Каттакўрпадаги оқсоқолталашлик ёхуд сайлов жараёнидан кимлар норози?

0 213

Яқинда ижтимоий тармоқларда тумандаги Каттакўрпа маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла раиси (оқсоқоли) учун бўлиб ўтган сайловда қўпол қоидабузарликларга йўл қўйилгани, дастлаб маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ўтказишга кўмаклашувчи комиссия томонидан иккита номзод рўйхатга олиниб, сайлов куни учта номзод овозга қўйилганлиги ҳақидаги эътирозли фикрлар кенг жамоатчилик эътиборига муҳокамага қўйилди. Хўш, маҳаллада бўлиб ўтган сайлов ҳақиқатдан ҳам ноқонуний ўтганми? Билдирилган эътирозлар ўринлими?

"Маҳалламиздаги бўлиб ўтган сайловда қонун бузилишларига йўл қўйилди. Вакиллар сони етарли бўлмаса-да, бировнинг номидан овоз бериш ҳолатлари кузатилди. Овоз тўплашда нохолисликка йўл қўйилди. Биз ушбу сайловдан норозимиз ва қонун бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаймиз", дейилган бир гуруҳ фуқаролар номидан ижтимоий тармоқда эълон қилинган мақолада. "Дастлаб сайловга икки номзод кўрсатилган эди. Сайловдаги икки номзод бўйича сайлов бюллетени ҳам чиқарилганди. Аммо сайловга бир кун қолганда учинчи номзод қўшилиб, сайлов бюллетен қайтадан чоп этилган. Учинчи номзод қаердан пайдо бўлганини ҳақида бизга тушунтириш ҳам берилмади. Сайловда айнан шу учинчи номзод сайланди ва шу номзодга овоз бериш ҳақида сайлов жараёнида маҳалладаги ишчи гуруҳ раиси А.Бобоқулов томонидан яширинча тарғибот ҳам қилинди. Овоз тўплашда шу тариқа қонун бузилишига йўл қўйилди. Вакиллар айнан учинчи қўшилган номзодга овоз бериши кераклиги ҳақида огоҳлантирилган", - дея мақолада "яширин мурожаат"чининг фикр¬ларини илгари сурилган.

МУРОЖААТ ЗАМИРИДА НИМА МУЖАССАМ 

Ижтимоий тармоқда эълон қилинган мақола таҳлилсиз бир томонлама ёзилганлиги шундан маълумки, сайловдан норози бўлаётган вакиллар ёки фуқаронинг шахси нима учундир муаллиф томонидан "сир" сақлангани қизиқ ҳолат. Маҳаллада ўтган сайловдан норози бўлаётган "бир гуруҳ фуқаролар" ни шахси нима учун очиқланмасдан қолдирилаяпти!? 

Мақола эълон қилингач таҳририятимиз ходимлари бўлиб ўтган сайлов жараёни, сайловдан норози бўлаётган фуқароларнинг мақсади, бу борада маҳалла раиси (оқсоқоли)  сайловини ўтказишга кўмаклашувчи комиссия аъзолари, сайловда овоз бериш ваколатига эга вакиллар ва жамоатчиликни фиклари билан қизиқди.

Маълум бўлишича, маҳаллада бўлиб ўтган сайловдан шу маҳаллада истиқомат қилувчи, Каттакўрпа маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзод сифатида рўйхатга олинган, сайловда 68 та овоз билан раисликка сайланмаган Улфат Қаюмовнинг ўғли Бегзод Қаюмов норози бўлиб, отаси Улфат Қаюмовни манфаатларидан келиб чиқиб, маҳалла аҳолисини номидан (!) шикоят қилган. Кейинчалик маҳаллада бўлиб ўтган сайловга доир шов-шувли мақола ижтимоий тармоқда эълон қилингач, ушбу масала маҳалла фаоллари, сайловни ўтказишга кўмаклашувчи туман комиссияси вакиллари томонидан муҳокамага қўйилиб, ўрганиш ўтказганларида мурожаатчи Б.Қаюмов маҳаллада ўтган сайловлар бўйича ҳеч қанақа шикоят ва эътирозлари йўқлиги тўғрисида ёзма маълумот берган. 

Хўш, сайлов бўйича норози бўлиб ижтимоий тармоқ журналистларига мурожаат қилган Бегзод Қаюмовнинг мақсади нима унда? Шов-шув кўтариш орқали раисликка сайланмай қолган отаси манфаатларини ҳимоя қилиш бўлганми? Ёки раисликка сайланган Пўлат Салоҳиддинов билан шахсий адоватлари борми?

Ижтимоий тармоқдаги шов-шувлардан кейин маҳалла раислигига 109 та овоз билан сайланган Пўлат Салоҳиддинов ушбу вазифага киришишликдан бош тортиб, раисликдан озод этишни сўраб ариза билан мурожаат қилган.

МАҲАЛЛА РАИСЛИГИ МУКОФАТ ЭМАС

Қадимий ривоятларда халқимизнинг элбоши, тўда саркори ёки оқсоқолларининг қахрамонликлари ҳақида кўп ўқиганмиз, эшитганмиз. Улар ўз халқи, фуқаролари учун керак бўлса ширин жонларини ҳам аяшмаган. Бугун юрт устуни, дея эътироф этилаётган маҳалла оқсоқолларидан ана шундай фидоийлик ва қаҳрамонлик талаб этилади.

Каттакўрпа маҳалла фуқаролар йиғини раислигига номзоди қўйилиб, одамларнинг ҳоҳиш истаклари асосида оқсоқолликка сайланган Пўлат Салоҳиддинов ушбу масъулиятли вазифани ўзига "мукофот" деб ўйлаган кўринади. Аввалига иштиёқ билан оқсоқоллик қилишга аҳд қилган П.Салоҳиддинов битта-иккита норози кайфиятдаги фуқароларнинг ташаббуси билан ижтимоий тармоқда кўтарилган шов-шувдан кейин халқ томонидан ишониб топширилган масъулиятли вазифани ташлаб қочмоқда! Шу ўринда айтмоқчи бўлганимиз маҳалла раислиги ҳеч кимга берилган мукофат ёки амал эмас. Халқ ишониб сайладими, ушбу вазифани сидқидилдан бажариш ҳар бир фуқаро учун бурч. Аввало,  маҳаллани юкини елкага олишдан олдин ҳар хил уйдирмаю низоли ҳолатларни бартараф этишни ўйлаб кўриш керак эди. Халқимизнинг ўтмишидан маълум, иродаси бўш ва мўрт, беқарор инсонлар нафақат ўзини, атрофидаги инсонларни ҳам доимо ташвишга қўйиб келган.

САЙЛОВДА ҲАҚИҚАТДАН ҲАМ ҚОНУН БУЗИЛИШИ КУЗАТИЛГАНМИ?

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ўтказишга кўмаклашувчи туман комиссияси масъуллари, маҳаллада сайловни ўтказишга кўмаклашувчи комиссия аъзолари ва фаоллар билан суҳбатда бўлдик.

- Яқинда маҳалламизда бўлиб ўтган сайловда қонун бузилишлари кузатилганлиги тўғрида ижтимоий тармоқларда мақола эълон қилинди, - дейди Каттакўрпа маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси раиси Абдурауф Бобоқулов. - Мақолада эътироф этилган айрим фикрларга мутлақо қаршиман. Тўғри, ҳужжатларни тўлдиришда айрим камчиликларга йўл қўйилган бўлиши мумкин. Лекин бу сайлов ноқонуний ўтди, дегани эмас. Мақолада "Комиссия раиси Абдурауф Бобоқулов вакиллар орасида Пўлат Салоҳиддиновга овоз беринглар, деган тарғибот ишларини олиб борган" дея мени шаънимга доғ туширадиган исботсиз туҳмат қилинган. Мен сайлов жараёнида ҳеч бир номзодга овоз беришликни сўраб тар¬ғибот қилганим йўқ. Қолаверса бўлиб ўтган сайлов адолат принциплари асосида қонуний ўтди. Овоз бериш жараёни тўлиқ видеотасвирга олинган. Ижтимоий тармоқ журналисти сайлов жараёнида умуман иштирок этмаган,  маҳалла раислигига номзод Улфат Қаюмовнинг ўғли Бегзод Қаюмовни мурожаатини маҳалла аҳолисини мурожаати, дея асос қилиб, шов-шув кўтаришга уринган.


Мақолада келтириб ўтилган эътирозлар тафсилотига тўхталадиган бўлсак, дастлаб раисликка 3 кишини номзоди кўрсатилган. Номзодларни ўрганиш жараёнида бир нафар номзод рад этилган. Шундан кейин учинчи номзод сифатида Пўлат Салоҳиддинов рўйхатга олинган. Бюллетен 13 май 2019 йил йил куни сайловчиларга тарқатилганида қонуний асосда бўлган. Сайловгача бўлган жараёнда бюллетенни тайёрлаш ишларига комиссия аъзоларидан бошқа ҳеч кимнинг аралашишга ваколати йўқлигини барчамиз яхши биламиз. Энди сайловда овоз бериш ваколатига эга бўлган 336 нафар вакиллардан 286 нафари иштирок этганлиги таъкидланмоқда. Сайловга ташриф буюрган 286 нафар вакиллардан 185 нафари ўз ваколатлари доирасида номзодларга овоз берган. 101 нафар вакиллар эса овоз бермасдан кетишган. Саноқ комиссиясининг хулосасига кўра П.Салоҳиддинов 109 та, Т.Эргашев 7 та, У.Қаюмов 68 та овоз олган ва П.Салоҳиддинов маҳалла раиси этиб сайланган. Сайлов якунида комиссия раиси томонидан ўтказилган йиғилишда вакиллар томонидан ҳам кузатувчи сифатида иштирок этган фуқаролар томонидан ҳам сайловга ва овоз бериш жараёнларига нисбатан эътироз ва норозиликлар кузатилмагач қарор қабул қилинган.


Энди мулоҳаза ўзингиздан. Оқсоқолталашлик қилаётган айрим фуқаролар томонидан билдирилаётган фикрлар маҳалладаги муҳитни таранглаштиришдан бошқа нарса эмас. Бугунга келиб турли шов-шувлар сабаб янги сайланган раис ҳам одамлар томонидан билдирилган ишончга нописандлик билан қараб вазифасига киришишдан воз кечиши, кечириб бўлмас ҳолат.

Шуҳрат ҚАРШИЕВ,
Ўзбекистон Журналистлари
ижодий уюшмаси аъзоси.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ