Энди табиблар ҳам қонуний фаолият юритиши мумкин

0 277

Жорий йил 22 майда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонунга мувофиқ, 1996 йил 29 августдаги "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 41-моддасига қўшимча ва ўзгартириш киритилди.

Унга кўра, "Тиббий маълумотга эга бўлмаган шахслар ҳам Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш бўйича махсус комиссиянинг хулосаси асосида халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўладилар", дея белгилаб қўйилди.


"Қонунга киритилган ўзгартиришлар асосида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш бўйича махсус комиссия фаолиятини ташкил этиш ҳамда халқ табобати билан шуғулланишга даъвогарлик қиладиган шахсларнинг мурожаат қилиш тартибини белгиловчи ҳужжат лойиҳалари тайёрланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 октябрдаги "Ўзбекистон Республикасида халқ табобати соҳасини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига биноан ташкил этилган комиссия таркибига шифокорлар билан бир қаторда, психолог, техника мутахассислари, диний ва халқ табобати каби бир қанча соҳа вакиллари киритилган. Халқ табобати билан шуғулланишни истаган тиббий маълумотга эга бўлмаган шахслар келгусида ушбу комиссия вакиллари олдида тиббиёт илмидан қанчалик хабардор эканлиги, ўзидаги билим ва даволаш услубларни амалиётда қай даражада қўллай олиши бўйича синовлардан ўтади.


Алоҳида таъкидлаш лозимки, эндиликда маҳаллий соғлиқни сақлаш тизимида халқ табобатининг роли оширилади, жумладан, ушбу йўналишда хизмат кўрсатувчи хусусий тиббиёт муассасалари фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланади, соғлиқни сақлаш тизимининг амбулатор ва стационар муассасаларида халқ табобати усулларини қўллаш билан касалликларни даволаш бўйича махсус бўлимлар, дорихоналар тизими ташкил этилади.

А.ЭШБОЕВ тайёрлади.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ