Мавсум тараддуди

0 45

Айни пайтда тумандаги қишлоқ хўжалик корхоналари, фермерлар халқимиз бойлиги бўлган ғалла ўрим-йиғимига қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Яқинда Каттаминг аҳоли массивида тумандаги қишлоқ хўжалиги корхоналари, фермерлар ва ғалла ўрим-йиғимига масъул мутасаддилар иштирокида мавсумни уюшқоқлик билан ўтказишга қаратилган семинар бўлиб ўтди.

Жорий йил ғалла ҳосили учун туман бўйича 258 та фермер хўжаликларининг жами 8 926 гектар майдонларига сара уруғ қадалган. Фермер хўжаликлари аъзолари томонидан қилинган фидокорона меҳнатлар самараси туман далаларида ҳосил чўғи салмоқли.

Семинарда сўз олган туман ҳокими Аъзамхон Бахрамов яқинлашиб келаётган ғалла ўрим-йиғимини қисқа муддатларда ва нобудгарчиликларга йўл қўймасдан йиғиб-териб олиш, давлат хирмонига топшириш учун пухта ҳозирлик кўриш лозимлигини таъкидлади. Албатта ҳалол меҳнат қилиб юқори ҳосил яратган фермерлар меҳнатига яраша рағбат топишини эътироф этди.

Мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида туманда 27 та отрядлар тузилди. Отрядларга бириктирилган 27 та комбайинларининг ўримга шайлиги кўздан кечирилди. Ўриб олинган ғаллани қабул манзилгоҳларига ташишда транспорт хизматини ташкил этиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини сўзсиз таъминлаш бўйича зарур топшириқ ва тавсиялар берилди.

- Шунингдек, семинар давомида ғаллани ўриш, ташиш, сомонидан тозалаш ва ғалладан бўшаган майдонларни пешма-пеш шудгорлаш ишлари бўйича ҳам атрофлича фикр юритилди, - дейди туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Жамшид Насриддинов.

Ғалла - халқимиз ризқи. Мавсум давомида деҳқонларимизнинг фидойи меҳнатлари эвазига бунёдга келган ҳосилни нест-нобуд қилмай сифатли йиғиштириб олиб, давлат омборига топширилиши учун зарур барча чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Ўз мухбиримиз.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ