Бир шоирки, қаламида акс этар ҳаёт

0 105

Қай бир кўнгилнинг парвоз қилгиси  келмайди дейсиз? Менимча ҳар бир кўнгил ҳаёлан бўлсада парвоз қилади. Сайрашни билган кўнгил булутлардан баландроқ парвоз  қила олади...

Дўстмуҳаммад  Дўст кўнглини булбулдай сайрата  олган шоирдир. Таниқли ижодкор Ғулом Мирзо Дўстмуҳаммад Дўстга  шундай таъриф беради: "У она Ватаннинг  фикрли, зикрли ва шукрли муаллими, юраги оташ, қалби сайроқи шоиридир".
Каттақўрғоннинг Жизмонсойида туғилган, ёзганлари бахшиёна оҳанглар ва самимиятга йўғрилган шеърлари билан нафақат туманимиз, республикамизда ҳам ўз овозига эга ижодкор Дўстмуҳаммад Самадов 55 ёшга тўлди. 

"Мароқандим марваридим", "Кўнгил парвози" китоблари муаллифи, республика ижодкор ўқитувчиларининг Сурхондарёдаги анжумани ғолиби, Халқ таълими аълочиси, "Каттақўр¬ғон ҳақиқати" газетаси  қошида ташкил этилган "Илҳом" ижодий тўгарагининг фаол  аъзоси, ўттизга  яқин  шеърлари қўшиққа  айланган шоир  акамиз Дўстмуҳаммад Дўст 55 ёшга тўлиши муносабати билан туман Маданият саройида ижодий учрашув кечаси бўлиб ўтди. Ижодий кечага жамул-жам бўлган туман аҳли, узоқ яқиндан келган меҳмонларни адабиётга, шеъриятга меҳри ўзгача туманимиз ҳокими Аъзамхон Бахрамов қизғин қутлади. Ёшларга шеърият, адабиёт оламидан сабоқ бериб фидоийлик кўрсатаётган Дўстмуҳаммад Дўст ижодига янада баркамоллик тилаб, туманда мана шундай маънавий-маърифий тадбирларни янада кўпайтириш лозимлигини таъкидлади.

Шоирни қутлаш учун келган Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги масъуллари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, тумандаги давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари у кишининг ижоди ҳақида ўзларининг илиқ фикрларини билдиришди. Каттақўрғонда шеърият байрами, санъат байрами бўлди десам муболаға бўлмас. Санъаткорлар шоир  сўзлари  билан айтилган  ашулалардан ижро этган бўлса, Каттақўрғон ижодий муҳити вакиллари Нафас Дўсанов, Муҳаммад Мурод Султон, Садоқат Ҳамраева каби ижодкорлар ўзларининг ижодларидан намуналар ўқишди. Шогирдлар устоз Дўстмуҳаммад Дўст ижодидан ёд айтишиб йиғилганларни олқишига сазовор бўлдилар. 
Бир сўз билан айтганда умрининг эллик бешинчи баҳорини қаршилаётган Дўстмуҳаммад Дўстнинг ҳар  бир шеъри адабиёт ихлосмандлари яхши кўриб ўқийдиган, маънавий руҳ оладиган, ватанпарварликка чорлайдиган юракка яқин шеърлар. Мана шундай  ташбеҳларга бой шеърияти билан  замонамизнинг эртаси бўлган болажонларимиз тафаккурида ижодга меҳр уйғотаётган, юзлаб шогирдларининг покиза қалбларида  шабнамга чайилган  кўнгил туғёнлари орқали  дилбар шеърлар яратаётган Жизмонсойнинг эрка шоири бутун умрини, кўз нурини ёш авлод тарбиясига бағишлаб ҳамиша элда азиз инсонга айланган  кунларида ҳавасдамиз. Зеро, ҳавас билан яшаган инсон иншаоллоҳ  муродга етгай.

Азиза БОЙМУРАДОВА,
шоира.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ