Қайнона-келин келишса хўп-хўп келишолмаса...

0 140

Ҳар биримиз хайрли ниятлар, орзу-ҳавас билан қиз узатамиз. Унинг борган жойида униб-ўсиб, "палак" ёйишини истаймиз. Аммо ҳар доим ҳам қиз узатаётган ёки ўғил уйлантираётган хонадон эгаларининг туриш-турмуши, характери, муомаласию одоб-ахлоқи билан қизиқавермаймиз, суриштиравермаймиз. Қачонки ўзаро келишмовчилик, муаммолар бўй кўрсатгандагина "Аттанг!" деб бошимизни хам қиламиз.

Бугун ажримларнинг асосий сабабларидан бири қайнона ва келиннинг ўзаро келишмовчилигидир. Бирининг оиладаги "ҳукмронлиги", иккинчисининг ёш ва ғўрлиги, оиласида эрка бўлиб ўсганлиги панд беради бу ерда. Турмуш давомида мана шу ўзаро зидлик улар ўртасидаги кўз кўриб, қулоқ эшитмаган хунук ҳолатлар келиб чиқишига сабаб бўлади. Биз қуйида тилга олмоқчи бўлган ҳолат ҳам у қадар аянчли бўлмаса-да бир оиланинг эл ичида кулгуга қолишига сабаб бўлди.

"Ёдгорхўжа" маҳалласида истиқомат қилувчи Сабоҳат ая Шамсиева келини Малика Ҳамдуллаева билан тинч-тотув ҳаёт кечирарди. Нима бўлдию икковлоннинг орасидан "оламушук ўтди". Бақир-чақир, тўс тўполон...

Жанжал ҳа деганда якун топмади, қайнона келинини куракда турмайдиган гаплар билан ҳақорат қилиб, гўё ҳовридан тушгандек бўлди. Бироқ у ҳақоратлар Маликанинг кўнглига наштардек санчилиб қолди. "Судга бераман!" деди у важоҳат билан.

Туман маъмурий суди очиқ суд мажлисида С.Шамсиеванинг қилмиши муҳокама этилди. Қайнона-келиннинг можароси суд ҳукми билан якун топди. Зўравон қайнонага нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди. Шу...

"Шу..."нинг боиси шуки, бир оиланинг сизу бизчилик билан битадиган муаммоси шармандаларча судда кўрилди. Кўрилган қонун доирасидаги чорага қаранг: тўрт юз минг сўм атрофида. Аммо бир оиланинг эл-улус олдида шармандалигичи, унинг нархи қанча?! Ахир ор-номусли халқ эдикку! Биз қачондан буён дардимизни кўчага чиқариб, дастурхон қиладиган бўлдик? Оилада хотиннинг судга бориб, аюҳаннос солишига эр "жонивор" томоша қилиб турдимикан? У балки пул топиш илинжида кўчададир, лекин қайнота, борингки, келиннинг ота-онаси ўртага тушиб, муроса йўлини тутса бўлардику! Қолаверса, маҳалла, у ердаги зиёли аҳли қаёққа қараяпти экан? Аслида жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, оилавий ажриму жанжаллар уларнинг "сен менга тегма" қабилида иш тутаётганидан келиб чиқмаяптими?! Хулоса ўзингиздан...  

Санжар СОЛИЕВ,
Маъмурий ишлар бўйича
Каттақўрғон туман суди раиси.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ