Битирувчига фақат диплом керакми?

0 129

Жорий йил вилоятдаги олий таълим муассасаларини 6 443 нафар ёшлар битиради. Ҳадемай олий маълумотли мутахассисга айланадиган битирувчилар қаерда илк меҳнат фаолиятини бошлайди? Худди шу савол билан олий таълим муассасалари раҳбарларига мурожаат қилдик, деб ёзмоқда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

Самарқанд давлат чет тиллар институти раҳбарияти томонидан маълум қилинишича, жорий ўқув йилида институтни 667 нафар талаба битиради. Уларни иш билан таъминлаш мақсадида институт раҳбарияти корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик ўрнатган. Ўқув йили давомида иш берувчилар ва битирувчилар иштирокида турли учрашувлар, меҳнат ярмаркалари ўтказилган. Натижада бугунги кунгача чет тили мутахассисига эҳтиёжи бўлган 124 та мактаб ва 96 та мактабгача таълим муассасаларидан мурожаатлар бўлган. Шундан келиб чиқиб, бакалавр таълим йўналиши бўйича битирувчиларнинг 352 нафари иш берувчи ташкилотлар билан уч томонлама шартнома тузишган. Битирувчиларнинг қолган қисми юзасидан ташкилотлар билан музокаралар олиб борилиб, ишга юборилганлик тўғрисида йўлланма, уч томонлама шартнома тузиш ишлари давом этмоқда. 


Самарқанд давлат университетини жорий ўқув йилида 2174 нафар талаба битиради. Уларни иш билан таъминлаш режалари деярли якунига етказилган. Университет раҳбарияти маълумотига кўра, битирувчилар, асосан, олий таълим тизими, халқ таълими, ўрта махсус касб-ҳунар таълим муассасалари, саноат, ишлаб чиқариш, қишлоқ, сув ва ўрмон хўжаликлари, қурилиш ва бошқа қатор ташкилотлар билан шартнома имзолашган.


Самарқанд давлат тиббиёт институтини 694 нафар бўлғуси шифокор битириши кутилмоқда. Уларнинг бандлиги бўйича ҳам аниқ режали ишлар амалга оширилган.


Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ТАТУ Самарқанд филиалида муассасанинг 300 нафардан зиёд битирувчиларининг бандлигини таъминлаш билан шуғулланувчи махсус комиссия ташкил этилган. Комиссия шу кунгача битирувчиларни алоқа соҳасининг ўттизга яқин корхоналари, шунингдек, турли ташкилот ва муассасаларда иш фаолиятини бошлашлари билан боғлиқ шартномаларни имзолашга эришган.


Айни пайтгача битирувчилар бандлиги бўйича олий таълим муассасаларининг 50 нафар талабаси билан оғзаки сўровнома ўтказдик. Уларнинг 21 нафари аниқ мақсад ва режаларга эгалигини билиб, қувондик. Бироқ 29 нафар битирувчилар қаерда ишлаши ҳақида ўйлаб ҳам кўришмагани бизни таажжублантирди. Қизиқ, уларга фақат диплом керакми?




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ