Инсон қадри улуғ, хотираси муқаддас

0 179

Пайшанба шаҳарчасида Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 74 йиллигига бағишланган тантанали байрам тадбирлари бўлиб ўтди.

Инсоният бошига мислсиз кулфатлар ёғдирган Иккинчи жаҳон уруши каттақўрғонликлар ҳаётида ҳам оғир асоратлар қолдирган. Минглаб юртдошларимиз юрт осойишталигини сақлаш йўлида жон олиб, жон берган.

 Сана муносабати билан туман ҳокимлиги, корхона ва ташкилотлар ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари туман Маданият саройига жамул-жам бўлишди. Иштирокчиларни туман ҳокими Аъзамхон Бахрамов 9 май - Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан табриклади. Шундан сўнг маданият бўлими бадиий жамоалари ва таълим муассасалари ўқувчилари томонидан ҳарбий полигон яратилиб, ҳарбий техника ва қурол-яроғлар, ҳарбийлар фойдаланган ашёлар намойиш қилинди. Фахрийлар ўтмишнинг оғир дамларини хотирлаб, бугунги дориламон кунлар шукуҳи ҳақида сўзлаб бердилар. Тадбирда Байналминал жангчи фахрийлар туман бўлинмаси раиси Баҳодир Завқиев туман ҳокими Аъзамхон Бахрамовга Ўзбекистон ветеран жангчи фахрийлар ва ногиронлар бирлашмаси ташкил этилганлигининг 25 йиллиги медалини тантанали равишда топширди.
Тадбирдан сўнг иштирокчилар Хотира майдонидаги Мотамсаро она ҳайкали пойига гуллар қўйишди. Пайшанба шаҳарчаси кўчалари бўйлаб Каттақўрғон шаҳридаги ҳарбий қисмнинг ҳарбий техникалари ҳамда Мудофаага кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти ўқув спорт техника клуби машиналари карвони ҳарбий парад намойиш этдилар.



- Яратганга минг бор шукроналар бўлсинким, шундай ёруғ ва фаровон кунларга етиб келдик, - дейди Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Рауп Санақулов. - Шахсан Президентимиз томонидан бизларга кўрсатилаётган ғамхўрликлардан бошимиз осмонга етди. Байрам арафасида туманимиз ҳокими шахсан уйимизга келиб, Президентимиз томонидан йўлланган қутловни етказдилар. Ҳолимиздан хабар олиб, кўнглимизни тоғ қадар кўтардилар. Айтмоқчи бўлганим, илоҳим юртимизга кўз тегмасин. Узоқ ўтмишда қолган қийин кунларни биз кўрдик авлодларимиз кўрмасин асло.
Шунингдек, Афғон уруши қатнашчилари ва жамоатчилик вакиллари туман марказидаги "Номаълум аскар" монументи пойига гулчамбарлар қўйишиб, ўтганлар хотирасига эҳтиром кўрсатдилар.

Ўз мухбиримиз.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ