Ҳожи бобонинг ибрати

0 38

Маҳалламизда иккита бой бўлса, шулардан бири Қосим бобо. Қирқ йил шаҳардаги катта корхоналарда ишлади, фарзандлари тадбиркор, кўплаб дўконлари бор. Хонадони ҳам бошқаларникидан ажралиб туради, уй эмас кошона, дейсиз.

Шу йили Қосим бобо "Пайғамбар ёши" - олтмиш уч ёшни қаршилаши муносабати билан маҳалла аҳли, қавм-қариндошларга ўз ҳовлисида катта ¬зиё¬фат берадиган бўлди. Ҳали туғилган кунига анча вақт бўлса-да, базм¬да зарур бўладиган маҳсулотлар, ноз-неъматларни ҳозирлата бошлади. Ўғилларига айтиб, машҳур хонандаю созандаларни хизматга чорлайдиган бўлди. Ҳовлисининг ўнта жойига катта чироқ ўрнаттирди. Кутилмаганда фақат бир муаммо - қозон-ўчоқ, коса-товоқлар етишмаслиги маълум бўлиб қолди. Сабри етмай, бу масалани ҳам бир ёқлик қилиш учун кенжа ўғлини чақириб, маслаҳат солди.


- Шу ҳам муаммо бўлдию, - деди ўғли отасини тинчлантириб. - Ана, маҳаллада ким тўй-марака қилса, Ҳожи бобонинг қозон-товоқларидан фойдаланади. Ҳамма нарса маҳалла чойхонасида тайёр турибди, яна беминнат - текинга.


- Яхши гапни айтдинг, - деди Қосим бобо. - Текини турганда харажат қилиб нима қиламиз. Ҳожи бобо яхши инсон, "йўқ", демайди. Ўзим бориб сўрайман, баҳонада зиёфатга ҳам чақираман.


Қосим бобо ўғлига яна бир-икки вазифаларни берди-да, йўлга чиқди. Ҳаш-паш дегунча Ҳожи бобонинг уйига келди. Тўқсон уч ёшни қаршилаган Ҳожи бобо кутилмаган меҳмон билан қуюқ сўрашиб, меҳмонхонага чорлади. Бир пиёла иссиқ чой устида суҳбат бошланди. Қосим бобо мақсадини ошкор қилди.


- Қосимбой, мен сизга қозон-товоқ у ёқда турсин, бир дона қошиқ ҳам бермайман, - деди Ҳожи бобо жиддий оҳангда. - Сабаби, сиз маҳалламизнинг энг бадавлат одамисиз. Мен бу идишларни бундан ўн йил муқаддам маҳалланинг бева-бечоралари, кам таъминланган оилаларига ёрдам бўлсин, тўй-маракасини ўтказсин, савоби тегсин, деб олганман. Тўғри, бугун қозон-товоқларим эскириб қолган. Лекин шундай бўлса-да, фойдаланувчилар жуда кўп. Сизчи, шу вақтгача маҳалла учун нима иш қилдингиз? Катта зиёфат уюштириб, дўсту қадрдонларингизнинг кўнглини олишни ўйлабсизу, ярим йилдан буён бетоб ётган қўшнингизникига чиқиб, бир бор ҳол-аҳвол сўрамабсиз! Фикр қилинг биродар, фикр. Бу дунёда кишидан фақатгина қилган яхшиликлару савобли амаллар қолади...


Қосим бобо жуда хижолат тортди. Ҳақиқатан ҳам, шу вақтгача маҳалла учун бирор иш қилмаганлигидан изза бўлди. Ўз-ўзидан уялди.


- Кўзимни катта очдингиз Ҳожи бобо, - деди у юзлари қизариб. - Қаранг, менга бундай гапларни ҳеч ким айтмаганди. Илоҳим, умрингиз узоқ бўлсин! У Ҳожи бобонинг хонадонидан чиқиб кетар экан, ҳозир тўғри касал ётган қўшнисиникига боришни режалаштирди.


Бир неча кундан сўнг Ҳожи бобо ажиб хушхабар эшитди: "Қосим бобо 63 ёшга тўлганлиги муносабати билан маҳаллага янги қозон-товоқ, тўю томошага мўлжалланган стол-стуллар ва катта-катта гиламлар совға қилибди. Барча тўй қилмоқчи бўлганлар улардан беминнат фойдаланаётган экан. Бу саховатпешаликдан бутун маҳалладошлар мамнун эмиш".


Ҳожи бобо оппоқ соқолини силкиллатганча, мириқиб кулди, кўзларида қувонч ёшлари қалқиди. Қўлларини дуога очиб, Яратгандан маҳалланинг сахий кишиси - Қосим бобога узоқ умр, сиҳат-саломатлик сўради.


Муродим УМРЗОҚОВ.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ