Ислоҳотлар инсон манфаатлари йўлида...

0 61

Юртимизда жадал равишда олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган пировард мақсад битта – халқимизни ҳаётдан рози қилиш, бой қилишдан иборат. 

Бунга одамларни тадбиркорликка, ишбилармонликка ўргатиш, кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, тенг ва адолатли қонуний имкониятлар яратиш орқали эришиш мумкинлиги амалиётда ўз натижасини кўрсатиб келмоқда.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади” чунки давлатнинг асоси халқдир. Халқ бўлмаса давлат ҳам бўлмайди. 
Биргина, жорий йилнинг 8 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4742-сонли қарори қабул қилиниши ҳам бу борада аҳолини тадбиркорлик фаолиятига янада кенг жалб қилиш ва қонуний меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қўшимча шарт-шароитларни яратишдир.
Ушб қарор билан янги тартиблар жорий этилди. Жумладан, 1 июлдан ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхати кенгайтирилди. Мазкур фаолият (хизматлар, ишлар) турлари фақатгина 24 та эди. 
Энди уларнинг сони 67 тани ташкил этади. Бу эса, норасмий секторда банд бўлганлар сонини янада камайтиришга хизмат қилади. Энг эътиборли жиҳати шундаки, амалдаги тартиб бўйича фуқаро вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини 12 ойлик муддатга олиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 4,5 баравари миқдоридаги тўловни амалга ошириши керак эди. Бу фуқароларнинг оз бўлса-да эътирозларига сабаб бўлаётган эди. 
Ушбу маблағнинг фақат 60 фоизи Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига — ўзини ўзи банд қилган фуқаро томонидан ягона ижтимоий тўловни тўлашга йўналтирилганди. Президентимизнинг мазкур қарорига кўра, эндиликда бундай шахслар 2020 йил учун ижтимоий солиқни базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида тўлайди. Ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади ва ундан келиб чиққан ҳолда, якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади.
Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасида Ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига: 
эркаклар — 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда; 
аёллар — 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўладилар 
Пенсия тайинлаш учун  етарлича иш стажига эга бўлмаган шахсларга ёшга доир пенсиялар камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирда, бор стажга мутаносиб миқдорда тайинланади. 
Бундан шуни кўриш мумкинки,  фуқаро 7 йил ўзини ўзи банд қилса пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади. 
Интернет тармоғи орқали хизматлар кўрсатувчи (ишлар бажарувчи) ўзини ўзи банд қилган шахслар кўрсатилган хизматлар (бажарилган ишлар) учун чет элдаги жисмоний ва юридик шахслар — норезидентлардан хорижий валютадаги тўловларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига тегишли маълумотларни киритмаган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг банкларидаги ҳисоб рақамларига қабул қилиш; 
Ушбу имтиёз Интернет тармоғи орқали пул топувчиларни ишини осонлаштиради. 
контракт тузмасдан, келишув тўғрисидаги оммавий таклифни (оферта) қабул қилиш ёки электрон ёзишмалар алмашиш ёхуд ҳисоб-китоб фактураларни (инвойс), шу жумладан электрон шаклда тақдим қилиш йўли билан чет эллик жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш (ишлар бажариш); 
 ўзини ўзи банд қилган шахслар учун назарда тутилган фаолият турлари билан шуғулланувчи, иштирокчилари сони камида уч нафар бўлган оилавий корхоналар айланмадан солиқни белгиланган миқдордан 50 фоизга камайтирилган ставкада тўлайдилар. 
Шуни айтиш мумкинки, мазкур қарор аҳоли бандлигини таъминлашда, бу соҳада янги механизмларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади ва албатта аҳоли фаровонлигини ошишига хизмат қилади.


Баходир ҚАРШИЕВ,
вилоят ҳокимлиги Юридик хизмати
бош юрисконсульти




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ