
Шу мавзуда суҳбатлашганимда кўп йиллардан бери кутубхонада ишлайдиган танишим кўнглини "ёрди". "Китоб, газета-журнал ўқийдиган кишилар камайиб кетди. Баъзан соатлаб кутубхонага бирор киши қадам босмайди. Кўнглимиз чўкади. Гўё бу ерда ишламай маош оладигандай хижолат тортасан киши. Ўқувчи-талабаларни қўятурайлик, ҳатто мактаб ўқитувчилари ҳам, давлат идораларида ишлайдиган зиёлилар ҳам онда - сонда қадам ранжида қилмаса алам қилар экан одамга. Яхшиям ўзимиз режа асосида турли тадбирлар ўтказиб, китобхонликни кенг ёйиш, кишиларнинг мутолаага қизиқишини ошириш, уларни ғафлат уйқусидан, бошқача айтганда телефон, телевизор, компьютер "касали"дан чалғитишга ҳаракат қилиб, сал-пал одам тўплаяпмиз. Бу иллатни биргалашиб йўқотмасак, маънавиятимиз юксалмайди-ку!?" Унинг чин дилдан айтган гаплари мени ҳам ўйга толдирди.
Уйимда кичикроқ кутубхонамда ўзбек ва рус тилларида чоп этилган икки мингга яқин китоб бор. 15-20 йилча олдин кимлардир "Ўқишга бирорта қизиқ китоб топиб беринг ёки фалонча ёзувчининг фалон китоби борми?" дея сўраб турар ва мен бундан хурсанд бўлиб кетардим. Таниқли санъаткорлардан бири меҳмон бўлиб келганда китобларни кўздан кечириб, "қишлоқда яшасангиз ҳам бадавлат одам экансиз. Манови китобни мен Самарқандда ҳам тополмагандим" дея санъатга оид бир китобимни кўрсатганда ўзимда йўқ шодланиб кетгандим. Бу воқеа ширин хотира бўлиб қолди. Ҳозирги пайтда суҳбатдошларимиз жавондаги китобни эмас, пулни қандай кўпайтириш, мўмай даромад топиш йўллари, фалончи қандай қилиб учта машинали бўлгани, фермер нега бойиб бораяпти-ю унинг қўлида ишлайдиганлар камбағал деган мавзуларда баҳс юритишни яхши кўради. Яхшиямки, ёши саксондан ошган, атиги ўрта маълумоти бўлсада мунтазам китоб ўқийдиган бир отахон борлар. У киши ҳар ойда бир-иккита китоб олиб ўқийди ва мен билан ўқиган китоби ҳақида баҳс юритиб қолади. Юз эллик хонадон яшайдиган қишлоғимизда шу отахон бор эканидан ҳам хурсанд бўлиб кетаман.
"Китобларни ёқишдан ҳам оғирроқ жиноятлар бор. Шулардан бири-уларни ўқимаслик" деган эди буюк рус шоири Иосиф Бродский. Мактаблар, коллеж ва лицейлар, маданият ўчоқларидаги кутубхона жавонларида чиройли қилиб терилган китобларни қачон севиб мутолаа қилишни ўрганамиз? Қачон маошимиз ёки пенсиямиз ошишини эмас миллатимиздан А.Навоий, Машраб, А.Қодирий, А.Орипов, Э.Воҳидовларнинг издошлари улардай бадиий юксак китоб яратишини орзиқиб кутадиган бўламиз? Мен ҳали бирорта банк идораси раҳбари ёки бирорта сахийқалб инсоннинг "Сизга юзта китоб олишингиз учун фоизсиз кредит, ё бўлмаса қарз бериб тураман" деганини эшитганим ва кўрганим йўқ. Шу сабабли баъзан китоб дўконларида кўзни яшнатиб, қувонтириб турган бебаҳо китобларни кўрганимда уларни харид қилишга имкониятим бўлмагани учун кўнглим чўкади. Ҳар қалай автомашина, кошона иморат, кийимлару тақинчоқлар ва ҳоказоларни кўз -кўз қилгандан кўра уйимизда юзта-икки юзта китоб сақлаб, ўқиб туришни маъқул биламан.Балки адашаётгандирман, билмадим. Мен Маҳмуд Саъдий, Иззат Бекмуродов каби ўзим таниган кишиларга уйида сон-саноқсиз китоб-журнал бор эканига ҳавас қилганман. Бундан кейин ҳам шундай кишиларга қуллуқ қиламан. Лекин ушбу китоблар ўқилса, кимлардир баҳра олса унданда кўпроқ хурсанд бўламан.
Муҳаммад АЛИ.