Юк ташиётган автоуловларни ким назорат қилади? улар марказий кўчаларни ифлослантирмоқда

0 139

Бугун сир эмаски, қайси бир марказий кўчага қараманг қум, шағал, тупроқ ёки бошқа юк ортган ҳолда ўз манзилига ошиқаётган юк машиналарига кўзингиз тушади. Табийки, усти очиқ ҳолда ташиб кетилаётган юк кўчаларни ифлосланишига олиб келмоқда. Бундай нохуш ҳолатларни олдини олишни кимдир назорат қиладими, деган ҳақли савол туғилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 майдаги қарори билан Ўзбекистонда автомобиль транспортида юкларни ташиш қоидаларига ўзгартириш киритилган эди.Унга кўра, қурилиш материалларини, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, саноат ва озиқ овқат товарларини, шунингдек бошқа тўкиладиган юкларни (иссиқ асфальт, йирик габаритли ва оғир юклардан ташқари) очиқ автотранспорт воситаларида ташишда юк мажбурий тартибда брезент ёки бошқа қалин материал билан қопланиши лозим.
Шунингдек, автотранспорт воситаларини қурилиш объектларидан умумий фойдаланиладиган йўлларга кузов ва ғилдиракларни ювмасдан чиқишига йўл қўйилмайди.

Хўш, айни вақтда йўлларда бу қоидаларга қанчалик амал қилинмоқда? Тан олиб айтиш керакки, туманимиз ҳудудида бу тартибга амал қилмай ҳаракатланаётган юк машиналарни деярли ҳар куни, ҳар соатда учратиш мумкин.
Бу эса туман йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларини масалага етарлича эътибор қаратмаётганлигидан далолатдир.

Ушбу ҳолатга изоҳ олиш мақсадида туман ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими бошлиғи Илҳом Тошпўлатов билан суҳбатлашдик. 

- Тўғри, бу борада бўлимимиз ходимлари томонидан юк автомашиналари ҳайдовчилари ўртасида тушунтириш тарғибот ишлари олиб борилмоқда, - дейди туман Ички ишлар бўлими Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими бошлиғи Илҳом Тошпўлатов. - Аксарият ҳолларда юқоридаги каби нохуш ҳолатлар кузатилаётгани рост. Буни олдини олиш бўйича қатъий чора-тадбирлар кўрамиз.

Дарҳақиқат, юртимизда кунлар исиб, қурилиш ишлари айни авж палласига чиқмоқда. Кимдир уй қураётган бўлса, кимдир бошқа бир қурилиш қилмоқда. Қурилиш бўлган жойда хомашиёга эхтиёж бор. Хомашё эса юк машиналари томонидан палапартишлик билан белгиланган тартибда ташилмаяпти. Ободлик ва озодалик ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиз. Шундай экан, масалага бевосита масъул бўлган Йўл ҳаракати хавфсизлиги мутасаддилари тарғибот ишларини олиб бориш баробарида тартиб қоидаларга нисбатан нописандлик билан қараётган юк автомашиналари ҳайдовчиларига нисбатан кескин чоралар кўриши талаб этилади.

Ш.ҚАРШИЕВ,
журналист.





Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ