Истеъдодли ижодкор 1 500 та китоб совға қилди

0 224

Каттақўрғон тумани Пайшанба  шаҳарчасидаги Маданият саройида истеъдодли шоир ва журналист, “Ўзбекистон овози” ва “Голос узбекистана” газеталари бош муҳаррири ўринбосари Фаррух Ҳамраев иштирокида китобхонликка бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Китобхонлик акцияси доирасида тумандаги 100 та умумтаълим мактабларига 1 500 дона турли адабиётлар совға қилинди.
     Тумандаги маънавият ва маърифат соҳаси вакиллари, зиёлийлар, ижодкорлар иштирок этган китобхонлик хайрия тадбирида дастлаб 3, 4, 10 – умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари томонидан халқимизнинг суюкли шоири Муҳаммад Юсуф хотираси ёдга олиниб, саҳна кўринишлари шеърхонлик чиқишлари намойиш этилди. Шундан сўнг Самарқанд давлат университети профессори, филология фанлари доктори Муслиҳиддин Муҳиддинов, университетнинг филология факультети декани, профессор Жулибой Элтазаров ва бошқа илм-фан фидойилари сўзга чиқишиб, мамлакатимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида китобхонлик ва китобхонлик маданиятини юксак савияга олиб чиқиш борасидаги хайирли ишлар кўлами ҳақида гапирдилар. 
    Тадбирда сўзга чиққан, асли Каттақўрғон фарзанди истеъдодли шоир ва журналист Фаррух Ҳамраев йиғилганлар билан болалик хотираларини ўртоқлашди. Ўқувчилик йилларида китобга бўлган меҳр-муҳаббати, оилада ва ўзи таълим олган тумандаги 17-умумтаълим мактабида устозлардан олган сабоқлари ҳақида тўлқинланиб гапирар экан, ўша ёшликда олинган билим бугун ҳаёт йўлларини чароғон этаётганини айтиб ўтди. Шундан сўнг,  маърифат ва илм фидоийси ўзи билан олиб келган 1 500 та китобларни тумандаги умумтаълим мактабларинг кутубхоналарига совға қилди.
 - Фаррух Ҳамраев туманимиз ёшларини келажакда билимли бўлиб вояга етиши учун ўз ҳиссасини қўшди, -дейди 3-мактаб директори Комила Шерназаровна. -  Бу китобларни ўқиб, ёшларимиз ўзларининг онгу шуури, тафаккурини бойитади, деган умиддамиз. Тўғриси, бундай хайирли ва савобли тадбирдан ўқувчи-ёшлар жуда хурсанд бўлишди.


Ш.Қаршиев.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ