Сукунатни ларзага солган ҳайқириқ

0 421


Тун ўз ўрнини яна бир нурафшон кунга бўшатиб бераётган, қуёш заррин нурларини борлиқ узра ёйишга интилиб, бутун оламни мунаввар қилишга шайланаётган тонг саҳарда нохосдан унча узоқ бўлмаган масофада қулоқларга эшитилган, дод солиб ингранган йиғи овози атрофдаги мискин сукунатни бузиб юборди. "Болам, бечора болам...". Мунг­ли, қайғули, ҳасратли йиғи товуши...

Кўчамиздан ўтиб бораётган автоуловдан бир кишининг баланд овозда жанозага чақириғи эшитилди. Ҳа, яна бир қайғули хабар. Қанчалик ҳасратли ва киши кўнглини эзувчи мунгли хабар бу.
Жаноза манзили таниш инсонлардан бўлгани сабабли хабарчидан қайғули хабар сабабини билишга уриндим.  Абдиаҳад аканинг ўғли Мираброржон Россияга ишлаш учун кетган эди. Нимадир бўлибди-ю ўша ерда ўлибди. Тўққиз кун деганда шу кечаси унинг жасадини зўрға олиб келишди...

Мираброр касб-ҳунар коллежини тугатди. Ўша йили ўқишга ҳужжат топширди. Лекин, омади чопмади. Ўқишга киролмади. Уйида у-бу юмушларни бажариб юрди. Баъзида ўзи тенги ўртоқлари билан ишлаб, тўрт-беш сўм пул ҳам топди. Лекин, бу унинг кўнглига таскин бермади. Йиллар кетидан йиллар ўтди. Мираброрнинг наздида ҳаёт зерикарлидай туюлаверарди. Бу орада қишлоқдаги кўпчилик ўзи тенгилар бошқа юртларга бориб ишлаб қайтишарди. Улар келганида дўстлар бирга бўлишар ва суҳбат қуришарди. Суҳбат давомида яқинда келганлар у юртларда ҳаёт бошқачалиги, сал ҳаракат қилсанг мўмайгина пул топиш осонлигини бот-бот такрорлашар, Мираброр эса уларнинг бу чўпчакларига ростакамига ишонар ва тезроқ ўзи ҳам уларга қўшилиб ўша томонларга боригиси келаётганини яшириб ўтирмасди. Тўғри, у бир неча бор дўстларига қўшилиб ўзга юртларга ишга кетмоқчи бўлди, лекин унинг ота-онаси рухсат беришмади. Чунки, отаси ўзга юртга бориб келгани боис, у юртларга бориб ишлаш машаққати нима эканини яхши биларди. Шунинг учун ҳам ўғлининг шу азобларга гирифтор бўлишини мутлақо истамасди.

Мираброр барибир ўз айтганидан қолмади. Тошкентга бориб ишлаб келаман, деган баҳона билан уйдан чиқиб кетди. Шу ерда озроқ ишлаб, йўлкира пулини тўплади-ю ўзга юртга ишга кетди. Бегона юрт, бегона одамлар, бошқача шарт-шароит. У уёққа борди-ю, фақат шундан кейингина ёт юртларлардаги иш кўлами қийинчиликларини ўз кўзи билан кўрди, машаққатини ҳис қилди. Лекин, шунча йўлга келиб, дарров қайтиб кетишни ўзига эп билмади. Нима бўлса ҳам барча қийинчиликларга чидаб, бирор йил ишлаб, тўрт-беш сўм пул топиб, кейин уйга қайтишни режа қилди. Бу ерларнинг об-ҳавоси ҳам мутлақо бошқача. Кунда, кун ора ёмғир ёғади. Намлик юқори. Бажараётган ишини ҳам осон деб бўлмайди. Ботқоқликда йиқитилган дарахтларни бутаб, майдонга олиб чиқиш керак. Мираброрнинг жуссаси кичикроқ бўлгани сабабли узунлиги бир неча қулоч келадиган оғир дарахтларни кўтариши қийин кечарди. Кечга бориб чарчоқдан бутун танаси зирқираб оғрирди. Ўзи билан бирга ишлаётганлар орасида эса бажарилаётган ишнинг асосий қисмини янги қўшилганлар гарданига юклаб, ўзлари енгил-елпи ишлар билан кунини ўтказаётганлар ҳам топиларди.  Мираброр бу ноҳақликка узоқ чидай олмади. Бир куни ёнидагиларга: - ишласак, ҳаммамиз бирдек ишлайлик, бизга оғирлик қиляпти. Иш ҳақини бир хил оляпмиз-ку, -деди. - Тилинг чиқиб қолибдими? Соч-соқолини ўстириб олган кавказ миллатига мансуб барзанги шерикларидан бири шу савол билан унга яқинлашди. - Бугундан бошлаб менинг ўрнимга ҳам сен ишлайсан. Агар, яна бир бор гап қайтарсанг, сен билан бошқача гаплашаман... 

- Ишламасам нима қиласан, урасанми? 
- Мен сени урмайман, биратўла ўлдириб қўя қоламан. Бу ўрмонда ўлигингни ҳам топишолмайди. Бир ўзбекни нега ўлдирдинг, деб ҳеч ким сўрамайди ҳам. Бўл, келгинди, кўп гапирмай ишга кириш, имиллама.
Шеригининг бу гаплари унинг жон-жонидан ўтиб кетди. Жаҳл билан ёнида турган узунроқ бир ходани олди-ю у томонга талпинди. Барзанги шериги худди шуни кутиб тургандай, бир илдам ҳаракат билан Мираброрнинг ҳамласига чап бердида, нохосда қўлида ушлаб турган болтасини у томонга отди. Ўткир тиғли болта нақд Мираброрнинг қулоқлари аралаш бошига келиб тегди. Мираброр бир инграниб ерга йиқилди ва қайтиб турмади. Мираброрнинг ўрнидан туришини кутиб, узоқроққа бориб кузатиб турган барзанги нима воқеа содир бўлганини тушуниб етди-ю, чопганича ўрмон ичига қараб югуриб кетди ва қайта қорасини кўрсатмади. Бошқа шериклари уни кўтариб яқин орадаги тиббиёт масанига олиб келишганида, Мираброрнинг жони узилиб бўлган эди. 
- Ўғлим телефон қилаяпти, деб хурсанд бўлиб телефон чақирувига жавоб берган ота бошқа нотаниш кишининг: -Амаки, сиз мени танимайсиз. Мен ўғлингиз билан бирга ишлар эдим. Ўғлингизнинг телефонида сизнинг рақамингиз бор экан. Шунинг учун сизга телефон қиляпман. Мени кечиринг, лекин қайғули хабар билан телефон қиляпман. Ўғлингиз вафот этди, келиб олиб кетасизми ёки шу ерга дафн қилайликми? - деган сўровини эшитди. Эшитди-ю, бўғзига нимадир тиқилгандай бўлди. Қулоқларига ишонмади. -Нималар деяпсиз? Сиз кимсиз ўзи? - дея олди холос.

Ўғлини Тошкентда юрибди деб ўйлаб, бир оз хотиржам юрган бечора ота дастлаб нималар бўлаётганига тушунмади. Наҳотки эшитганлари рост бўлса? Ўғли қандай қилиб ўлади? Бировнинг гапини икки қилмайдиган, табиатан ўта босиқ бўлиб катта бўлган ўғлида кимнинг ҳам қасди бор? Абдиаҳад ака кетма-кет қуйилиб келаётган бу саволлар гирдобида қолиб кетаркан, бир фурсат нима қиларини билмай гарангсиб қолди. Молхонанинг олдидан тўғри кўча томонга чиқиб кетди. Ўғлига атаб қура бошлаган ва ҳали қурилиши тугамаган янги уйнинг олдига қандай келиб қолганини билмай ҳам қолди...
Тақдирдан қочиб қутилиб бўлмас экан. Қарангки, бечоранинг шўр пешонасида якка-ю ёлғиз ўғлидан барвақт айрилишдек мудҳиш жудолик ҳам бор экан.

Ўғлининг муз қотган ва қора қонга булғанган жонсиз танасини қучоқлаб,  дод солиб йиғлаётган шўрлик хотинини нима деб овутсин? Уни овутишга арзигулик бирор сўз бормикан бу дунёда?  

Қайғули кунларни бошидан ўтказаётиб, бу чидаб бўлмас айриқлиқни танасига сиғдира олмай, кўз ёшларини яқинларидан яширишга уринаётган Абдиаҳад аканинг кўз ўнгида раҳматли отасининг чеҳраси намоён бўлгандек бўлди. "Ўз уйинг, ўлан тўшагинг" - деб бот-бот такрорлардилар, раҳматли отаси. 

Ҳа, ростдан ҳам "Ўз уйинг, ўлан тўшагинг". Агар, ўғли Мираброржон шу ерда бўлганида, уни ҳеч нарсадан ками бўлмасди. Ўзига атаб қурилган ҳашаматли уйи, яқинда харид қилинган сўнгги русумдаги автомашина. Бир тартибли оила билан қуда бўлишни ҳам келишиб қўйган эди...

Минг афсуски, энди буларнинг бари саробга айланди. Бу қайғули кулфатнинг рўй беришига ота-онанинг фарзандига бўлган эътиборсизлиги, масъулиятсизлиги ва айтиш жоиз бўлса лоқайдлиги сабаб эмасми?

Ота-она ўз жигарбандининг келажаги учун, унинг бахти-камоли учун масъул эмасми? Ҳар бир ота-она вояга етган фарзандини тўғри йўлга бошлаши, уни ҳаётда ўз йўлини топиб олишида бош йўлбошчи бўлиши шарт эмасми? Фарзандларимизнинг ёд юртларда не-не машаққатлар билан топаётган уч-тўрт сўм пулини ўзимизда ҳам ўйнаб-кулиб топса бўладику. Айниқса, ҳозир юртимизда оилавий ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларга ҳукумат томонидан ҳар томонлама кўмак бериш, янги иш ўринлари яратиш борасида  қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Азизлар, кўзимизни каттароқ очайлик. Болаларимиз келажагига бефарқ бўлмайлик. Зеро, "Сўнгги пушаймон ўзинг­га душман", - деб бекорга айтилмаган!

Ғафур Қаршиев.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ