kathaq@mail.ru

БОБУР – ЛИРИК ШОИР

Шоир таваллудининг 538 йиллигига


Бизга маълум бўлганидек, Заҳриддин Муҳаммад Бобур ҳукмдор бўлиш билан бирга ҳассос шоир ҳам эди. У ҳаёт, севги ва шодлик куйчиси сифатида умрини ғам-алам, қайғу-ҳасрат билан эмас, балки бахт-саодат, шодлик ва қувноқлик билан ўтказишни истаб, шеърлар ёзган.
Бобурнинг ижодиёти кўпроқ унинг лирик шеър ва ғазаллари билан тавсифланади. Бу асарлар Бобур томонидан девон шаклига келтирилган бўлиб, унга юздан зиёд ғазаллари, икки юзга яқин рубоийлари, туюқлари, қитъалари, фардлари ва маснавийлари киритилган. Бобур шеъриятининг хусусиятларидан бири шундаки, уларда у ҳаёт ҳақиқатларини, табиат гўзалликларини, ишқ ва муҳаббат, ўз ғоя ва мақсадларини, шахсий кечинмаларини шарқ шеъриятига хос анъанавий бўёқларда ифодалаганлигидир. Масалан:

Ёз фасли, ёр васли, дўстларнинг суҳбати,
Шеър баҳси, ишқ дарди, боданинг кайфияти.
Ёз фаслида чоғир ичмакнинг ўзга ҳоли бор,
Кимга бу нашъа муяссар бўлса, бордур давлати.


Шеър мазмунидан шу нарса аён бўладики, шоир "ёз фасли" билан "бо-данинг кайфияти"ни, "ёр васли" билан "ишқ дарди"ни, "дўстларнинг суҳ-бати" билан ,,шеър баҳси“ни ифода этар экан, бемаъни ишратбозликни, маст-аласт-майхўрликни эмас, балки дилкаш, хушчақчақ ва бамаъни мажлисларни, дўстлар суҳбатини истайди.
Бобур лирикаси дунёвий руҳ билан суғорилган бўлиб, инсонни, инсон ишқи ва гўзаллигини улуғлайди. Бобур замонида, яъни ўрта аср шарқ муҳитида камситилган ва хўрланган хотин-қизлар сиймосини шоир ўз шеърларида энг нафис ва ёқимли бўёқларда чизади ва ўзининг энг самимий сўзларини бағишлаб, ҳаётнинг ишқ асосида қурилиши кераклигини, ёрсиз яшаш мумкин эмаслигини таъкидлайди. 

Менга осон дурур бўлса агар юз минг туман душман,
Вале бўлмоқ жаҳонда, эй кўнгул, беёр мушкулдур.


Бобурнинг ўзи шоҳ бўлатуриб, ёрни ,,моҳим“, ,,шоҳим“ деб атайди, ёр олдида шоҳлигини унутиб, чин, самимий инсон, садоқатли ошиқ қиёфасига киради. У бир рубоийсида ёрга шундай хитоб қилади:

    Сен гулсану мен ҳақир булбулдурмен,
    Сен шуъласану, ул шуълага мен қулдурмен.
    Нисбат йўқдур деб ижтиноб айламаким,
    Шоҳмен элга, вале сенга қулдурмен.
  

  Ошиқ шоир ёрни бутун қалби билан севади, унга самимий эҳтиром кўрсатади ва камтаринлик билан ўзини севги бобида забун ва маъшуқа олдида ожиз деб билади. Ошиқ ёридан лутфу карам, вафо ва садоқат кутади, бироқ ундан нозу ишва, жабру жафо кўради. 

    Меҳру вафони ағёр кўп кўрди сендин, эй ёр,
    Жабру жафони бисёр қилдинг манга ҳавола.
    Ҳажрингда, э парирў, кўзумдин учди уйқу,
    Ҳар кеча тонгга текру ишимдир нола.

 
  Мазкур рубоийларда ситамларга қарамай, ошиқ севгисидан, ёридан воз кечмайди, сабр-матонат ва вафо ҳамда садоқати билан мурод-мақсадига эришишга умид боғлайди. Ёрнинг илтифотсизлигини эса яшаган муҳитнинг ижтимоий тартиб-қоидалари билан оқламоқчи бўлиб, айни дамда ёр – шоҳ, ошиқ – қул, деб, маҳбубани бу қадар улуғлаши умумадабиётда Бобур шеъриятининг ҳукмрон табақа қарашларидан анча илгарилаб кетганини кўрамиз. Бобур ўз шеърларида шахс эрки ва бахти масаласини қўйиб, ёрга, ўзига, умуман барча одамларга дилдан мурожаат қилиб, ўз умрини қайғу-ҳасрат, ғам-алам билан эмас, балки оқилона ўтказишга, ҳаётни, унинг ҳар бир дақиқасини қадрлашга, ўзаро тотув бўлишга даъват этади. 
  Хассос шоир ўз шеърлари билан шарқнинг гуманист шоирлари изидан бориб, одамлар орасида меҳру вафо уруғини сочишга, ёмонликни, зулмни бутун вужуди билан кескин қоралаб,  ғазал ва рубоийларида шахснинг эркка интилишини, инсоннинг мураккаб ишқий кечинмаларини тасвирлашда юксак поэтик маҳорат кўрсатган. Унинг ,,Жамолинг васфини, эй ой, неча элдин эшитгаймен...“, "Сочининг савдоси тушти бошима бошдин яна...“, "Хазон япроғи янглиғ гул юзунг ҳажрида сарғардим...", "Ул аҳд ила паймон қани, эй ёр, не бўлди...", "Қора зулфунг фироқида паришон рўзғорим бор...",  "Гул жамолни ёпқон ул гулнинг ики райҳонидур...“ каби мисралар билан бошланган ғазаллари тили содда, услубда равон, лирик тасвир халқ иборалари билан жонлантирилиб берилган ўзбек шеъриятидаги ишқий лириканинг энг мукаммал ва гўзал намунасидир. 

Эшпўлат ШАРИПОВ,
филолог.

Хато топдингизми?

Сичқонча ёрдамида хато қисмини танланг ва CTRL+ENTER тугмачаларини босинг.

Кўрсатилган ойнада муаммони тавсифланг ва маъмуриятга хабарнома юборинг.

Бошқа хабарлар

ТУМАНИМИЗДА 8 МАРТ-ХАЛҚАРО ХОТИН-ҚИЗЛАР БАЙРАМИ КЕНГ НИШОНЛАНДИ
Tumanda bugun

ТУМАНИМИЗДА 8 МАРТ-ХАЛҚАРО ХОТИН-ҚИЗЛАР БАЙРАМИ КЕНГ ..

Аёл борки, олам мунаввар, аёл борки, ҳаёт гўзал ва мафтункор. Аёли бор оила қут-баракали,...

КАТТАҚЎРҒОНЛИК ФВБ ФИДОЙИЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ
Tumanda bugun

КАТТАҚЎРҒОНЛИК ФВБ ФИДОЙИЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ ..

Бугун Каттақўрғон тумани Фавқулодда вазиятлар бўлимида “4-март – Фавқулодда вазиятлар...

Изоҳ қолдириш

image

Календарь

«    Март 2021    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031 
image

Сайтимизнинг янги кўриниши сизга ёқдими?