Мактаб таъмирига пул йиғилмайди (ми?)

0 192

Умумтаълим мактабларида навбатдаги ўқув йили якунланмоқда. Айни пайтда тумандаги умумтаълим мактабларида 48 623 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Жорий йилда мактабларнинг 9-синфини 4 056 нафар ва 11-синфини 2 576 нафар ўқувчилар битиради. 26 майдан 15 июнга қадар мактабларда босқичли ва якуний назорат имтиҳонлари ўтказилади.

Ўқув йили якунланиш арафасида айрим ота-оналар ўртасида болам таҳсил олаётган мактабда "синф фонди, мактаб таъмирига" деб пул йиғилармиш,  деган гап-сўзлар пайдо бўлмоқда. Хўш, бу гап-сўзлар қанчалик ҳақиқатга яқин ёки ундан йироқ? 

Биз ушбу саволга жавоб олиш мақсадида туман халқ таълими бўлими мудири ўринбосари Тойир Жуманазаровга мурожаат қилдик.

 - Таълим муассасаларида ҳар қандай пул йиғимлар ноқонуний бўлиб, бу таъқиқланади, - дейди Т.Жуманазаров.  - Бундай ҳолатларни олдини олиш учун барча чораларни кўриб қўйганмиз. Бўлимимиз қошида кузатув кенгаши ташкил этилган бўлиб, унинг асосий вазифаларидан бири ноқонуний пул йиғимларининг олдини олишдир. Синфхоналарни таъмирлаш ёки ўқув йили якунида бошқа мақсадларда ўқувчилардан пул йиғиш асоссиз бўлиб, қайсидир мактабда бундай ҳолат аниқланса, қонун доирасида тегишли чора кўрилади. Шуни алоҳида таъкидламоқчи эдимки, бу каби салбий ҳолатларни олдини олишда ота-оналардан ҳам амалий ёрдам кутиб қоламиз.

Халқ таълими бўлими масъуллари томонидан берилган маълумотларга кўра синф хоналарини таъмирлашда мактабнинг қўшимча хўжалик фаолиятидан ишлаб топилган маблағларидан фойдаланилади. Бундан ташқари, мурожаатларга кўра, айрим мактабларнинг иситиш тизими, электр энергияси таъминоти, мактаб биноси том ва пол қисмларидаги носозлик ва камчиликлар туман халқ таълими бўлими қошидаги Махсус таъмирлаш-¬экс¬плуатация хизмати бўлими томонидан бартараф этилади.

- Жорий йилнинг ўзида тумандаги 42 та умумтаълим мактабида 60 га яқин турли носозликлар тузатилди, - дейди  Махсус таъмирлаш-эксплуатация хизмати бўлими бошлиғи Икром Убайдуллаев. - Йил якунига қадар 10 та мактабда иситиш тизими тўлиқ таъмирдан чиқарилади. 6 та мактабда ҳожатхоналар қурилиши якунланади. 2 та мактабнинг том қисми тўлиқ қайта таъмирланса, 4 та мактабда таъмирталаб ҳолатига келиб қолган қисм¬лари янгиси билан алмаштирилади. 3 та умумтаълим мактабларида айрим синфхоналарнинг пол қисми алмаштирилади. Бу ишларни бажариш учун 1 млрд. 376 млн.сўм миқдорда маблағ йўналтирилади.

Умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг ёзги таътили бошланмоқда. Туман халқ таълими мутасаддиларининг мактаб таъмири учун ота-оналарни безовта қилмаймиз, деб берган ваъдалари ўз исботини топармикан? Буни эса вақт кўрсатади.        

Ғофур ҚАРШИЕВ,
ўз мухбиримиз.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ