kathaq@mail.ru

АБУЛ ҲАСАН АНДОҚИЙ: ИБРАТЛИ ҲАЁТ ЙЎЛИ

Тарихдан маълумки, юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби тасаввуф йўналишида ҳам кўпгина алломалар етишиб чиққан. Шулардан бири Абулҳасан Андоқийдир. У машҳур фиқҳ олими Абулкарим ибн Ҳанифа Андоқийнинг набираси бўлади. Тўлиқ исми Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Ҳусайн Андоқий бўлиб, 460/1067-552/1159 йилларда яшаган ва ўша даврда илм ўчоқларидан бири ҳисобланган Бухорода кўпгина уламолардан таҳсил олган. Шулардан бири - ўз даврининг авлиёси саналмиш Юсуф Ҳамадонийдан ҳам таҳсил олган ва унинг иккинчи халифаси даражасига кўтарилган. 

Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг шогирду муридлари кўп бўлиб, улардан энг суюклиси Абдуллоҳ Баррақий, Хожа Ҳасан Андоқий, Аҳмад Яссавийдир. Ҳатто силсилаи шарифда тўққизинчи ҳалқа пири муршиди Хожа Юсуф Ҳамадоний уларни ўзига маънавий фарзанд деб қабул қилган. У вафоти олдидан шундай васият қолдирган экан "Мен вафот этганимдан сўнг жасадимни Абдуллоҳ Баррақий ювсин, Абдулхолиқ Ғиждувоний суясин, қабримни Андоқий қазисин, Аҳмад Яссавий қабримда "Ан-Нозиот"ни ўқиб турсин".
Абулҳасан Андоқий Бухоро фиқҳ мактаби ривожига улкан ҳисса қўшган Шамсул аимма (имомлар қуёши) номини олган Абу Муҳаммад Абдулазиз Ҳалвоийдан фиқҳ ва ҳадис илмларидан таълим олган. 
Аллома ўз даврининг тариқат, тасаввуф илми машойихларидан эди. Бутун умрини илм олиш ва муридларига таълим-тарбия бериш билан ўтказган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг суннатларига қатъий риоя қилар эди. Инсонларни Аллоҳга ибодат қилишга, риёзатни лозим тутишга даъват этарди. 
Андоқий устози Юсуф Ҳамадоний билан Хоразм, сўнгра Бағдодга бирга борган. Самъонийнинг ёзишича, "Биринчи марта у кишини Марвда Шайх хонақоҳида, кейинчалик Бухорода кўрдим ва у зотдан кўп ривоят ёзиб олдим. Абулҳасан Андоқий мени ниҳоятда ҳурмат қилар эди. У кишидан шайх Юсуф Ҳамадоний ривоят қилган ҳадислардан таълим олдим". 
Абулҳасан Андоқий тасаввуфнинг хожагон тариқатига асос солишда Абдухолиқ Ғиждувонийга катта ёрдам берган. Шу тариқа тариқат илмининг етук машойихларидан бирига айланиб, Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг назарига тушган, меҳрини қозонган. 
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Андоқий таълимоти жаҳоний тариқат бўлиб, буни бутун дунё тасаввуф аҳли, барча тасаввуфшунос олимлар эътироф этади. Жумладан, олмон нақшбандийшунос, тасаввуфшунос олими Юрген Паул ўзининг "Die politische und soziale Bedeutung der Naqschbandiyya in Mittelasie im 15 Jahr­hundert" ("XV асрда Ўрта Осиёда нақшбандиянинг сиёсий ва ижтимоий аҳамияти") асарида хожагон-нақшбандия, шунинг­дек, яссавия тариқатларига мансуб 96 пирнинг номини келтириб, Хожа Юсуф Ҳамадоний ва Хожа Абдуллоҳ Баррақийдан кейин Абулҳасан Андоқийни қайд этган.
Ҳазрат Андоқийнинг 1158 йилида Рамазон ойининг охирги учинчи ўн кунлигида, яъни Лайлатул Қадр кечасида вафот этган. У зотнинг қабри Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманига қарашли Андоқсой маҳалласи Андоқсой қишлоғида жойлашган. Мустақиллик давригача шунчаки тош билан айлантириб қўйилган хароба ҳолатда бўлган. 1995 йилдан 2015 йилгача Андоқсой қишлоғи аҳли томонидан ҳашар йўли билан уни обод қилиб, мақбара барпо этилган. 


Бахтиёр ИБОТОВ, 
Имом Бухорий халқаро 
илмий-тадқиқот 
маркази илмий ходими.
Хато топдингизми?

Сичқонча ёрдамида хато қисмини танланг ва CTRL+ENTER тугмачаларини босинг.

Кўрсатилган ойнада муаммони тавсифланг ва маъмуриятга хабарнома юборинг.

Бошқа хабарлар

ҚАДИМИЙ ВА ҲАМИША НАВҚИРОН САМАРҚАНД
Jamiyat / Madaniyat

ҚАДИМИЙ ВА ҲАМИША НАВҚИРОН САМАРҚАНД ..

1996 йил 18 октябрь куни Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги тантаналари доирасида Ў...

МАТЕМАТИКА ФАНИ ЎҚИТУВЧИСИ КЕНГ БИЛИМЛИ ВА ИЗЛАНУВЧАН  БЎЛИШИ КЕРАК
Ta'lim

МАТЕМАТИКА ФАНИ ЎҚИТУВЧИСИ КЕНГ БИЛИМЛИ ВА ИЗЛАНУВЧАН ..

Кейинги йилларда математика фанини ўрганиш, ўргатиш ва ҳаётга татбиқ этишга эътибор...

Изоҳ қолдириш

image

Календарь

«    Октябрь 2021    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031
image

Сайтимизнинг янги кўриниши сизга ёқдими?