Компьютер орзусидаги мактаблар ёхуд дўппини бошдан олиб ўйлаш вақти келди

0 237

Бу фикр бугунги давр тараққиёти билан олиб қараганда энг ғализ ва ишониш қийин бўлган гапдек туюлади. Аммо, афсуски туманимиздаги баъзи умумтаълим мактабларида бу борадаги муаммолар келажак авлод ёшларимизни бугунги ахборот технологиялари ривож топган замондан орқада қолаётганини кўрсатади.

2019 йил 19 мартда Президентимиз бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшларимизга бўлган эътиборни янада кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш, ёшларда ахборот технология¬ларидан фойдаланиш кўникмаларини шакл¬лантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш масалаларига алоҳида урғу берилган эди. Маълумки, давлатимиз раҳбари ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурган эди.


Ташаббуслардан бири, жумладан, аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган. Бунда ёшларни интернетдаги зарарли хуружлардан асраш, уларни ахборот технологияларидан унумли фойдаланишга ўргатиш масалаларига  алоҳида эътибор қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.


Ёшлар тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар қайси жамиятда ижтимоий ислоҳот зарурати юзага келса, ўша жамиятда мактабга, тарбияга эътибор кескин кучайиб, тарбия - жамиятни такомиллаштиришнинг бош воситаси, дея тан олинади. Замонавий мактаб мамлакатни дунё миқиёсидаги ўрни ва нуфузига ўз ҳиссасини қўша оладиган ёш авлодни тарбиялаб етиштириши лозим. 


Бугунги кунда туманда 100 та умумий ўрта таълим мактаби мавжуд бўлиб, уларда 48 684 нафар ўқувчига 5 мингдан зиёд педагоглар таълим-тарбия бериб келмоқда. Маълумки, умумтаълим мактабларида ўқувчиларга 7-синфдан бошлаб информатика ва ахборот технологияларига асосланган фанлар ўқитила бошланади.  Айни дамда, тумандаги 84 та мактабда компьютер бор. Қолган 16 та мактаб эса ҳанузгача компьютер билан таъминланмаган. Туман халқ таълими бўлими мутасаддиларининг таъкидлашича ушбу мактабларни ҳам компьютер техникаси билан таъминлаш борасида вилоят халқ таълими бошқармасига мурожаат қилинган. Аммо муаммо қачон ҳал бўлади буниси қоронғу. Ачинарли томони компьютер билан таъминланган умумтаълим мактабларида ҳам ундан фойдаланиш даражаси жуда пастлигича қолмоқда. Айрим мактабларда синф хоналари етишмаслигини баҳона қилиб, компьютер хоналари ажратилмаган бўлса, айримларида компьютерлар номигагина қўйилган бўлиб, улардан деярли фойдаланилмайди. Интернет тармоғига уланишни-ку айтмай қўяқолинг.


Гапимизнинг исботи ўлароқ, бугунги кунда 450 нафар ўқувчи таълим-тарбия олаётган туман марказидан унча олис бўлмаган 16-умумтаълим мактабида бугунги кунда бирорта ҳам компьютер синфи ва бундай технологиялар йўқлигига нима дейсиз?! Ваҳоланки, мактаб интернет тармоғига ҳам уланмаган, бу борада бирор имкониятга эга эмас. Ушбу муаммо юзасидан мактаб директори вазифасини вақтинча бажарувчи Т. Мирзаевга мурожаат қилганимизда, у раҳбар бўлиб тайинланганидан буён ушбу масалада туман ва вилоят халқ таълими бўлим ва бошқармаларига бир неча бор мурожаат қилганини, бироқ муаммо ҳалича ўз ечимини топмаганлигини эътироф этди.


- Мактабимиз 210 ўринли бўлгани боис синфхоналар етишмаслиги билан боғлиқ муаммолар ҳам бор, - дейди мактаб директори Таълант Мирзаев. - Табиийки компьютер синфи ҳам, унинг ўзи ҳам йўқ. Фақатгина 2 нафар инглиз тили ўқитувчиларимиз ўз ноутбукларидан фойдаланган ҳолда машғулот олиб боришини айтмаганда бирорта дарс инновацион ахборот технологиялари ёрдамида ўтилмайди. Бу ўз-ўзидан таълим сифат ва самарадорлигига ҳам салбий таъсирини кўрсатмай қолмайди. Қувонарлиси, айни пайтда мактабимизга 120 ўринли қўшимча бино қурилмоқда. Келгусида ушбу бино фойдаланишга топширилгач, айни муаммоларга ҳам барҳам берилиб, замонавий технологиялар билан жиҳозланишига эътибор қаратилади, деган умиддамиз.


Афсуски, бундай муаммоларни 31, 43-умумтаълим мактабларида ҳам кузатишимиз мумкин. Бугун илм-фан ва технологиялар тараққиётини замонавий ахборот технологияларисиз тасаввур қилиш қийин бўлган бир пайтда, ўқувчиларнинг бу борада саводсиз бўлиб қолаётгани кимнидир ташвишлантиряптимикан?! Тумандаги 43, 31-умумтаълим мактабларида эса компьютер хоналари ажратилиб, улар керакли шаклда жиҳозланган бўлишига қарамай, бу таълим маскани ўқувчилари ҳали ҳам компьтер олиб келиниб ўрнатилишига маҳтал бўлиб ўтиришибди.


Шунга қарамасдан, айрим умумтаълим мактабларида ушбу йўналишдаги шароитларни қониқарли, дейиш мумкин. Жумладан, тумандаги 2-умумтаълим мактабида бугун 845 нафар ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Мактабда 3 та компьютер синфи бор. Уларда 34 та компьютер мавжуд бўлиб, 26 тасидан фойдаланилмоқда (8 таси носоз). Компьютерлар интернет тармоғига уланган. Ўқувчиларнинг информатика ва ахборот технологиялари фанларида назарий ўзлаштирилган билимлари амалий машғулотлар орқали мустаҳкамланмоқда.


Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, мактабларни замонавий ахборот технологиялари билан таъминланиш даражаси жуда ночор. Иккинчидан, муаммонинг яна бир тарафи табиячи, яъни ўқитувчига бориб тақалади. Ушбу технологияларга эга ва бевосита интернет тармоқларига уланиш имконият бор мактабларда ҳам етарли билим ва кўникмага эга бўлмаган ўқитувчиларнинг фаолият олиб бориши натижасида бу йўналишдаги таълим тизимида ўзгаришлар сезилмаяпти. 


Албатта, бу масалани бирданига ечиш қийин, лекин уни ечмасдан туриб, келажак авлодни тарбияси тўғрисида гапиришнинг ўзи ноўрин. Лекин, ёш авлодни ташқи виртуал хуружлардан ҳимоя қилиш, уларда миллий истиқлол ғоясини шакллантириш, интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланишни замоннинг ўзи талаб қилмоқда. Агар, бугун биз ёшлар онгида бу бўшлиқни тўлдира олмасак, уни албатта қайсидир ёвуз мақсадли кучлар эгаллаб олади. Натижада, ёшларимиз турли ғараз ниятли ёд ғоялар таъсирига тушиб қолади.


Умумтаълим мактабларида компьютер саводхонлигини чуқур ўзлаштириш масаласидаги оқсоқликлар қачонгача давом этар экан?! Таълим тизимида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар шабадаси ушбу таълим муассасаларига қачон кириб боради?! Ўйлаймизки, бу масалада тизим раҳбарлари дўппини бошдан олиб ўйлаб кўрадиган замон аллақачон келган.


Ғ.ҚАРШИЕВ, А.ЗИЁДОВ,  
"Каттақўрғон ҳақиқати" мухбирлари.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ