Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Абдукамол Раҳмонов китоб жавонидаги “жавоҳирлари”ни ўз мактабига совға қилди

0 118

“Бу туҳфа сарфлаган билан адо бўлмайди, қанча фойдалансанг шунча қиммати ортади, уни бировга бериб турсанг давлатинг камаймайди, у эскириш нималигини билмайди, кеча-кундуз сен билан бирга, уйда ҳам йўлда ҳам сенга ҳамроҳ, бу дунёю у дунё фақат яхшилик келтиради, у йўлдош ва кўмакчи, кўнгилли суҳбатдош ва содиқ дўст” деб ёзиб қолдирган экан китоб ҳақида тарихчи олим Иброҳим ал-Байҳақий. 

Дарҳақиқат, инсон учун китобдан ўзга азизроқ дўст топиш мушкулдир. Шу боисдан одамзод яшар экан ҳамиша маънавий озуқага эҳтиёж сезади. Юксак бадиий савияли, эзгуликка чорловчи, яхшилик йўлида хизмат қиладиган асарлар, маданият дурдоналари асрлар ўтсада ўз қадри қимматини йўқотмайди, замон ва миллат танламайди. Зеро, азал-азалдан китоб ўтмиш ва келажак ўртасидаги маънавий кўприк вазифасини бажарган.
Сўнги йилларда юртимизда китобхонлик маданиятини оширишга, китобхонликни тарғиб қилишга қаратилган бир қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. Айниқса, Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларни китоб мутолаасига бўлган қизиқишларини юксалтириш масалаларига жуда катта эътибор қаратилмоқда.

Мамлакатимиз келажагига таъсир этувчи ушбу ташаббусда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вакиллари, зиёлилар, ижодкорлар ҳам фаол иштирок этишмоқда.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси  аъзоси, Хоразм Маъмун академияси фахрий аъзоси ва Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий кенгаши раиси ўринбосари  Абдукамол Рахмонов ҳам ёшларни китобхонликка кенг жалб этиш ҳамда уларни билимли, малакали кадр бўлиб улғайишига кичкинагина бўлса-да хиссасини қўшиш мақсадида ўзи ўқиган Каттақўрғон туманининг қир-адирликларида жойлашган 73-сонли умумтаълим мактабига ташриф буюрди.  

Ўқувчи ёшлар, устозлар, фахрий ўқитувчилар, қишлоқ аҳолиси йиғилган учрашув қадрдонларнинг самимий суҳбати тарзида кечди. Абдукамол Рахмонов йиғилганлар билан болалик хотираларини ўртоқлашди. Ўқувчилик йилларидаги шароит, болаликдан уйғонган китобга бўлган меҳр-муҳаббати, ўқиган китоблари, халқ оғзаки достонларига бўлган қизиқиши,  оилада ва ўзи таълим олган 73-умумтаълим мактабида устозлардан олган сабоқлари ҳақида тўлқинланиб гапирар экан, ўша ёшликда олинган билим бугун ҳаёт йўлларини чароғон этаётганини айтиб ўтди. 
– “Мен қўшин тортмасдан Хитойдан Хуросонгача бўлган ҳамма мамлакатларни эгалладим. Қайси мамлакатни эгалламоқчи бўлсам, фармонга қўшиб битта шеърлар тўпламимни жўнатдим” – деган экан бобокалонимиз Алишер Навоий. Бу бебаҳо сатрлар бугунги кунимизда ҳам долзарблигини йўқотмаган – дея сўз бошлади Абдукамол Рахмонов. – Ҳозирда ҳам кимнинг билим салоҳиёти кучли, маънавияти юқори бўлса, ҳамма марралар, ютуқлар ўшаники бўлади. Шунинг учун ҳам Президентимиз илм-фан, маънавият, маърифатга, олимлар ҳамда ёзувчиларнинг мавқеини кўтаришга, китобхонлик тарғиботига  алоҳида эътибор бериб келмоқдалар. Биз ёзувчилар шунга жавобан, замонамиз қаҳрамонларини, бугунги ислоҳотларнинг тарихий аҳамияти тўғрисидаги бадиий асарларни кўпайтиришимиз, сиз ўқувчилар эса берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, ҳар дақиқа, ҳар бир сонияни илм олишга сарфлашингиз лозим. Шундагина ватанимизнинг ҳақиқий таянчи, суянчига айлана оласиз.
Қизиқарли суҳбатдан сўнг мактабнинг иқтидорли ўқувчилари ўзларининг адабий-бадиий чиқишлари билан йиғилганлар таҳсинига сазовор бўлишди. 

Шундан сўнг Абдукамол Рахмонов ўз китоб жавонидаги 400 дан ортиқ китобларини мактаб кутубхонасига тақдим этди.

Бундан ташқари, 661 нафар ўқувчи таҳсил олаётган 73-сонли мактабнинг энг иқтидорли, билимли ўқувчиларни рағбатлантириш учун “Ватан келажаги – билимли ва маънавиятли ёшлар қўлида” номли викторина ўтказилиб ғолиб ва совриндорларга ёзувчининг махсус совғалари, ўзи томонидан ёзилган бадиий ва публицистик асарлар топширилди.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ