Рамазоннинг бир даҳаси ўтди

0 158

Рамазон ойи ойлар ичра энг муқаддас, Аллоҳ таолонинг бандаларига меҳри, раҳмати ва мағфирати ёғиладиган ойдир. Бу ойда рўза тутиб, хулқ-атворимизни тўғрилаб, ҳалолликка интилишимиз, ота-она ва яқинларимиз, эътибор ва ғамхўрликка муҳтож қўни-қўшнимизга кўпроқ яхшилик қилиш, ёмонликлардан, бировга озор беришдан тийилишимиз орқали Яратганнинг биз, бандалар учун меҳри янада ортишига сабаб бўлади.

Рамазонда рўзадорнинг қорнини тўйғазиш, ифторлик қилиб беришнинг савоби улуғ. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини ҳатто денгизнинг ёнида яшаса ҳам бир томчи сувнинг исроф бўлишига йўл қўймаслигига даъват қилганлар. Бундан, исрофгарчилик ниҳоятда оғир гуноҳ эканлигини англаш мумкин. Жумладан, ифторликларда бундай ҳолатга йўл қўйиш савоб ўрнига гуноҳ орттириб олиши мумкин. Саҳиҳ ҳадисларда бир киши бир рўзадорнинг қорнини тўйғазса унинг тутган рўзасининг савобичалик савобга эга бўлиши айтилган. Агар киши рўзадорнинг қорнини тўйғазишга қурби етмасдан бир хурмо билан, борингки бир пиёла сув билан сийласа ҳам ўша савобга эга бўлиши Пайғамбаримиздан ривоят қилинган ҳадисларда келтирилган. Бу ҳадисдан ресторанда жамики рўзадорларни йиғиб ифторлик бериш назарда тутилмаяпти, дастурхонга топганини қўйиб, дуою хайрдан умидвор бўлиш, Аллоҳдан мукофот кутиш назарда тутилган. Ресторанда ёки дабдабали ифторлик қилиб беришга қодир кишилар тўшакка ётиб қолган бемор, ногиронлар, ота-она меҳридан мосуво фарзандалар, яқинлар меҳрига зор кекса-нуронийлар, боқувчисини йўқотиб, ҳалол йўл билан тўрт-беш боланинг қорнини тўқ, устини бут қилишга уриниб турган онаизорнинг ҳолидан хабар олиб қўйса, инъом-эҳсон қилса улкан савобга эга бўлади. 

Рамазон ғанимат, унинг биринчи ўн кунлиги, яъни бир даҳаси ортда қолди. Саховатга, ибодатга, Аллоҳ розилигини топмоқликка шошилишимиз даркор. Бу ойда қилинган яхши амал бошқа ойлардагига нисбатан мукофоти минг чандон ортиқ бўлади. Ишонч ва эътиқодда қилинган дуода хайр бўлади, Яратганнинг наздида у албатта, ижобат бўлади.

Абдирауф БОБОҚУЛОВ.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ