kathaq@mail.ru

ФУҚАРОЛАРНИ «ДАФТАР»ЛАРДАН ЧИҚАРИШДА САМИМИЙ БЎЛАЙЛИК

Маълумки, мамлакатимиздаги ҳар бир маҳалла, қишлоқ, шаҳарча ва овул фуқаролар йиғинида   аҳоли ва оилалар ҳисобини юритишни назарда тутувчи "Темир дафтар" тизими жорий этилиб, бугунги кунда мазкур тажриба асосида маҳаллаларда якка тартибдаги хонадонларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати мунтазам акс эттириб борилмоқда. Таъкидлаш жоизки, "Темир дафтар" кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, якка-ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган, доимий ишсиз, карантин туфайли ишсиз қолган ҳамда  оғир шароитда яшаб турган  фуқаролардан иборат аҳоли қатламини камбағалликдан чиқариш, бунинг учун улар билан манзилли ва мақсадли иш олиб бориш йўлида муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари, ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида "Ёшлар дафтари" ва "Аёллар дафтари" шакллантирилди. Бу рўйхатлар "Темир дафтар"дан алоҳида бўлиб, улар орқали маҳаллаларгача яратилган тизим  энди қўллаб-қувватлашга муҳтож аёллар ва ёшлар истиқомат қиладиган оилаларга кириб бориши бўйича янги иш тартиби белгиланди. Шу ўринда "Ёшлар дафтари" ҳамда "Аёллар дафтари" ҳақида эслатиб ўтсак. "Ёшлар дафтари" - фуқаролар йиғинлари, сектор ва Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлимлари ҳамкорлигида маълум бир ҳудуддаги 18 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган ишсиз ёшлар рўйхатидир. Мазкур рўйхатга ишсиз, ишга муҳтож ногирон ёшлар, шунингдек, хориждан, ҳарбий хизматдан қайтган ёшлар киритилади ҳамда уларга ўзларининг мавжуд муаммолари бўйича зарур ёрдамлар кўрсатилади. "Аёллар дафтари" 30 ёшдан ошган ишсиз ва боқувчисини йўқотган аёлларнинг фуқаролар йиғинлари ҳамда ҳудудлардаги тегишли секторлар томонидан шакллантириладиган рўйхатидир. Бу рўйхатга киритилган аёлларни иш ва уй-жой билан таъминлаш чоралари кўрилади. Уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш борасида   барча зарур ёрдам кўрсатилади. 
Туманимиз марказидан анча узоқда бўлган Алижон МФЙда айнан ана шу дафтарларга киритилган оилалар, фуқаролар билан ишлашнинг аҳволи, уларга кўрсатилаётган амалий ёрдам ҳақида маълумот сўраганимизда МФЙ раиси Абдузаир Бахриев уч варақдан иборат қўлда саводсизларча ёзилган маълумотномани бизга тақдим этди. Очиғи, бир сутка давомида зўрға етказиб берилган ушбу қоғозлардаги рақамлардан, мисоллардан қониқиш ҳосил қилмадик. Уларда дафтарга киритилган фуқароларнинг ҳақиқий аҳволи реал акс эттирилган, деб бўлмайди. Масалан, маълумотномадаги "2020 йилда "Темир дафтар"га киритилган 49 нафар фуқарога бир неча марта (?) озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилган" деган жумлалардан нимани тушуниш мумкин? Маълумотномада яна шундай сатрларни ўқиймиз (ўзгартиришсиз келтирилмоқда): "2020 йил август ойида фуқароларни (?) 16 ёшга тўлмаган болалари бор фуқароларга Рўзи Муҳаммад фермер хўжалигидан 20 сотихдан ер ажратиб берилди. 44 нафар фуқаро томорқасидан (?) кўкатлар, сабзавотлар (?) етиштирди, темир дафтардан чиқарилди." Ахир бу фуқаролар олдинлари ҳам томорқасида ниманидир етиштириб келган-ку. Улар қандай сабаб билан "Темир дафтар"га киритилди-ю, яна бир йил ўтар - ўтмас ундан чиқарилмоқда. Наҳотки, шу қадар қисқа муддатда рўйхатдаги фуқаролар жуда катта  даромад олиб, камбағалликдан қутулган бўлса?  
Худди шундай, "Аёллар дафтари"да турган 20 нафар хотин-қизга бир марталик моддий ёрдам берилгани учун улардан 14 нафари дафтардан чиқарилгани маълумотномада қайд этилган. Бу хотин-қизларнинг ҳаётидаги муаммолари, рўзғоридаги қийинчиликлари бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши билан ҳал этилганига ким ишонади? Ногирон фарзанди бўлган аёлга микротўлқинли печ совға қилиниб, 1 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилган экан. Печдан фойдаланишни билмаган, умуман пазандаликдан хабари йўқ аёл ундан қандай даромад олиши мумкин? Шу печнинг ўрнига 40 та товуқ ва етарлича озуқа-дон берилса аёл оз бўлса-да уйида тухум етиштириб даромад олиш имкониятига эга бўлмасмиди? Товуқларнинг 30 таси ҳар куни тухум туғадиган бўлса, бир ойда 900 та тухум олинади. Ҳар донаси минг сўмдан сотилганда жами 900 минг сўм даромад келади. Унинг 150  минг сўми озуқага сарфланган тақдирда ҳам  оилага 750   минг сўм даромад келади дегани эмасми?!  Яна бир ҳолатга эътиборингизни қаратсак: маҳалла раисининг Ободонлаштириш, томорқада тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ўринбосари Ш.Тўйчиев "Ёшлар дафтари"га киритилган. Минг афсуски, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги 250-сонли "Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорининг 3-иловасига мувофиқ ишсиз ёшлар - ҳақ тўланадиган ишга ёки иш ҳақи (меҳнат даромади) келтирадиган машғулотга эга бўлмаган, иш қидираётган ва иш таклиф этилса, унга киришишга тайёр бўлган ёшлар дафтарга киритилиши керак эди. Шунингдек, "Аёллар дафтари"га нафақадаги ўқитувчи Т.Бозорова киритилган. Маҳалла раиси томонидан Т.Бозоровага кўрсатилган ёрдамлар бўйича алоҳида папкада ҳужжатлар қилинган. Папка ичидаги ҳужжатларда Т.Бозорованинг миннатдорчилик хати ҳамда кўрсатилган ёрдамлар расм шаклида жойлаштирилган. Т.Бозорова билан суҳбатлашганимизда расмда кўрсатилган моддий ёрдам (бир халта ун) берилмаганлиги аниқланди. Маҳалла раиси адашиб бошқа расм жойлаштирилганлигини айтиб узр сўради.
Қисқа муддатли танишув чоғида биз ушбу МФЙ да "Дафтар"лар билан ишлаш юзаки олиб борилаётгани, моддий ёрдам асосан ҳокимлик томонидан кўрсатилгани, на раис, на фаоллар маҳалладаги сахий инсонлар, фермерлар, тадбиркорларни хайрли ишга жалб эта олганига амин бўлдик. Яъни бу ерда на ташаббускорлик, на фидойилик, на етарлича масъулиятни ҳис этишни кўрдик. Ариқ ёқалаб кетган тупроқ кўча ёғингарчилик пайти нафақат транспорт воситалари, балки пиёдаларнинг ҳаракати учун ҳам хавфли бўлиб, уни тартибга келтириш режада ҳам йўқлиги бизни ажаблантирди. Маҳалла маркази биносининг сомон сувоқ қилинган деворларига ёпиштирилган, осиб ташланган турли кўргазма воситалари, сурат ва шиорлар, плакатлар, маълумотномалар асабингизга тегади. Шўрлаб ётган ҳовлини эпақага келтириш масаласи ҳам йиллар давомида пайсалга солинмоқда.
Алижонда қачон бу масалада ўзгаришлар ясалиб, давр талаби асосида ишлашга ўтилади? Келгуси ташрифимиз чоғида бу саволларга қониқарли жавоб оламиз, деб умид қиламиз. 


Ўткир УСМОНОВ,
Муҳаммадали ЭРГАШЕВ.
Хато топдингизми?

Сичқонча ёрдамида хато қисмини танланг ва CTRL+ENTER тугмачаларини босинг.

Кўрсатилган ойнада муаммони тавсифланг ва маъмуриятга хабарнома юборинг.

Бошқа хабарлар

ТАШАББУС АМАЛГА ОШМОҚДА
Jamiyat / Tumanda bugun

ТАШАББУС АМАЛГА ОШМОҚДА ..

Туманимизда энг улуғ байрам – мустақиллигимизнинг 30 йиллигини барча жабҳаларда муносиб...

АЙРИМ ФУҚАРОЛАРГА НАФАҚА ТАЙИНЛАШ БЎЙИЧА ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ ЯИДХП ОРҚАЛИ КЎРСАТИЛАДИ
Iqtisodiyot / Jamiyat

АЙРИМ ФУҚАРОЛАРГА НАФАҚА ТАЙИНЛАШ БЎЙИЧА ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ ..

Ҳ укумат қ арори билан Ижтимоий ҳ имояга му ҳ тож айрим тоифадаги фу қ ароларга нафа қ а...

Изоҳ қолдириш

image

Календарь

«    Июль 2021    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 
image

Сайтимизнинг янги кўриниши сизга ёқдими?