Чиптачи қизнинг "йўли тўсилди"

0 340

Гавҳар Абдуллаева 2012-2017 йиллар давомида Каттақўрғон туман Пайшанба шаҳарчасида жойлашган Наврўз Эргашевга тегишли бўлган авикассалардан бирида фаолият кўрсатди. У ўтган мана шу йиллар давомида соҳада яхши тажриба тўплади. Унинг сир-синоатларини ўзлаштирди. Бироқ, Г.Абдуллаева оширган ўз тажрибасини мустақил, ноқонуний фаолият кўрсатган ҳолатда ҳам синаб кўргиси келди...

Қаҳрамонимиз 2018 йил июлда Пайшанба шаҳарчаси Алишер Навоий кўчасидаги бўш турган хонани ижарага олиб, ноқонуний равишда авиакасса фаолиятини йўлга қўйди. Табиийки, қўлида фаолият кўрсатиш учун бирор ҳужжат бўлмаса-да сотаётган чипталарининг асл баҳосига қўшимча 50 ёки 100 минг сўм қўшиб, чипталарни сохталаштириб, мижозларга "беминнат" хизмат кўрсата бошлади. Ўзининг айтишича, унинг бу фаолиятида Самарқанд шаҳридаги айрим ҳамкорлари яқиндан ёрдам берган.


Қонунбузар фаолиятининг ноқонуний бўлиши мумкинлигини ўйлаб ҳам кўрмаган, хорижга чиқиш истагидаги фуқаролар унинг хизматидан фойдалана бошлади. Гавҳар осонгина уларнинг ишончига кирар ва фирибгарлик йўли билан пулларини оларди. Жумладан, ўтган йил давомида Раъно Сартоевадан 1700000 сўм, Феруз Ҳамдамовдан 5 миллион сўм, Шохрух Роупов ҳамда Сожида Роуповалардан 3400000 сўм, Шарофиддин Ориповдан 1700000 сўм, Назокат Отабоевадан 2400000 сўм, Муниса Дадаева ва унинг турмуш ўртоғидан 8200000 сўм пулларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган. Шунингдек, унинг навбатдаги мижозлари Тўлқин Холов ҳамда унинг турмуш ўртоғи Мавжуда Усмоноваларга ҳам 5 миллион сўм эвазига Россия Федерациясига бориш учун сохталаштирилган чиптани тақдим қилган.


Уддабурон чиптафурушнинг бу ҳийлалари узоқ давом этмади. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг саъй-ҳаракати билан ноқонуний фаолият фош этилди.


Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман судида Г.Абдуллаеванинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари муҳокама этилиб, муносиб жазо тайинланди.

Тимур АЛМАМАТОВ,
Жиноят ишлари бўйича 
Каттақўрғон туман суди раиси.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ