
Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти томонидан соғлом овқатланиш тамойилларида кунига 400 гр. дан кам бўлмаган миқдорда, янги сабзавот ва меваларни истеъмол қилиш тавсия этилади. Масалан, битта ўртача олма, нок, иккита ўрик, битта олма, бир ҳовуч узум ва ҳ.к. ўртача 80 грамга тўғри келади. Ҳар овқатланишдан кейин ва овқатланишлар оралиғида истеъмол қилиш мумкин.
Бу нафақат организмнинг кундалик витамин ва минералларга бўлган эҳтиёжини қоплайди, балки турли касалликлар келиб чиқиши, жумладан юқумли бўлмаган касалликлар ва уларнинг хавф омилларини бартараф этишга имкон беради.
Ўзбекистон сабзавот ва мевалари мўл бўлган жаннатмакон юрт бўлиб, уларнинг турли-туманлигига ва овқатланишда албатта истеъмол қилинишига алоҳида эътибор бериш керак. Шу боис, мазкур қўлланмалардан фойдаланиш тавсия этилади.
Олма - модда алмашинувни яхшилайди, организмдан ортиқча холестеринни чиқариб юборишга кўмаклашади. Таркибида темирмоддаси кўплиги ҳисобига камқонликнинг олдини олишда фойда беради. Р ва Е дармондорилари тери ва тўқималар ҳолатини тиклайди.
Анжир - Замонавий табобатда анжир тромбозларда, камқонликда ва енгилгина сурги сифатида қўлланилади. Анжир таркибида фицин деган фермент, талайгина қанд моддалари ва калий бўлганлигидан, бу неъмат юрак қон-томир етишмовчилигига учраган касалларга жуда фойдалидир. Бундан ташқари сийдик ва тер ҳайдаш хусусиятига эга.
Олча - камқонликда, ич кетишида, тромбоз ва миокард инфарктини бошдан кечирган одамларга фойдалидир. Олча меваларида яллиғланишга қарши ҳамда ичаклардан заҳарли моддалар сўрилишини камайтирадиган пектин бор. Иштаҳа очувчи, сийдик ҳайдовчи, балғам кўчирувчи хусусиятга эга.
Гилос - табиий равишда калий элементига бой бўлиб, қон босимини назорат қилиш, баданнинг намлигини сақлаш, овқатни ҳазм қилиш ва юракдаги қон айланишини яхшилашда кўмак беради.
Артрит, ревматизм, подагра каби касалликларда бўғинлардаги оғриқни енгиллаштирувчи хусусиятга эга.
Ўрик - организмдаги модда алмашинувини яхшилайди. У юракни мустаҳкамлайди, ошқозон-ичак моторикасига ижобий таъсир этади. Таркибидаги магний ва фосфор артерияларда қон босимини бир маромда бўлишини таъминлайди. Ортиқча вазндан халос бўлишда фойда беради. Мия фаолиятини яхшилайди, иммунитетни оширади.
Анор - меваси қонни тозалайди ва меъда фаолиятини мустаҳкамлайди. Меваси ва унинг шарбати иштаҳа очувчи, дармон берувчи табиий восита сифатида тавсия этилади. Анор пўстлоғи қайнатмаси ич кетишини тўхтатиш хусусиятига эга.
Шафтоли - таркибидаги органик кислоталар ва эфир мойлари меъда секреция фаолияти ва ҳазмни яхшилайди, иштаҳани очади. Сафро ҳайдовчи ва ич сурувчи хусусиятга эга. Шафтолида минерал моддалар бисёр, шу сабаб у камқонлик ва гастритда фойда беради. Калий юрак қон-томир касалликларида ҳам тавсия этилади.
Узум - юракка қувват бўлиб, иммунитетни мустаҳкамлайди. Таркибидаги А ва Е витаминлари организмни ёшартиради. Узум иштаҳани яхшилайди. Узумнинг қора нави буйрак ва жигарни аъло даражада тозалайди. Ҳусайни нави эса, ўт пуфагида тош йиғилишини олдини олишга ёрдам беради. Пешоб ҳайдовчи восита сифатида яхши натижа беради.
Олхўри - темир моддасига бойдир. Олхўри айниқса, жиғилдон қайнаганда ҳамда ичак фаолиятидаги кераксиз моддаларни чиқаришда ёрдам беради. Шу билан бирга, атеросклероз, бод (ревматизм) касаллигида фойдалидир. Олхўрининг иштаҳа очувчи хусусияти эътиборга моликдир.
Бехи - меъда фаолиятини яхшилайди. Иштаҳасизликда, кўнгил айниш, қайт қилишни олдини олишда истеъмол қилиш фойдали. Таркибида темир моддаси кўплигидан темир моддаси етишмаслигидан келиб чиқадиган камқонлиликни олдини олади. Жигар ва ошқозон-ичак касалликларида, юрак-қон томир касалликларида истеъмол қилиш тавсия этилади. Пешоб ҳайдовчи восита сифатида яхши натижа беради.
Нок - таркибида кўп миқдорда қанд, фермент, микроэлементлар (мисол учун йод) ва В 1, Р, РР витаминлари мавжуд. Шу боис, нок яраларни тез фурсатда битишига ёрдам беради. Нок таркибидаги калий юрак фаолиятини яхши ишлашини таъминлайди. Нок йод моддасига бой бўлиб, қон томирлари фаолиятини яхшиланишига ёрдам беради. Нок меваси ичак фаолиятини яхшилаб, бактерияларга қарши курашиш хусусиятига ҳам эга ҳисобланади.
Хурмо - таркиби йод, натрий, калий, магний, кальций, темир ва витаминларга бой. Таркибидаги темир камқонликнинг олдини олиш ва қон сифатини яхшилашга ёрдам беради. Хурмо йодга бой бўлганлиги учун қалқансимон без касалликларининг олдини олишда, таркибидаги калий эса, сийдик йўлларида тош пайдо бўлишининг олдини олади. Кўриш қобилиятини яхшилайди.
Тут меваси - иммун тизимни кучайтириб, организмнинг юқумли касалликларга қарши ҳимоя тизимини мустаҳкамлайди, терига барвақт ажин тушишидан сақлайди, кўриш қобилиятини ошириб, кўз тўрпардаси касалликларининг олдини олади. Тут шираси қонни тозалаш, қонни кўпайтириш мақсадида ҳам кенг қўлланилади. Тут меваси болаларда учрайдиган рахит хасталигининг олдини олишда ажойиб малҳамдир.
Бодом ҚУЛМАТОВА,
туман Тиббиёт бирлашмаси
Соғлом турмуш тарзи бўлими врачи.
туман Тиббиёт бирлашмаси
Соғлом турмуш тарзи бўлими врачи.