ҚУРБОН ҲАЙИТИ, унинг маънавий ҳаётимиздаги беқиёс ўрни ва аҳамияти

0 40

Диний ва миллий байрамларимиздан бири бўл­ган Қурбон ҳайити байрами тобора яқинлашиб келмоқда. Аллоҳ таоло юртимизни тинч-осойишта, халқимизни фаровон айлаб келаётган Қурбон ҳайити баракати билан эл-юртимизни, хонадонларимизни, дехқончилик ва касбу корларимизни файзу баракатларга тўлдириб, халқимизни меҳрли-оқибатли қилсин.

Ҳурматли каттақўрғонликлар! Қурбон ҳайити байрамини муносиб қаршилаш учун миллий, диний қадриятларимизга амал қилсак, карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда кўча-кўйларимизни, хонадон ташқариси ва ичкариларини покизалаб, ободонлаштириш ишларини бошлаб юборсак нур устига аъло нур бўлар эди.
Маълумки, замон ва маконнинг шарофати билан солиҳ амаллар ҳам бир-биридан тафовут қилувчи ўзгача шараф ва афзаллик касб этади. Аллоҳ таоло маълум кунларда Ўзига ибодат қилишни, Ўзини зикр этиб улуғлашни бошқа кунлардагидан кўра афзалроқ ва ажрини олийроқ қилиб қўйган. Бундай кунларда бажариладиган солиҳ амалга бошқа кунлардагидан кўра чандон-чандон орттириб ажр берилгусидир.  Ислом умматининг барча вакиллари бу кунларни рўза-ю ибодат, зикру тасбеҳлар, такбиру таҳлиллар ва хайру садақалар билан обод қилган ҳолда ўтказадилар. Бу кунларда умр фарзи бўлмиш ҳаж ибодатининг асосий маросимлари бўлиб ўтади.
     Ийд сўзининг келиб чиқиши арабча "қайтмоқ, қайтармоқ, фойда ёки зарарни олиб келмоқ" маъноларига далолат қилувчи (ъаада)феълига бориб тақалади. "Ал-баҳрур-роиқ шарҳу канзид-дақоиқ" китобининг муаллифи шундай дейдилар: "Ийд сўзи билан унинг ўзаги бўлган "қайтиб келиш" сўзи орасида муносабат борлиги сир эмас. У шунинг учун ҳам шундай номландики, у кунда Аллоҳ таолодан бандаларга лутфу-иноят, инъому-эҳсонлар қайтади; Ёки бундай номланишига сабаб, у кун такрор-такрор келади, қайта-қайта нишонланиб, байрам қилинади; Ёхуд у одамларга шодлик олиб келгани учун шундай номланган; Ё эса, худди карвонни яхши ният билан "қофила" яъни "қайтиб келувчи" деб номлаганлари сингари, бу кунга ҳам қайта етишиш насиб бўлишига умид боғлаб, некбинлик юзасидан "ийд" номи берилган".
Озод, соғлом, оқил ва болиғ бўлган эркак мусулмон кишига ийд намозига ҳозир бўлиш вожибдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ийд намозини мунтазам равишда қоим қилганлар, ҳеч қачон тарк қилмаганлар.
Ҳукуматимиз халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда, "Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурди.
- Яқин кунларда Қурбон Ҳайити кириб келади. Бу ойда эҳтиёжманд ва муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш ҳам қарз, ҳам фарздир. Шунинг учун ушбу муқаддас ойда ҳар бир тадбиркор ўзи фаолият юритаётган ҳудудда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини, авваломаҳалладошлари, қўни-қўшниларини фаол қўллаб-қувватлаши мақсадга мувофиқдир. Бу сайъи-ҳаракатларнинг  бош мақсади инсонни улуғлашдир. Бугунги карантин кунларида ҳам уйда фарзандларимизга эътиборсиз бўлмасдан, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишимиз, миллий қадриятларимизга хос таълим-тарбия беришимиз керак деб ўйлайман. Ёшларимизнинг таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратишимиз, уларни юксак одоб-ахлоқли, тарбияли, замонавий илм-фан ютуқларидан хабардор, дунёқараши кенг инсонлар этиб вояга етказишимиз зарур. Чунки фарзандларимиз - бизнинг эртанги кунимиз. Қайсики халқ мана шу вазифани муваффақиятли адо этса, келажаги фаровон, турмуши саодатли бўлади.
Яна бир бора барчаларимизга Қурбон Ҳайитимуборакбўлсин! Шундай фазилатли айёмда дуога қўл очиб, она Ватанимиз ва бутун дунёни тинчлик ва осудалик,халқимизни фаровон айлаб, кейинги йил Қурбон ҳайити кунларига соғу-саломатлик билан етиб боришни барчамизга насиб этишини сўраймиз! Аллоҳ таоло юртимизни бундан ҳам обод қилиб, халқимизнинг моддий ва маънавий бойлигини бунданда зиёда бўлиб боришини муяссар айласин!


Ўткир УСМОНОВ,
Республика Маънавият 
ва маърифат маркази
Каттақўрғон тумани бўлинмаси раҳбари. 




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ