Китоблар қўлма-қўлми ёки...

0 58

Президентимизнинг тавсияси билан бошланган раҳбарларнинг ўзи ўқиган таълим муассасасига бориб китоб совға қилиш акцияси қисқа фурсатларда мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёйди. Халқ таълими вазирлигининг маълумотига кўра ушбу хайрли ташаббус туфайли мактабларнинг китоб фонди 200 мингтага ошган.

Табиийки, ушбу ташаббус туманимизда ҳам юксак қўллаб-қувватланиб, турли даражадаги раҳбар-ходимларнинг умумтаълим мактабларига келиб, китоб совға қилиши мактабларимиз китоб фондининг сезиларли даражада ошишига хизмат қилди. Буларнинг барчаси эзгуликка йўғрилган, баркамол авлод маънавиятини юксалтиришга қаратилган саъй-ҳаракатдир. Бироқ бошқа хавотир туғилади: китоблар ўз ўқувчисини топяптимикан? Ўқувчиларнинг ғайрати жўшиб, тополмай юрган ёхуд шу пайтгача харид қилолмай турган севимли адабиётини топиб, мутолаага шўнғидимикан? Табиийки, бу борада бироз оғриқли нуқталаримиз бор. Негаки, аксарият ёшларимизнинг қалбида китобхонликка бўлган меҳрни уйғота олганимизча йўқ, назаримда.


Сиз ҳам балки гувоҳ бўлгандирсиз, ижтимоий тармоқларда қисқа бир видео тарқалди. Унда эндигина уйқудан уйғониб турган болакайнинг хонага кириб келган "бегона" эркакни танимасдан "ёрдам беринг", дея қичқиргани, шошилиб қолган эркак зудлик билан стол устида турган газетани ўқий бошлаганида бола тинчланиб, бу ўзининг отаси эканлигини билгани, уни бориб қучиб олгани акс этган.


Қисқагина видео ролик, аммо замирида ётган маъно-мазмун ҳақида мушоҳада юритганда кишида бир қанча саволлар пайдо бўлади: фарзандларимиз бизни қай ҳолатда танияпти экан? Ота ё она бўлиб, ҳаётимиз давомида қўлимизга бирор марта китоб олганимизни улар кўрганмикан? Ёки бирор марта уларга "ўғлим ё қизим, мана бу китобни ўқи, мен ўқиб маза қилдим, уни сен ҳам ўқисанг бўлади, жуда маъно-мазмунли экан", деб қўлига китоб тутқаздикми? Дарвоқе, ўқитувчиларчи, дарс чоғида бирор адабиётни севиб мутолаа қилгани, уни дарс машғулотига боғлаб, тарбиявий аҳамиятини кўрсатиб бераётган эканми? Айнан китоб орқали комилликка етиш мумкинлиги, буни ўзининг ҳаётида кўрган-кечирганини айта оладиган, китобхонликда шогирдларига намуна бўладиган устозлар бормикан? Агар ундай бўлмаса, кутубхоналаримизнинг китоб билан тўлиб-тошганидан нима наф? Ахир ўқувчи ўз-ўзидан бориб китоб титкилаб қолмайди-ку. Донишмандлардан бири "Фарзандингизга ҳар қанча насиҳат қилсангиз ҳам, барибир, у кўпроқ феълингизга қараб тарбия топади", деганда нечоғлик ҳақ эканлиги шу ерда намоён бўлади.

Хулоса сизу биздан.

Абдуҳошим ЗИЁДОВ.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ