Дўхтирлик қилган мухбир

0 91


Қабулхонада тумонат одам. Соқоли кўксига тушган отахонлар, паранжисимон рўмол ўраган онахонлар ҳам навбат кутишяпти. Kутувчилар орасида замонавий кийинган бир-икки ёш-яланглар ҳам учрайди. Улар қатори биз ҳам раҳбар қабул қилишини кутаяпмиз.




Мақсад - тезроқ қабулга кирсагу раҳбар билан учрашсак, таҳририятдан топширилган вазифани бажариб, ортга қайтсак. Балки бошқа пайт келармиз, деган маънода ҳамкасб шеригимга боқдим. У эса бекорчиликдан "қарс-қурс" сақич чайнаб ўтирган котибадан ёрдам сўради.


Kотиба ичкарида мажлис бўлаётгани учун ҳеч кимни раҳбар олдига киритолмаслигини яна такрорлади. Шеригим бўш келмади.

- Синглим, биз Тошкентдан келган мухбирлармиз, раҳбарингизнинг шахсан хабари бор. 

Kелганимизни бир оғиз айтиб қўйинг.

Kотиба пинагини ҳам бузмади.

- Мажлис пайтида раҳбарни чалғитиш мумкин эмас. Хоҳласангиз, ўзингиз киринг, - дея вазиятдан устамонлик билан чиқди.


Kўпни кўрган шеригимга айнан шу жавоб керак эди. Эшитдингизми, дегандай қабулхонадагиларга бир-бир қараб олди. Ва барчасидан узр сўраган ҳолда эшикка қараб йўл олди. Табиийки, унга мен ҳам эргашдим.


- Дўхтирман, дедингизми, ўғлим? - дея шеригимга мурожаат қилди қабулхонадаги отахонлардан бири.


- Мухбирман, - дея жавоб қайтарди эшикни очиб деярли ичкарига кириб бўлган шеригим ортига қараб.


Отахоннинг қулоғи оғирроқ эканми, раҳбар қабулидан чиқишимиз ҳамон "Дўхтир ўғлим, сени менга Худонинг ўзи етказди. Энди бир арзимни тинглайсан", дея уни четроққа етаклади ва қулоғига оғзини қўйган ҳолда пичирлаб бир нималар деди.


Шеригим эса хотиржам ҳолда чўнтагидан ён дафтарини олиб, тез-тез нималарнидир ёзди-да, қоғозчани отахонга узатди.


Воқеанинг давоми эса бундан-да қизиқ бўлди. Орадан бир, икки ой ўтиб, йўлимиз яна шу туманга тушди. Қизиғи, бу гал ўша отахон катта кўчада йўлимизни тўсди.


- Болам, сени дарров танидим, - деди у шеригимга салом-аликдан сўнг. - Қара, қаричилик-да, ўшанда телефон рақамингни ҳам, манзилингни ҳам олмабман, ҳатто исмингни сўрамабман. Аммо зўр дўхтир экансан. Биргина дорингдан шифо топдим. Бугун эса туман шифохонасига дўхтир излаб кетаётгандим. Уйда момонг касал. Мен узоққа бориб овора бўлмай, кел болам, унга ҳам дори-дармон ёзиб берақол. Чолу кампир бир умр дуо қиламиз...


Kейин билсам, дастлабки кўришганимизда қулоғи оғир отахон "мухбир" сўзини "дўхтир" деб эшитиб, ҳамкасбимдан ёрдам сўраган. У эса отахонни ранжитмаслик учун қоғозга ўзи билган дорининг номини ёзиб берган экан. Отахоннинг омадини қарангки, ўша дори фойда берибди. Шу сабаб энди у кампири дардига ҳам даво сўраб турарди. Биринчи вазиятдан усталик билан чиққан шеригим бугун кўзга кўринмас қопқонга илинганини ҳис қилди ва отахонга доктор эмас, мухбир эканини ётиғи билан тушунтириб, онахонни шифохонага олиб бориши лозимлигини айтди.
Абдурасул САТТОРОВ.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ