатишдан, туман номини ёмонотлиқ қилишдан нима наф? Бу ғийбатдан бошқа нарса эмас. Яхши ишдан ҳам қандайдир ёмон ҳолат излаш керакмас. Қолаверса, бу йўл туман ҳокими тўй қилмасдан анча аввал таъмирланган эди. Буни бир-бирига боғлаб, гап тарқатиш тўғри эмас», – дейди туман фаоли Қамаритдин Ахмедов.

Ўрганишларимиз давомида маълум бўлишича, интернет сайтлари ва ижтимоий тарқатилган ҳолат, маълумотларнинг кўпи ўз тасдиғини топмади.

Жумладан, бу кўчада тўйдан анча аввал таъмирлаш ишлари олиб борилган ва ўша кунларга яқин таъмирланиши якунига етган. Айтилганидек, бу йўл қирқ йилдан буён эътибордан четда қолмаган, балки икки йил олдин ҳам ҳаминқадар таъмирланган ва сифатсиз таъмир ишлари боис кўча қайта таъмирталаб ҳолга келиб қолган.

Туман ҳокимлиги мутасаддилари таъкидлашича, «Навбаҳор» маҳалласи раиси ва аҳолиси ҳудуддаги қабристонга шу йўл орқали борилиши, вафот этганларни дафн қилишга олиб боришда бу йўл ноқулайлик туғдираётганлиги, йўлни таъмирлаб бериш ҳақидаги мурожаати асосида дастурга киритилиб, кейин таъмирланган. 

Бу ҳолатни Каттақўрғон туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбари  Яздон Рустамов ҳам тасдиқлади.

- Тўғриси, бу йўл таъмирланиши бунчалик шов-шув қилинганига ҳайронман. Биз тегишли дастур асосида «Навбаҳор» маҳалласидага 1 км. масофадаги ички йўлни таъмирлаганмиз. Туман ҳокими шу йўлдаги тўйхонада ош беришини у пайти эшитмаганмиз ҳам. Энди тўй ҳам ўша кунларга яқин вақтга тўғри келган бўлса, буни бир-бирига боғлаш керакмас, – дейди Яздон Рустамов.

Ўрганишимиз давомида маълум бўлишича, ўша куни «Шукрона оши»да муфтий ҳазратлари Усмонхон Алиимов ҳам иштирок этмаган. Аслида иштирок этган бўлса ҳам, хўп, нимаси ёмон? Шунингдек, оммага тарқатилган гап-сўзларда айтилганидек, ҳудудни ҳеч қандай нозирлар ҳам ўраб олмаган. Қолаверса, тарқатилган видео кун ботадиган вақтда олинган. Туман ҳокими эса ўғлининг тўйи муносабати билан берилган «Шукрона оши» саҳар вақтида бўлган. Туман фаоллари буни ҳам ҳокимга нисбатан туҳмат дейишмоқда.

Шунингдек, таъмирланган йўл маҳалланинг ички йўли. Тўйхона эса катта йўл бўйида жойлашган. Ҳоким тўй баҳона бу ички йўлни таъмирлашига ҳам ҳожат йўқ. Меҳмонлар шундоқ ҳам текис ва равон катта йўлдан боришаверади. 

Аслида бир кишининг ўғил уйлантиришини, элга ош беришини, қандайдир ҳолатларга боғлаш, муҳокама қилиш хоҳ у амалдор бўлса ҳам яхши эмас. Юқорида таъкидлаганимиздек, биз кимнидир оқлаш ёки қоралаш ниятида ҳам эмасмиз. Мурожаат асосида масалани холис ўргандик. Нима бўлганда ҳам,  тўй ҳам,  йўл таъмирлангани ҳам яхши ҳолат. Яхши нарсаларни бир-бирига боғлаб, ёмонлик келтириб чиқариш ҳам тўғри эмас. Холис хулоса эса ўзингиздан. 

Ғолиб Абдусаломов,
журналист




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ