"Баркамол авлод"да мароқли ҳордиқ

0 283

Мана, зум ўтмай ёзги мавсум бошланиб, болажонлар таътилга чиқдилар. Ёзги мавсумда фарзандларимизнинг мароқли ҳордиқ олишларини таъминлаш, уларнинг ҳар бир дақиқасини мазмунли ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга. Айни пайтда ёзги соғломлаштириш масканларида биринчи давра мавсуми бошланди.

Тумандаги "Баркамол авлод" болалар ёзги соғломлаштириш оромгоҳи жорий йилги ёзги мавсумда 450 нафар дилбандларимизни ўз бағрига олади. Биринчи даврада болажонлар ҳар бири 30 нафардан 5 та гуруҳларда мароқли ҳордиқ онларини мазмунли бошлашди. Уларга 12 нафар тарбиячи ва етакчи тарбиячилар қизиқарли машғулотлар олиб боришмоқда.

Оромгоҳда замонавий ошхона, спорт майдончаси, чўмилиш ҳовзаси, ҳаммом дам олувчилар ихтиёрида. Уларнинг таълим-тарбиядан узилмаган ҳолда дам олишларига эътибор қаратилиб, бир қанча фан, спорт, касб-ҳунар тўгараклари фаолият олиб бормоқда. Маънавият ва маърифат хонаси, кутубхонада ўқувчиларнинг севиб китоб мутолаа қилишлари, ўзларини қизиқтирган адибнинг асарларини ўқиши мумкин. Мавсум олдидан кутубхонага олиб келинган ўзбек ва жаҳон адабиёти вакилларининг асарлари, ижтимоий-сиёсий адабиётлар китобхон ўқувчилар ихтиёрида.

- Ҳар йили "Баркамол авлод" болалар ёзги оромгоҳида таътил кунларимни мароқли ўтказаман, - дейди Руҳшона Нормаматова. - Севиб китоб ўқийман, тенгдошларим билан биргаликда турли танлов ва спорт мусобақаларида қатнашиб, ғолиб бўлишга интиламан. Энг муҳими, таътил ўқув жараёнларининг бошланишига қадар менга қайта шижоат, илм олишга куч-ғайрат бағишлайди.

Дарҳақиқат, таътил давомида ўқувчиларнинг ақлий ва жисмоний қобилиятларини шакллантириш ва ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида турли кўрик-танловлар, спорт мусобақалари ҳам ўтказилади.

А.ЗИЁДОВ.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ