Замонавий ва кўркам шаҳарча бунёд бўлади

0 95

Шу кунларда кўпчилик ҳамюртларимиз туман марказидаги иморатларни шиддат билан бузилаётганига ҳайрон бўлишаётгани рост. Ҳар хил гап сўзларга ишониб юрганлар ҳам йўқ эмас. Шу ўринда туман ҳокимининг 2019 йил 25 февралдаги "Каттақўрғон тумани Пайшанба шаҳарчаси А.Навоий ва А.Темур кўчалари ҳамда Кадан маҳалласи чорраҳасидаги мавжуд турар ва нотурар жой бино иншоотларини қайта қуриш ва реконструкция қилиш тўғрисида"ги қарори асосида олиб борилаётган ишлар кўламига тўхталмоқчимиз.

Истаймизми йўқми замон шиддаткор ва бир жойда тўхтаб қолмайди. Бугун юртимизнинг қай бир гўшасига қараманг замонавий қиёфа, бунёдкорлик ишларига кўзингиз тушади. Янги турар жойлар, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, тадбиркорлик ва ижтимоий-инфратузилма объектларининг барпо этилиши юртдошларимиз турмушига янгича мазмун бағишламоқда.


 Туман раҳбари томонидан бундай қарорни қабул қилишга нима мажбур этди. Масаланинг моҳияти, қарордан кўзланган мақсад ва вазифалар кўлами юзасидан туман бош меъмори Суҳроб Тўхтамуродовни суҳбатга тортдик.


- Маълумки, ушбу ҳудудда қурилган бино ва иншоотлар бундан анча йиллар олдин қурилган ва тартибсиз жойлаштирилган, - дейди Суҳроб Тўхтамуродов. - Бугунга келиб туман маркази замонавий архитектура ва шаҳарсозлик талабларига мутлақо жавоб бермайдиган даражага келиб қолган. Шунинг учун ҳам жорий йилнинг 22 февраль куни туман ҳокимлиги, тегишли ташкилотлар ҳамда бир гуруҳ тадбиркорлар иштирокида туман ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда туманнинг Пайшанба шаҳарчаси А.Навоий ва А.Темур кўчалари ҳамда Кадан маҳалласи марказидаги мавжуд турар ва нотурар жой бино-иншоотларни қайта қуриш ва ¬реконструкция қилиш, кўчаларнинг меъморий қиёфасини бугунги кун талабларига мос равишда ўзгартириш масаласи атрофлича муҳокама қилинган эди. Ҳудуддаги мавжуд турар ва нотурар жой бино-иншоотлар архитектуравий ечимга эга бўлмасдан ўта тартибсиз қурилганлиги, биноларнинг олд кўриниш қисмлари замонавий архитектура ва шаҳарсозлик талабларига жавоб бермаслиги, нотурар жой бинолар олдида автомобиллар тўхташ жойлари ташкил этилмаганлиги оқибатида асосий кўчаларда тирбандликлар юзага келаётганлиги ва мавжуд бино ва иншоотлар қурилишида ёнғин хавфсизлиги ҳамда санитария талаблари ҳисобга олинмаганлиги сабабли ушбу ҳудудда жойлашган барча бино ва иншоотларни замонавий архитектура талаблари асосида капитал реконструкция қилиш ва қайта қуриш эҳтиёжи туғилди. Бу таклиф йиғилиш қатнашчилари томонидан қўллаб-қувватланди. Эндиликда капитал реконструкция қилиш ва қайта қуриш жараёнида ҳудудда жойлашган турар жой бинолари ўрнида замонавий лойиҳалар асосида кўп қаватли уй-жойлар қурилади. Мавжуд нотураржой биноларининг аксарияти, ёки янада аниқроқ қилиб айтганда 90 фоизига яқини меъморчилик ва шаҳарсозлик талабларига жавоб бермайди. Шунинг учун ҳам аҳоли ва тадбиркорларимизнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бу бинолар бузилиб, уларнинг ўрнида замонавий қурилиш объектлари қад кўтаради. Янги қурилиши режалаштирилган объектлар қаторида камида икки қаватли савдо дўконлари, супермаркет, умумий овқатланиш ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчалари қад ростлайди.


Туман архитектура ва қурилиш бўлимидан олинган маълумотларга кўра, реконструкция ва қайта қуриш ишларининг кўлами шу қадар каттаки, унда нафақат туман маркази ҳудуди, балки туман марказидан ўтувчи Дурбеш-Хатирчи автомобил йўлини ҳам созлаш, йўлни кенгайтириш, пиёдалар қатнови учун йўлаклар қуриш, тунги ёритгич чироқлари ўрнатиш ишлари ҳам амалга оширилади. Тумандаги Кадан маҳалласи ҳудудига қўшни бўлган Мундиён маҳалласида ҳам жорий йилда "Обод қишлоқ" дастури доирасида катта ҳажмда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилади ва Мундиён маҳалласи замонавий кўринишга олиб келинади. 


Режалаштирилаётган ишларнинг якунига етказилиши натижасида туман марказининг меъморий қиёфаси тубдан ўзгаради, бу ҳудудда яшовчи аҳолининг яшаш шароити ва уларга хизмат кўрсатиш яхшиланади, марказий кўчаларда ҳаракат хавфсизлиги таъминланади. Туман марказини қайта қуриш орқали ушбу ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш, кўплаб янги иш ўринлари яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.


Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, келгусида М 37 магистрал йўли орқали мамлакатимизнинг тарихий шаҳарлари томон ҳаракатланаётган сайёҳларни Дурбеш-Хатирчи йўли орқали туман маркази орқали ўтишига жалб қилиш устида ҳам иш олиб борилмоқда. Натижада туманда туризмни ривожлантириш имконияти пайдо бўлади. Чунки, сайёҳлар, айниқса чет элдан ташриф буюрувчи меҳмонлар, унча серқатнов бўлмаган, экологик тоза ҳудудлардан ҳаракатланишни ёқтиришади. Уларга туман марказида турли сервис хизматлари кўрсатиш сифатини ошириш орқали жалб этишга астойдил бел боғланган.


Ҳозирда туман архитектура ва қурилиш бўлими томонидан қурилиши режалаштирилаётган объектларнинг лойиҳа-таклифлари ишлаб чиқилган бўлиб, қурилиш ишлари тасдиқланган лойиҳа асосида амалга оширилади.


Бир сўз билан айтганда, яқин бир йил ичида туман маркази замонавий қиёфадаги кўркам шаҳарчага айланади.


Ғ.Қаршиев,
ўз мухбиримиз. 




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ