Булунғурда санитаркаликка ишга олиш учун 600 доллар талаб қилинди

0 43

Жиноят ишлари бўйича Тойлоқ туман судида Булунғур туман тиббиёт бирлашмасига кичик тиббий ходимликка (санитарка) ишга кирмоқчи бўлган амалиётчидан 600 АҚШ доллари олмоқчи бўлган ходимнинг иши кўрилди.


kun.uz хабарига кўра, Лайло Ғуломова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) шифохонада ишлашни мақсад қилиб, Булунғур туман тиббиёт бирлашмасида амалиёт ўтай бошлади. Озми-кўпми шифохона ҳаётига кўниккач, фаолиятини давом эттирмоқчи бўлди. Аммо ишга кириш шунчаки хоҳиш билан амалга ошавермас экан. Шу сабаб қариндоши Дилафрўз Мажидовадан ишга жойлашишда ёрдам сўради.
Буни қарангки, Д.Мажидова учун ҳам жиянини санитаркаликка жойлаб қўйиш осон кечмади. Гарчи ҳозирги вақтда касалхоналарда ходим етишмаётган бўлса-да. Булунғур туман тиббиёт бирлашмаси кадрлар бўлими нозири вазифасида ишлаб келган Шавкат Алибоев «ўзидан юқоридагиларга узатишим керак», деб 600 АҚШ доллари талаб қилди.
Д.Мажидова ўзига нисбатан ноқонуний ҳаракатлар содир қилинаётганини англаб, ДХХ Самарқанд вилоят бошқармасига мурожаат қилди.
Шундан сўнг ДХХ ҳамда Бош прокуратураси ҳузуридаги ИЖҚК департаментнинг вилоят бошқармаси ходимлари иштирокида тадбир ўтказилди. Натижада шифохона кадрлар бўлими нозири Ш.Алибоев ўз «мижоз»ларидан 600 АҚШ долларни олган вақтда қўлга олинди.
Суд жараёнида Ш.Алибоев айбига тўлиқ иқрор бўлди. Аммо у айтганидек, санитаркаликка ишга жойлаб қўйиш эвазига талаб қилинган маблағни юқорига узатиш ҳақидаги асослари ўз исботини топмади. Судда Булунғур туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари бундай келишувдан мутлақо хабари йўқлигини маълум қилди.
Судланувчи Ш.Алибоев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси 1-қисми ва 28, 211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ