Тадбиркорга имконият ноқонуний ишлаш учун берилмаган, ёхуд солиқчининг кўзи нега "юмуқ"?

0 346

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан тадбиркорларга яратилган кенг имкониятлар, қулайлик ҳамда имтиёзларни бирма-бир санайдиган бўлсак рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Барчасида мақсад битта: тадбиркор ўз манфаати билан бирга, эл-юрт фаровонлиги учун хизмат қилсин. Аммо афсуски, бундай имконият ва шароитларга қарамасдан қонун кўзидан пана ишларни қилишга уринаётган "ишбилармонлар" ҳам борки, уларнинг айримларининг қилмиши жамият ва халқ манфаатларига зарар келтиришдан бошқа нарса эмас.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раҳбарлигида жорий йилнинг 4 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида бюжетга тушумлар ҳажмини ошириш ва солиқ концепциясини тўлиқ ва сифатли амалга ошириш бўйича берилган топшириқларни ижросини таъминлаш тўғрисидаги туман ҳокимлигининг тегишли йиғилиш баёнига асосан туманда фаолият юритиб келаётган савдо корхоналарида олиб борилган назоратларда ана шундай тартиббузарлик ҳолатларига гувоҳ бўлдик.

Туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ҳамда бош¬қа жамоатчилик ташкилотлари билан ҳамкорликда олиб борилган ўрганишларда айрим тадбиркорларнинг давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият кўрсатаётгани маълум бўлди. Ишчи-ходимларни кам кўрсатиб, солиқдан қочиш, белгиланган фаолият тури билан шуғулланмасдан ўзбошимчалик билан иш юритаётган тадбиркорлик субъектлари ҳам аниқланди.

Жумладан, шундай назорат тадбирлари давомида тумандаги Қўштепа маҳалласида истиқомат қилувчи Акрам Шомаматовнинг икки йилдан буён давлат рўйхатидан ўтмасдан туриб, хонадон дарвозалари ҳамда турли темир панжара, чорпоялар ясаш билан шуғулланиб келаётганига гувоҳ бўлдик. Шу ҳудудда яшовчи, алюминдан эшик ва дераза ромлари ясаб келаётган Шунқор Аҳмедовнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи гувоҳномасининг муддати эскириб кетган. Алишер Навоий истироҳат боғида овқатланиш шохобчаси фаолиятини йўлга қўйган Дилноза Рўзиева ҳам давлат рўйхатидан ўтишни "унутиш" билан бирга 4 нафар ходимни ғайриқонуний тартибда иш билан машғул қилиб келмоқда.

Баъзи тадбиркорларнинг давлат рўйхатидан ўтганда кўрсатилган фаолият тури билан шуғулланмасдан ўзбошимчалик билан фаолият турини ўзгартирган ҳолда фаолият олиб бораётганини қандай тушиниш мумкин?! Масалан, Нарзулла Аҳмедов озиқ-овқат маҳсулотлари сотиши жоиз бўлса-да ноқонуний тартибда овқатланиш шохобчаси фаолиятини йўлга қўйган. Бунинг устига бу ерда аслида уч нафар ходим ишласа-да иш берувчи фақатгина бир нафар ходим учун солиқ тўлаб келган, холос. Тадбиркорлар Дурдона Тешақулова, Икром Раззоқов, Шахбоз Шукуровларни бунга мисол қилиб кўрсатишимиз мумкин.

Дарҳақиқат, юқорида таъкидланганидек, реал ишчи-ходимлар сонини яшириш ҳолатлари ўрганишларимиз давомида кўплаб учради. Жумладан, "IKROM TRADE GROUP" ва "Улуғбек" дорихоналари, "ASLAM BEAUTFUL" масъулияти чекланган жамияти, "Фарход табобати" МЧЖ, "Шох Хомдамир" МЧЖ, "Тиан Фарм" МЧЖларда бир нафардан ходимни яширган ҳолда давлатга солиқ тўлаб келган. "Ҳақиқат" х/к дорихонасида эса аслида 6 нафар ходим ишласа-да ҳужжатда 4 та ходим кўрсатилган. "Раззоқов Ҳусниддин сервис" х/к, "Пирамида жўжа маркази" МЧЖларда ҳам худди шундай ҳолатлар кузатилди. Якка тартибдаги тадбиркор Жасур Суяров автомобилларни ювиш шохобчасида ноқонуний равишда икки нафар ходимни иш билан таъминлаб келаётгани етмагандек, фаолиятини ўрганишимиз давомида қўполлик ҳам қилди. Қонунларга нописандлик билан қараб келаётган ушбу "тадбиркор" ким нима деган тақдирда ҳам қўл остида ишлатиб келаётган ишчиларни давлат рўйхатига киритмоқчи эмас!

Гувоҳи бўлганимиздек, бу тадбиркорлар кеча ёки бугундан иш бошлаб қолгани йўқ, фаолиятини йўлга қўйганига камида бир неча йил бўлган. Савол туғилади: шу пайтга қадар уларнинг ноқонуний фаолият юритиши ёхуд ишчи-ходимларни яшириб келиши солиқ идоралари ходимларининг эътиборини тортмадимикан?! Наҳотки, айни пайтга қадар ҳудудга масъул бўлган инпектор бир бор тадбиркорнинг фаолиятига назар солмади?

Хуллас, тадбиркорга имконият кенг, барча имтиёзлар муҳайё. Аммо бу бемалол ноқонуний ишлаш мумкин дегани эмас! Солиқ бу нафақат бюджет тушуми, юртимиз фаровонлигининг манбаи шу билан бирга, сизу бизнинг, фарзандларимиз, ота-оналаримизнинг ризқидир.  Шундай экан, ушбу масалага лоқайдлик қилиб бўлмайди.

Ж.ЖУМАЕВ,
Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
жамияти  туман бўлими раиси.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ