Ижод завқи жўш урар, бунда...

0 402

Давлатимиз раҳбари ҳар гал ёш авлод камолоти ва тарбияси ҳақида гапирганида аввало улар қалбида адабиёт, санъат ва маданият каби дурдоналарни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлайдилар. Каттақўрғон туманида ана шундай эзгу ишлар йўлига хизмат қиладиган Маданият саройининг фойдаланишга топширилиши ҳақиқий байрамга айланиб кетди.
Йиллар мобайнида туманда маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш учун тузукроқ жой бўлмаганлиги боис ҳатто оммавий тадбирлар ҳам ҳаминқадар шароитларда ўтказилиб келинарди. Туман ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари ва фаолларнинг маслаҳатлашуви билан Маданият саройи бунёдкорлигига киришилган эди. Яқинда 220 томошабин ўрнига эга ушбу маданият ва маърифат масканининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
 Туман ҳокимлиги, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, корхона ва ташкилотлар вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, маданият ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этган тадбирни туман ҳокими Аъзамхон Бахрамов кириш сўзи билан очар экан, ушбу маданий-маърифий маскан туман аҳолиси, айниқса ёш авлоднинг маънавий камолоти йўлида муносиб хизмат қилишини таъкидлади.
  Маданият саройида келгусида бадиий кечалар,  санъат намоёндалари иштирокидаги концерт дастурлари, спектакллар, шеърхонлик кечалари, ижодкорлар билан учрашувлар ва китобхонлик беллашувлари каби бир қатор маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилмоқда. Шинам ва қулай шарт-шароитларга эга маданият масканини таъмирлашга 300 миллион сўм сарфланиб, замонавий ускуналар билан жиҳозланди. Маданият ва санъат  соҳаси ходимлари учун  автобус ажратилди.
Маданият ва маърифат масканининг тантанали очилиш маросими билан уланиб кетган концерт дастури ва мушоира кечаси барча иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Шоирлар Ҳасан Алматов, Дўстмуҳаммад Дўст, Азиза Боймуродова каби ижодкорларнинг гўзал диёримиз, она Ватанни мадҳ этувчи шеърларидан илҳомланган туман ҳокими Аъзамхон Бахрамов ҳам ҳазрат Алишер Навоий ғазалларидан ёд айтиб иштирокчилар олқишига сазаввор бўлди.
Кечада тумандаги 4-умумтаълим мактаби ўқувчилари томонидан тайёрланган шеърхонлик чиқишлари барчага манзур бўлди. 
- Мен ёшлигимдан шеъриятга қизиқаман, - дейди тумандаги Жавлон маҳалласида яшовчи Самарқанд юридик коллежи талабаси Гулбаданбегим Раҳмонова. - Бугун туманимизда очилган Маданият саройида биринчилардан бўлиб ўз ижодимдан намуналар ўқиш бахтига муяссар бўлдим. Менинг камтарона ижодим юксак баҳолаб, туман ҳокими томонидан компьютер билан тақдирландим. Ушбу маскан халқимиз учун катта туҳфа бўлди. Насиб этса бу даргоҳда катта-катта маданий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтади ва туман аҳлини маданий ҳордиқ чиқаришига муносиб хизмат қилади.  

Тадбир сўнгида Зулфия мукофоти туман босқичи ғолиблари ва бир гуруҳ ижодкор хотин-қизларга туман ҳокимлиги ва хотин-қизлар қўмитасининг Фахрий ёрлиқ ва эсталик совғалари топширилди.

Ш.Қаршиев.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ