АМАЛИЙ СЕМИНАР
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси раҳбари Улуғбек Тошкенбоев бошчилигида Самарқандга келган таълим йўналишидаги давлат идоралари раҳбарлари томонидан тумандаги 17-умумий ўрта таълим мактабида “Халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўришда таянч мактабларнинг ўрни ва аҳамияти” мавзусида амалий семинар ташкил қилинди.
Унда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси раҳбари Улуғбек Тошкенбоев, Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази директори Aбдували Исмаилов, вилоят ҳокими ўринбосари Хуршид Очилов, Aбдулла Aвлоний номидаги илмий-тадқиқот институти директори Aюбхон Раджиев, Каттақўрғон тумани ҳокими в.б Жамшид Насриддинов, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Қўлдош Саидов, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази директори Аълам Ибрагимов ҳамда вилоятдаги таянч мактабларнинг директорлари иштирок этди. Семинарда мактабларнинг халқаро тадқиқотларга тайёргарлик жараёнлари, муаммо ва камчиликлар, амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар муҳокама этилди.
Сўзга чиққан У.Тошкенбоев бугун халқаро тадқиқотларга доир мактабларда олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ниҳоятда суст эканлиги, айрим ҳолатларда таянч мактабларнинг педагоглари ушбу йўналишда зарур кўникмага эга эмаслигини таъкидлади. Бу борада олий таълим муассасалари, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази билан доимий ҳамкорликда ишларни ташкил этиш бўйича тавсияларини билдирди.
Таянч мактабларнинг директорлари фаолияти давомида дуч келаётган муаммолар, бошқа мактаблар билан ҳамкорлик, таълим сифати ва самарадорлигини оширишда янгича ташаббуслар доирасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, қизиқтирган саволларига масъуллардан жавоб олишди.
Амалий семинар жараёнларида олий таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларининг тажрибали профессор-ўқитувчиларининг маҳорат дарслари ташкил қилинди. Ўзаро баҳс-мунозарали, маҳорат алмашинувига бой тарзда ўтган дарс машғулаотлари педагогларга ҳар томонлама фойдали бўлди. Келгусида вилоят миқёсида худди шундай семинарларни узлуксиз ташкил қилиш, муаммоларга биргаликда ечим ахтариш бўйича вазифалар белгиланди.Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.