ЎСМИР КЎЧАНИНГ БОЛАСИ ЭМАС у назоратда бўлиши лозим

0 234

Вояга етмаганлар ўртасида турли кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда умумтаълим мактабларидаги давомат кўрсаткичларини мунтазам назорат қилиб бориш мақсадида тумандаги бозорлар, турли хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳамда жамоат жойларида "Ўқувчи рейди" ўтказилиб келинмоқда. Айрим таълим муассасаларида назоратнинг бўшаштириб юборилганлиги, ўқувчиларни сайёқ юришига олиб келмоқда.

Туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши, ички ишлар бўлими, туман халқ таълими бўлими, "Каттақўрғон ҳақиқати" газетаси ҳамкорлигида ўтказилаётган ушбу профилактик тадбирлар давомида, афсуски, ота-она ва таълим муассасаси педагогларининг назоратсизлиги оқибатида айрим ўқувчилар дарс вақтида кўчада, турли юмушлар билан машғуллиги аниқланди.


Жумладан, Пайшанба деҳқон бозори ҳамда унга туташ кўчаларда ўтказилган шундай назорат тадбирларида 21-умумтаълим мактабининг Муқаддас Абдурасулова раҳбарлик қилаётган 10-синф ўқувчилари Амина Султонова, Нилуфар Абдусатторова, 2-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Беҳруз Неъматуллаев, 46-умумтаълим мактабнинг 10-синф ўқувчиси Оқил Сақлаев ҳамда 98-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Шохруз Сағдуллаевлар дарс вақти бўлишига қарамасдан ўзларининг "муҳим" фаолиятлари билан машғуллиги маълум бўлди. Масалага ойдинлик киритиш мақсадида масъуллар билан суҳбатлашганимизда вазиятни хаспушлашдан нарига ўтмади. Хусусан, рейд давомида дарсга қатнашмасдан бозор ҳудудида юрган Оқил Сақлаев таълим оладиган 46-умумтаълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Актам Қувватов билан суҳбатлашганимизда шундай дейди.


- Ушбу ўқувчимиз уйда онаси касал бўлганлиги учун туман марказига дори олиб келиш учун борган экан, - дейди мактаб директори ўринбосари А.Қувватов. - Мактабда синф раҳбаридан жавоб сўраган. Ушбу масала мактабда синф раҳбари, ёшлар етакчиси иштирокида муҳокама қилиниб, келгусида бундай нохуш ҳолатлар юз бермаслиги юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.   


Ваҳоланки, ушбу ўқувчи билан суҳбат ўтказилганида мактабга сабабсиз бормасдан онасининг қистови билан онасини телефон аппаратини созлатиш учун Пайшанба деҳқон бозоридаги телефон созлаш устахонасига келган. Ана энди масалага ўзингиз ойдинлик киритиб олаверинг. Мактаб директорининг ўринбосари ёлғон гапиряптими ёки ўқувчими?


Ачинарлиси, айрим мактаб ўқувчилари ўртасида сув ва ҳаводек зарур бўлган дарс машғулотини ташлаб, компьютер ўйинлари билан машғул бўлиш ҳолатлари учрамоқда. Мазкур рейд давомида 4-умумтаълим мактабининг 9- синф ўқувчилари Меҳриддин Исломов, Ислом Иззатуллаевлар дарсда бўлиш ўрнига Алишер Навоий маҳалласида жойлашган компьютер клубида турли ўйинлар билан машғуллигига гувоҳ бўлдик. Каттақўрғон шаҳар халқ таълими бўлимига қарашли 9-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Миржалол Шавқиевнинг ҳам кўчада бемақсад юрган ҳолатда учратдик.


Буни қарангки, назоратсизлик шу даражага бориб етяптики, ўқувчилар дарс вақти бўлишига қарамасдан жомеъ масжидларига, ёхуд жума намозларига қатнаш ҳолатларига дуч келяпмиз. Ўқувчи рейди давомида Пайшанба шаҳарчасида жойлашган "Сайид Жалолиддин" жомеъ масжиди дарвозасида 1-ИДУМнинг 2-синф ўқувчиси Муҳаммадсултон Санаев, 8-синф ўқувчиси Ўлмас Файзуллаевлар намозга келаётган фуқароларга "Рўза тақвими" тарқатмасини сотаётганлиги аниқланди. Бу борада ўқувчи Муҳаммадсултон Санаевнинг бобоси Ҳабибулло Файзуллаев билан суҳбатлашганимизда у киши ҳам вазиятни юмшатишга уринди.


- Сизларнинг ёш авлод келажагини ўйлаб олиб бораётган бу ишларингиз жуда ўринли, - дейди Ҳабибулло Файзуллаев. - Набирам ўша куни мени масжидга намозга олиб келган эди. Набирамни бесамар юришга йўл қўймаймиз. Агар ҳаракатимиз ноўрин бўлса кечирасизлар, ушбу ҳолатни такрорланмаслигига ҳаракат қиламиз.


Мана Сизга фарзандини камолига ғамхўрлик кўрсатиши лозим бўлган бобонинг муносабати.


Шунингдек, 4-умумтаълим мактабнинг 7-синф ўқувчиси Сарвар Маматқулов, 4-синф ўқувчиси Аҳмаджон Орипов, 8-синф ўқувчиси Ҳожиакбар Раҳматов ҳамда 2-умумтаълим мактабнинг 6-синф ўқувчиси Муҳаммад Неъматов намоз ўқиш учун келишаётганлиги маълум бўлди. 


Дарҳақиқат, бугун вояга етмаганлар таълим-тарбияси, уларнинг камолоти учун тинимсиз қайғурилаётган айни пайтда катталар томонидан, яъни ота-она, маҳалла зиёлилари, боланинг таълим-тарбияси учун масъул бўлган ўқитувчиларимиз томонидан назорат қўлдан бой берилаётганини қандай тушуниш мумкин?! Агар фарзандлар бахту-камоли учун, уларнинг бирор жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этиб қўймаслиги учун сизу биз кафил бўла олмасак уларни ким ўз қарамоғига олади? Ваҳоланки, айнан уларнинг ёшида ўзибўларчиликка қўйиб қўйиш оқибатида ҳар хил мудҳиш ҳодисалар рўй бераётгани ҳурматли синф раҳбарлари, ота-оналарга сабоқ бўлмайдими? Ўйлаймизки, юқорида номи келтирилган ўқувчиларнинг ота-оналари ҳамда синф раҳбарлар, таълим муассасаларининг раҳбарлари бундан тегишли хулоса чиқаришади. Бу каби рейдлар эса давом этаверади. Зеро, ўсмир кўчанинг боласи эмас, юртимизнинг эгасидир.

  
М.АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши етакчи мутахассиси.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ