kathaq@mail.ru

ОИЛАНИ МУҚАДДАС БИЛГАНЛАР

Дунёнинг аксарият ривожланган ва юксак маданиятли  давлатларида ҳар йили мунтазам равишда  Бутунжаҳон оила куни доирасида турли маданий-маърифий, соғломлаштириш тадбирлари ўтказилади. Унда ҳар жиҳатдан ибратли оилаларнинг ҳаётий тажрибалари, малакали мутахассисларнинг оилани мустаҳкамлаш, бахтли яшаш ва бошқа масалалардаги хулосалари  кенг оммалаштирилади. Оиладаги ажралишлар, жанжалларнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилади. Мамлакатимизда ҳам нодавлат-нотижорат ташкилотлари, ОАВ, соғлиқни сақлаш тизими ва таълим-тарбия муассасаларида, маҳаллаларда оилани мустаҳкамлаш,уни юксак даражадаги таълим-тарбия бешиги, соғлом муҳитга айлантириш борасида талай тадбирлар ўтказилмоқда.
Мухбиримиз туман ФХДЁ бўлими мудири Гуландом Ибрагимова билан оиланинг жамиятдаги ўрни, уни мустаҳкамлашда ота-оналарнинг роли, турмуш қураётган ёшлар билан олиб бориладиган тарғибот-ташвиқот ишлари, ажралишларнинг олдини олиш ва бошқа масалалар юзасидан суҳбатлашди:


МУХБИР: Кексаларнинг, айниқса, катта ҳаётий тажрибага эга кишиларнинг ҳикоя қилишларича улар турмуш қураётганда, никоҳ ўқитиш чоғида, умуман, балоғатга ета бошлаганлариданоқ ота-оналари, ёши улуғ оғайни-қариндошлари уларга  оилани муқаддас билиб, уни кўз қорачиғидай асраш, қадрлаш шарт экани,муҳит соғлом бўлиши учун курашиш, сабрли бўлиш лозимлигини уқдиришган экан.
Г.ИБРАГИМОВА: Тўғри айтасиз. Энг қизиғи, ҳали 12-13 ёшлигидаёқ ўсмирларга вояга етиш чоғидаги организмнинг ўзига хос жиҳатлари  бўлиши, оилада эрнинг ва хотиннинг бурч ҳамда вазифаси, масъулияти ва ҳоказолар ҳақида тушунча беришган. Арзимас сабаб билан ажралишлар, жанжаллар, фарзандларни етим қолдириш, қайнона-қайнота, қайноға, қайинука, қайинсингилларнинг ҳурматини ўрнига қўя билмаслик катта гуноҳ ҳисобланган. Шу сабабли ўша даврларда аксарият эр-хотинлар узоқ йиллар аҳил,тотув ва тинч яшашган. Фарзандларини ақлли, фаросатли инсонлар қилиб камолга етказишган. Ота-оналар, оғайни-қариндошлар ёш оилаларни суяган, қўллаб-қувватлаган. Биз ана шу бебаҳо қадриятларимизни асрашимиз, турмуш қураётган йигит-қизлар онгига, қалбига сингдиришимиз лозим .
МУХБИР: Ёш келин-куёвларнинг муносабатлари ёмонлашуви, ораси бузилиши,оиладаги муҳит ёмонлашиб, ажралишгача бориб етишида баъзан билиб-билмай ота-оналар сабабчи бўлиб қолишади. Буни телевидениеда тинимсиз намойиш этилаётган  деярли барча миллий сериаллар, "Оталар сўзи - ақлнинг кўзи" ва бошқа қатор кўрсатувларда ҳам кўриш мумкин. Бу ҳақда фикрингиз қандай?
Г.ИБРАГИМОВА:  Оилада тинчлик бўлиши, бахтли яшаш фақатгина турмуш қурган икки ёшга эмас, уларнинг атрофидагилар, биринчи навбатда ота-оналарига ҳам боғлиқ. Афсуски, ёшларимизга намуна бўлиш, уларни тўғри йўлга бошлаш, умид билан бунёд этилган оилани сақлашга ҳаракат қилиш ўрнига айрим ота-оналар турмуш қурганига кўп бўлмаган, оила ҳақида тушунчаси саёз, шошқалоқ фарзандларини ажратиш, янги келин олиш, куёв топиш ҳаракатида бўлишади. Ҳатто дунёга келган ёки келадиган невараларининг тақдирини ўйлаб ҳам кўришмайди. Шу боис, оилани мустаҳкамлаш, сақлаб қолиш, ажралишларни камайтириш учун ота-оналар, келин-куёвнинг қариндошлари, дўстлари ўртасида ҳам тушунтириш, тарғибот ишларини олиб боришимиз, уларнинг шу масалада масъулиятини оширишни ҳам ўйлашимиз  керак.
МУХБИР: Бундай тарғибот-ташвиқот ишларини самарали олиб боришда буюк ватандошларимиз - Имом Ал Бухорий, Абу Али ибн Сино, Амир Темур, Алишер Навоий, Аҳмад Яссавий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулла Қодирийдек шоир ва ёзувчилар, давлат ва дин арбоблари, файласуф-алломаларнинг бой адабий-маданий меросидан фойдаланиш қўл келади деб ўйлайман. Уларнинг ўз оиласига, фарзандларига, оиладаги тартиб-қоидаларга, умр йўлдошларига муносабатлари ўзи бир мактаб.
Г.ИБРАГИМОВА: Фикрингизга қўшиламан.Уларнинг китобларини ўқиб, фикрларини, таълимотларини англаб борган сари ҳаёт, оила,фарзанд, инсоний бурч ҳақида тасаввурингиз кенгайиб, тиниқлашади назаримда. Шу ўринда ажойиб инсон, аллома, диний ва дунёвий илмлар билимдони шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг фикрларини ёдга олайлик. Оилаларнинг мустаҳкам бўлишида ота-оналарнинг роли ҳақида у киши айтган сўзлар ҳозир ҳам долзарблигини сақлаб қолган. "Қадимда мусулмон халқларда, жумладан, бизнинг халқимизда, оиланинг катталари, хусусан, ота-оналар ёш оилаларнинг мустаҳкамлигига гаров бўлиб келганлар, - дея ёзган эди аллома ўз китобларидан бирида, - келин-куёвлар ёшлик қилиб, ўзаро келиша олмай қолсалар, жанжал қилсалар, уларни яраштиришни ўзларининг бурчлари деб билганлар.Ҳар бир ота-она, аввало, ўз фарзандига насиҳат қилган ва оилаларнинг мустаҳкамлигига ҳисса қўшган. Баъзи ҳолатларда қаттиқроқ гапириб, дўқ-пўписа ҳам қилганлар. Ўша пайтларда "Фалончининг қизи уйига аразлаб келган экан, "Сенинг уйинг ўша ер, бизникидан кетгансан, яна шундай қилсанг, сендан норози бўламан" деб, қайтариб олиб бориб қўйишибди" қабилидаги гаплар тез-тез қулоққа чалинар эди. Шунингдек, "Фалончининг ўғли келини билан уришиб қолган экан, "Агар келинни яна бир марта хафа қиладиган бўлсанг, ундай қиламан, бундай қиламан" деб, ўғли билан роса уришибди" каби гап-сўзлар ҳам тарқалиб турар эди. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, икки тарафнинг катталари нима қилиб бўлса ҳам, оила мустаҳкамлигининг қайғусини қилар эдилар".
МУХБИР: 2021 йилнинг Президентимиз ташаббуси билан"Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" деб эълон қилиниши  оилани мустаҳкамлаш, ажралишларни камайтириш,соғлом авлод дунёга келиши ва баркамол вояга етишини таъминлаш борасидаги масъулиятни янада  кучайтиради. Жумладан, ФХДЁ ходимларининг ҳам. Шундай эмасми?
Г.ИБРАГИМОВА: Сўзсиз шундай. Биз бу борада туман ҳокимлиги, халқ таълими бўлими, марказий шифохона, маданият ва спорт бўлими, бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширишимиз лозим бўлган режаларни, чора-тадбирларни белгилаб олганмиз. Яхши биламизки, оила бахти-жамият бахти, оила муаммоси жамият аъзоларининг, ҳокимликдан тортиб ҳар бир тумандошимизнинг муаммосидир. Шундай экан, оилаларнинг бахтли бўлиши, муаммолар камайиши учун биргаликда ҳаракат қилайлик. Бу борадаги умуминсоний илғор тажрибаларни, қадриятларимизни оммалаштириб, оиланинг муқаддаслигига ёшларни ишонтирайлик.
МУХБИР: Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!


Суҳбатдош 
Муҳаммадали ЭРГАШЕВ.
Хато топдингизми?

Сичқонча ёрдамида хато қисмини танланг ва CTRL+ENTER тугмачаларини босинг.

Кўрсатилган ойнада муаммони тавсифланг ва маъмуриятга хабарнома юборинг.

Бошқа хабарлар

БИЛДИРГИ
Jamiyat / Tumanda bugun

БИЛДИРГИ ..

Каттақўрғон тумани Пайшанба ГРСдан табиий газ оладиган Кадан маҳалласига келувчи газ...

КЕЧ УХЛАШ БОЛА ХОТИРАСИНИ СУСТЛАШТИРАДИ
Salomatlik

КЕЧ УХЛАШ БОЛА ХОТИРАСИНИ СУСТЛАШТИРАДИ ..

Лондонлик олимлар берган маълумотларига кўра, оналар фарзандларини кеч...

Изоҳ қолдириш

image

Календарь

«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930 
image

Сайтимизнинг янги кўриниши сизга ёқдими?